94-модда. Далилларни текшириш
Иш бўйича қабул қилинадиган қарор синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилган далилларгагина асосланган бўлиши лозим. Текширув қўшимча далилларни тўплашдан иборат бўлиб, улар текширилаётган далилларни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин.
1. Суриштирувчи, терговчи ва суднинг ҳар бир қабул қиладиган қарориқонуний, асослантирилган ва адолатли бўлиши керак. Бунга фақат исботлаш орқали эришиш мумкин. Исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар тўла, ҳар томонлама, холисона синчковлик билан текширилган далилларга асосланиши керак:
а) тўла текшириш деганда жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни исботлаш учун етарли далилларни тўплаш тушунилади;
б) ҳар томонлама текшириш айбланувчининг айбини ҳам оғирлаштирадиган, ҳам енгиллаштирадиган далилларни тўплашни назарда тутади;
в) холисона текшириш суриштирувчи, терговчи ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаслиги, ҳалоллиги ва поклигини назарда тутади.
г) синчковлик деганда, аввало масъуллик, эътиборлилик, ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий онгни тушуниш керак.
Суриштирувчи, терговчи ва суд тўпланган далилларни ва ички ишонч ҳосил қилиш учун қўшимча далилларни топишга ҳаракат қилиши керак. Бу далиллар текширилаётган далилларни тасдиқласа ёки рад этса ҳам муҳим ҳисобланади.
95-модда. Далилларга баҳо бериш
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда қонунга ва ҳуқуқий онгга амал қилиб ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар. Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Далиллар жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |