463-модда. Айблов ҳукми чиқариш асослари
Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама - қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.
Суд қуйидаги ҳолларда жазодан озод қилиб, айблов ҳукмини чиқаради, башарти:
1) мазкур ҳукм билан судланувчига тайинланган жазони қўллашдан озод қилувчи амнистия акти эълон қилинган бўлса;
2) шахснинг ҳукм чиққунга қадар қамоқда бўлган вақти Жиноят кодексининг 62-моддасида назарда тутилган дастлабки қамоқни ҳисобга олиш қоидаларини назарда тутиб суд томонидан тайинланган жазо чорасига тенг ёки бу чорадан ортиқ бўлса.
Суд қуйидаги ҳолларда жазо тайинламасдан айблов ҳукмини чиқаради, башарти:
1) маҳкум содир этган жиноят учун жазо тайинлашни истисно этадиган амнистия акти эълон қилинган бўлса:
2) мазкур жиноят учун айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш муддати ўтиб кетган бўлса;
3) ҳукм чиқариладиган вақтга келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотса ёки уни содир этган шахс ижтимоий хавфли бўлмай қолса;
4) маҳкумнинг тузалишига жамоат бирлашмалари ва жамоалар томонидан қўлланиладиган жамоат таъсир чоралари ёки маъмурий жазо чоралари кўриш йўли билан эришиш мумкин бўлса;
5) ҳукм чиқариш вақтигача судланувчи вафот этган бўлса.
1. Ушбу модда мазмунига кўра, айблов ҳукми ЖПКнинг 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотларга, шунингдек, ушбу Кодекснинг 26 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши керак(ЎзР Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида» ги 2-сон қарори, 3-банди).
2. Суд ҳукмда номақбул далилларга асосланиши мумкин эмас, чунки номақбул далиллар юридик кучга эга эмас (ЎзР Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 12-сонли қарорига қаранг).
3. Судланувчининг терговда ёки судда айбини бўйнига олиши иш бўйича тўпланган ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан холисона тасдиқлангандагина айблов ҳукми чиқаришга асос бўла олади.
4. Судланувчининг айбдорлиги ёки айбсизлиги тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган барча далиллар ҳукмда нима учун ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган ҳолда кўрсатилиши лозим (ЎзР Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 майдаги « Суд ҳукми тўғрисида» ги 2-сон қарори, 5-банди).
5. Жазодан озод қилиб, айблов ҳукмини чиқариш асослари мазкур модданинг иккинчи қисмида қайд этилган. Содир этилган жиноят учун жазони қўллашдан озод қилувчи амнистия акти эълон қилинган бўлса, бу жиноят иши бўйича иш юритувни давом эттиришни истисно этади. Бундайҳолат суд муҳокамаси жараёнида аниқланса, суд жиноят иши муҳокамасини охиригача давом эттиради ва маҳкумни жазодан озод қилиб айблов ҳукми чиқаради.
6. Жазо тайинламасдан айблов ҳукмини чиқариш асослари мазкур модданинг учинчи қисмида қайд этилган.
.
Do'stlaringiz bilan baham: |