162-модда. Шахсий тинтув ва олиб қўйиш
Ушбу Кодекснинг 157 ва 158-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда суриштирувчи ёки терговчи шахснинг кийимлари, унинг ёнидаги буюмлари ичидан ёки баданидан топилган, иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиши мумкин.
Шахсий тинтув ва олиб қўйиш ушбу Кодекснинг 157-161-моддаларида кўрсатилган қоидалар асосида ўтказилади. Аммо шахсий тинтув ва олиб қўйиш қуйидаги ҳолларда алоҳида қарор ёки ажрим чиқарилмасдан ўтказилиши мумкин:
1) жамоат тартибини сақлашга доир бурчини бажараётган милиция ходими томонидан гумон қилинувчини ушлаш чоғида ушланувчининг ёнида қурол борлигига ёхуд жиноят содир этганлигини фош қиладиган далиллардан қутулмоқчи эканлигига етарли асослар бўлганда (ушбу Кодекснинг 224-моддаси);
2) гумон қилинувчи милицияга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниб, уни ушлаш ҳақида ушбу Кодекснинг 225-моддасига асосан баённома тузилганда;
3) айбланувчига нисбатан қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилаётганида, башарти унинг ёнида қурол, шунингдек, сақланиши ман этилган буюмлар ёхуд иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатлар бўлиши мумкин деб ўйлашга етарли асослар бўлганида;
4) олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилаётган бинода ёки бошқа жойда турган шахс олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорга ёки ажримга кўра олиниши зарур бўлган нарса ёки ҳужжатларни ўз ёнида яширинча сақламоқда деб ўйлаш учун етарли асослар бўлганида.
Шахсий тинтув ҳамда нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиш тинтилаётган шахс билан бир жинсдаги суриштирувчи ёки терговчи томонидан мутахассис ҳамда холислар иштирокида ўтказилиши мумкин.
1. Умумий қоидага кўра, шахсий тинтув фақат қўзғатилган жиноят ишларибўйича амалга оширилиши мумкин. Лекин, жиноят содир этган шахсларни ва гумон қилинувчини ушланаётган вақтда ҳам шахсий тинтув ўтказилиши мумкин. Бундай тинтув ўтказиш учун прокурордан санкция олиш шарт эмас.
Шахсий тинтув бир жинсдаги шахслар томонидан, бир жинсдаги холислар иштирокида амалга оширилади. Шахсий тинтув ўтказиш учун зарур бўлса, тегишли мутахассислар ҳам таклиф этилиши мумкин.
Шахсий тинтув ўтказилаётган шахсда топилган қонунга ҳилоф равишда сақланаётган ҳар қандай нарса ва буюмлар, ҳужжатлар ва ҳоказолар олиб қўйилиши шарт.
Шахсий тинтув ўтказиш чоғида, тинтув ўтказилаётган шахснинг қадр-қиммати, шаъни, ор-номуси таҳқирланмаслиги лозим.
Мавжуд бўлган тақдирда суриштирувчи ёки терговчи шахснинг кийимлари, унинг ёнидаги буюмлари ичидан ёки баданидан топилган, иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатларни алоҳида қарор чиқармасдан, албатта баённомада қайд этган ҳолда,олиб қўйиши мумкин.
2. Шахсий тинтув ва олиб қўйиш :
жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаш чоғида гумонланувчининг ёнида қурол борлигига ёхуд жиноят содир этганлигини фош қиладиган далиллардан қутулмоқчи эканлигига етарли асослар бўлганда;
гумон қилинувчига нисбатан ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарилиб, уни ушлаш жойига олиб келинганида;
эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қўлланганда,айбланувчининг ёнида қурол, шунингдек, сақланиши ман этилган буюмлар ёхуд иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатлар бўлиши мумкин деб ўйлашга етарли асослар бўлганида мажбуран куч ишлатиш йўли биланбилан ўтказилади.
Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қўлланган шахслардан, уларни сақлаш жойларидасақлаш мумкин бўлмаган ҳар қандай буюм, озиқ-овқат олиб қўйилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |