Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, башарти ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.
1. Шарҳланаётган модда биринчи инстанция судининг ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши муддатини ҳамда бу бу хусусий шикоят ёки протестларни беришга ҳақли бўлган шахслар доирасини белгилайди (Бу ҳақда ЖПКнинг 4971 ва 4972-моддаларига берилган шарҳларга қаралсин).
2. Ушбу моддани иккинчи қисми ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда ишни апелляция инстанциясига юбориш тартибини белгилайди. Бу тартиб апелляция шикоятлари ёки протестларини иш билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориш тартиби билан бир хилдир.
3. Ушбу моддани учинчи қисмига кўра, суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, уни ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек, суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкин эмас. Аммо уларга қарши эътирозлар апелляция шикояти ёки протестига киритилиши мумкин (ЖПКнинг 4971-моддасига берилган шарҳларга қаралсин).
49710- модда. Апелляция инстанцияси суди мажлисини тайинлаш
Биринчи инстанция судининг раиси апелляция шикояти ёки протести тушган ишни юқори турувчи судда кўриб чиқиладиган кун ва жойни белгилайди, ушбу Кодекснинг 4972-моддасида кўрсатилган шахслар бундан хабардор қилинади.
Гувоҳлар, экспертлар ва мутахассислар суд мажлисига суднинг ихтиёрига биноан таклиф қилинадилар.
1. Шарҳланаётган модданингбиринчи қисмида баён этилган норма ЖПКнинг 4972-моддасида кўрсатилган шахслар – маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий давогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ҳамда прокурорнинг жиноят ишини апелляция инстанция судида кўриладиган вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида хабардор қилинишини таъминлайди. Санаб ўтилган шахслар апелляция инстанцияси судининг мажлисида қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг апелляция инстанцияси судининг мажлиси бўладиган кун ҳақида илгаридан хабардор қилиниши кўрсатилган шахсларга суд мажлисига лозим даражада тайёргарлик кўриш имконини беради.
2. ЖПК 490-моддасининг учинчи қисмига кўра, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш ва процессуал қоида бузарликларни бартараф этиш мақсадида тўлиқ ёки қисман суд терговини ўтказишга ҳақли. Шу қоидадан келиб чиққан ҳолда апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан сўроқ қилинган ёки сўроқ қилинмаган гувоҳларни, экспертларни ва мутахассисларни ўз ташаббуси билан ёки тарафларнинг илтимосига кўра суд мажлисига чақириши ва сўроқ қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |