104-модда. Сўроқ қилинувчининг илгариги сўроқларда берган
кўрсатувларини ўқиб эшиттириш
Сўроқ қилинувчининг илгариги сўроқда берган кўрсатувлари фақат унинг ҳозирги сўроқда берган кўрсатувлари тингланиб, қайд қилиниб, у имзо чекканидан кейин ва қуйидаги ҳолларда ўқиб эшиттирилиши мумкин:
1) ҳозирги ва илгариги сўроқларда берилган кўрсатувлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлганда;
2) сўроқ қилинувчи судда кўрсатув беришдан бош тортганда;
3) иш сўроқ қилинувчининг иштирокисиз кўриб чиқилаётганда.
1. Сўроқ қилинувчининг илгариги сўроқларда берган кўрсатувларини ўқиб эшиттиришдан мақсади шахсни атайлаб нотўғри кўрсатувлар беришига чек қўйиш ёки хотирасидан кўтарилган фактларни унга эслатиш ёхуд кўрсатув беришдан бош тортганда, сўроқ қилинувчининг иштирокисиз ўтказилаётган тергов ҳаракати ёки суд муҳокамасида (агар бу шахс касал ёки вафот этган ҳолларда, ёки тергов ва суддан бош тортган вазиятларда) унинг кўрсатмаларидан фойдаланиш мақсадида ўтказилади.
2. Сўроқ қилинувчи шахсга илгариги берган кўрсатувларини ўқиб эшиттиришга ишни олиб борувчи, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судья ҳақли. Айнан суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судья рухсатига асосан бу кўрсатувлар ўқиб эшиттирилиши мумкин.
3. Сўроқ қилинувчи шахс ҳозирги сўроқда берган кўрсатувларини ўқиб чиқиб, уларга якунловчи имзо қўйгандан сўнг аввалги кўрсатувлари унга ўқиб эшиттирилиши мумкин. Акс ҳолда сўроқ қилинувчи ҳозирги сўроқда ҳам илгариги ахборотларни билдириш билан кифояланади. Бу қоидани бўзиш иш бўйича муҳим бўлган далилларнинг йуқолишига имкон беради.
105-модда. Сўроқ қилинувчига нарсалар ва ҳужжатларни кўрсатиш .
Сўроқ жараёнида суриштирувчи, терговчи ва суд, шунингдек, суд муҳокамасида тарафлар ишга қўшиб қўйилган ёки тарафлар ихтиёрида бўлган нарсалар ва ҳужжатларни сўроқ қилинувчига кўрсатишлари, шунингдек, бу ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари мумкин.
Сўроқ баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида қайси нарса ёки ҳужжат кўрсатилганлиги, ҳужжат матнининг қайси қисми ва унинг ким томонидан ўқиб эшиттирилганлиги, нарса ёки ҳужжатни кўрсатиш вақтида қандай саволлар берилганлиги ва бунга жавобан сўроқ қилинувчи қандай кўрсатувлар берганлиги аниқ акс эттирилиши керак.
Сўроқ жараёнида нарсалар ва ҳужжатларни сўроқ қилинувчига кўрсатиш кўрсатувнинг мазмунини бойитиш ва аниқлаштириш, шунингдек, суд муҳокамасида ашёвий далиллар ёрдамида исботлаш мақсадида амалга оширилади. Мазкур модданинг мазмунига кўра, сўроқ қилинувчига нарса ва ҳужжатларни суриштирувчи, терговчи, суд ҳамда суд муҳокамасида тарафлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳаракатни таниб олиш учун кўрсатиш билан адаштирмаслик керак, чунки улар бир биридан тубан фарқ қилади ва улардан кўзланган мақсад ҳар хил.
Сўроқ қилувчи ҳужжатларни сўроқ қилинувчига қисман ёки тўлиқ равишда кўрсатиш ёки унинг мазмунини қисман ёки тўлиқ ўқиб эшиттиришга ҳақли. Бундан ташқари суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳужжат ёки ашёни кўрсатиш чоғида сўроқ қилинувчи томонидан уни йўқ қилишга уриниш хавфини олдини олиш мақсадида унга ҳужжатнинг асл нусхасини эмас, балки кўчирма нусхаси ёки ашёнинг фототасвирини кўрсатиши лозим. Бу ҳақда баённомага тегишли ёзув қайд этилади.
Сўроқ баённомасида ва суд мажлиси баённомасида қандай ашё ёки ҳужжат такдим этилганлиги, бу объектларнинг тўлиқ ёки қисман кўрсатилганлиги, у ким томонидан ўқиб эшиттирилганлиги тўла қайд этилиши лозим. Шу билан бирга кўрсатилган ҳужжат ёки ашё бўйича сўроқ қилинувчига қандай саволлар берилганлиги, ундан қандай жавоб олинганлиги баённомада тўлиқ баён этиши лозим, акс ҳолда ашё ёки ҳужжатни кўрсатиш тўлиқ қайд этилмаган ва сўроқ қилинаётган шахснинг процессуал ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари чекланган деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |