99-модда. Сўроқ қилинувчининг қайси тилда кўрсатув бера
олишини аниқлаш
Сўроқ қилинувчи иш юритилаётган тилни биладими, у қайси тилда кўрсатув бера олиши мумкин, деган саволлар туғилиб қолса, бу масала аниқланиши лозим. Ушбу Кодекснинг 71-моддасида назарда тутилган ҳолларда таржимон чақирилади ва у келгунча сўроқ қилиш тўхтатиб турилади.
1. ЖПКнинг 20-моддасига мувофиқ, жиноят ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади (20-моддага берилган шарҳни қаранг).
2. Шарҳланаётган модданинг талаби сўроқ қилинувчи шахсни иш юритилаётган тилни билиши ва унда кўрсатувлар бериш имкониятига эгалигини аниқлаш вазифасини қўяди. Бу вазифанинг ечилганлиги бевосита сўроқ қилиш баённомасида акс этиши лозим. Сўроқ қилинувчи иш юритилаётган тилни билиши ва унда кўрсатувлар бериш қобилиятига эга экани тўғрисидаги ёзувга имзо қўяди. Агар бу талаб бажарилмай қолса, сўроқ қилинувчининг иш юритилаётган тилда берган кўрсатувлари шубҳа остига олиниши ва бундай кўрсатувлар ўз ҳуқуқий кучини йўқотиши мумкин.
3. Агар сўроқ қилинувчи иш юритилаётган тилни билмаса, унга ёрдам кўрсатиш учун таржимон чақирилиши шарт. Таржимон келганидан сўнг тўхтатилган сўроқни давом эттириш мумкин бўлади. Иш юритувини олиб борадиган мансабдор шахснинг ўзи таржимонлиқ қилишига йўл қўйилмайди.
4. Таржимонга ЖПКнинг 72-моддасида қайд этилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши ва бу ҳақда у сўроқ баённомасига имзо қўйиши лозим.
5. Ушбу модда талаблари соқов ва карларга ҳам тааллуқли бўлиб, уларга сурдотаржимон таъминланиши шарт.
6. Сўроқ қилиш давомида сўроқ қилинувчига тақдим қилинадиган барча ҳужжатлар у билган тилда таржима қилиниши лозим.
100-модда. Ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушунтириш
Сўроқ қилинувчининг шахси аниқлангандан кейин унга ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилганлиги сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
1. Ушбу модда талабларига кўра, сўроқ қилинувчининг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари нимадан таркиб топганлигини сўроқ қилувчи томонидан тушунтирилиши талаб қилинади ва бу ҳақда баённомада акс эттирилиб, сўроқ қилинувчи томонидан имзо қўйилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |