39-модда. Суриштирув органи бошлиғининг ва суриштирувчининг ваколатлари
Ушбу Кодекснинг 38-моддасида санаб ўтилган ҳар бир органнинг раҳбарлари суриштирув органининг бошлиғи сифатида жиноят ишини қўзғатишга, бу ишни ўзининг иш юритишига қабул қилиш ва суриштирувни бошлашга ёки ўзига бўйсунувчи бошқа ходимга суриштирув юритишни топширишга ёхуд иш қўзғатишни рад этишга ёки аризани, хабарни терговга тегишлилигига кўра ўтказишга ҳақлидир.
Суриштирув органи бошлиғининг топшириғига биноан ва унинг раҳбарлигида ишлаётган суриштирувчи иш бўйича ушбу Кодекснинг 339-моддасида назарда тутилган вазифаларни бажариш учун зарур, кечиктириб бўлмайдиган барча тергов ҳаракатларини амалга ошириши шарт.
Суриштирувчи зиммасига, шунингдек, терговчи юритаётган иш бўйича унинг айрим тергов ва қидирув ҳаракатларини ўтказиш тўғрисидаги топшириқларини бажариш ҳамда терговчига унинг тергов ҳаракатларини бажаришида кўмаклашиш мажбурияти юклатилади.
Суриштирувни амалга ошираётганда, худди шунингдек, терговчининг топшириғини бажараётганда суриштирувчи дастлабки тергов ўтказиш учун белгиланган қоидаларга амал қилиб, тергов ҳаракатлари олиб боради ва қарорлар чиқаради. Суриштирув органининг бошлиғи ҳам, башарти у суриштирувчининг вазифаларини бажараётган бўлса, худди шу қоидаларга амал қилади.
Суриштирувчининг қарори суриштирув органининг бошлиғи томонидан тасдиқланиши лозим. Суриштирув органи бошлиғининг ёзма кўрсатмаси суриштирувчи учун мажбурийдир. Суриштирувчи кўрсатмага норози бўлса, кўрсатмани бажаришни тўхтатмай туриб, бу кўрсатма устидан прокурорга шикоят қилишга ҳақлидир.
Прокурорнинг ёзма кўрсатмаси суриштирув органининг бошлиғи ва суриштирувчи учун мажбурийдир. Суриштирув органининг бошлиғи ва суриштирувчи прокурор кўрсатмасига рози бўлмаган тақдирда, кўрсатмани бажаришни тўхтатмай туриб, унинг устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилишга ҳақлидир.
Суриштирув органининг бошлиғи – суриштирув юритиш ва ЖПКда назарда тутилган бошқа процессуал ҳаракатларни бажариш юзасидан кўрсатма бериш ваколатига эга.
Суриштирув органлари бошлиқларига, суриштирувчиларига процессуал қонун билан кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари, қидирув ва тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш мажбурияти юклатилган.
Шарҳланаётган модда суриштирув органи бошлиғи ва суриштирувчининг процессуал ваколатларини белгилаб беради.
Суриштирув органи бошлиғининг, суриштирувчи юритувидаги жиноят иши юзасидан қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
Прокурорнинг шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги, жиноятни тавсифлаш; айблов ҳажми; ишни судга юбориш ёки ишни тугатиш, қўшимча терговга қайтариш ҳақидаги кўрсатмаларига рози бўлмаса, суриштирувчи ўз эътирозларини ёзма равишда баён қилиб, юқори турувчи прокурорга билдириши мумкин, лекин кўрсатманинг ижроси тўхтатилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |