422-модда. Эҳтиёт чораси масаласини ҳал этиш
Суд муҳокамаси вақтида суд судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини қўллашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга ҳақлидир.
1.Шарҳланаётган моддада суд зарурат туғилганда судланувчига эҳтиёт чораси қўллашга, дастлабки тергов вақтида қўлланилган эҳтиёт чорасини ўз кучида қолдиришга ёки ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ваколатли эканлиги назарда тутилган. Хусусан, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичининг ўзидаёқ суд томонидан аниқланиши лозим бўлган муҳим масалаларданбири – айбланувчига нисбатан дастлабки тергов даврида эҳтиёт чорасининг тўғри танланганлиги масаласидир. Суд муҳокамаси даврида жиноят ишини кўришни тўхтатиш учун асослар мавжуд бўлганда, хусусан судланувчининг оғир касал бўлганлиги туфайли ишни кўриш тўхтатилганда, суд унга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласини ҳал қилади. Шунингдек, суд янги айблов муносабати билан ҳам судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиришга ёки бошқа эҳтиёт чорасини қўллашга ҳақлидир. Шунинг билан бирга суд муҳокамаси даврида янги шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда ҳам суд унга эҳтиёт чорасини қўллаши мумкин.
423-модда. Суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби
Суд муҳокамаси вақтида ҳал қилинадиган барча масалалар юзасидан суд ажрим чиқаради.
Жиноят ишини қўшимча тергов ўтказиш учун прокурорга юбориш, янги айблов бўйича ёхуд янги шахсга нисбатан иш қўзғатиш, ишни тугатиш ёки тўхтатиш, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор килиш, рад этиш тўғрисида ажримлар, шунингдек, хусусий ажримлар суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади. Бу ажримлар алоҳида ҳужжатлар тарзида расмийлаштирилади ва суд томонидан имзоланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |