Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳарбий қисмлар жойлашган биноларда олиб қўйиш ёки тинтув уларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади.
Тинтув қилинаётганларга, холисларга, мутахассисларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳарбий қисмларнинг вакилларига тинтув ёки олиб қўйиш ўтказилишидан аввал уларнинг суриштирувчи ёки терговчининг барча ҳаракатлари чоғида ҳозир бўлиш ҳамда ана шу ҳаракатлар хусусида арз қилиш ҳуқуқлари тушунтирилиши керак. Бундай арз баённомага киритилиши шарт.
1. Холисларнинг ушбу тергов ҳаракатидаги иштироки асосий зарурий шартлардан бири ҳисобланади. Тинтув ўтказишга тинтув ўтказилаётган шахснинг яқин қўни-қўшниларини таклиф этилиши мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, тергов олиб борилишига улар бирёқлама ёндашишлари мумкин. Уларнинг тинтув ўтказилган шахсга нисбатан мунособати яхши бўлса, унга ён босишлари,ёмон бўлса, айблаш мақсадида терговни чалғитиш эҳтимоли бўлади.
2. Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишда холислардан ташқари, зарурат бўлган тақдирда мутахассис ва таржимон ҳам иштирок этади.
3. Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишда иштирок этаётган холисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ЖПКнинг 74–моддасида, мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 70-моддада, таржимоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари эса, 72-моддада белгиланган.
4. Олиб қўйиш ёки тинтув шахснинг уй-жойида ўтказилаётганда унинг ўзи ёки вояга етган оила аъзоларидан бирининг иштирок этиши таъминланиши лозим. Бу тергов ҳаракатини амалга ошираётган шахс ёки бошқа иштирокчиларга нисбатан уй эгасида эътироз бўлиш-бўлмаслиги, ушбу тергов ҳаракати мобайнида олинган ашёвий далилларни мақбул ёки номақбул деб топилишига таъсир қилувчи ҳолат саналади.
161-модда. Олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш тартиби
Тинтув суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига биноан, прокурорнинг санкцияси билан ўтказилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув прокурорнинг санкциясисиз ўтказилиши мумкин, лекин бундай ҳолда кейинчалик шу ўтказилган тинтув ҳақида йигирма тўрт соат ичида прокурорга хабар қилинади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар суриштирувчи ёки терговчининг прокурорга юборган хабарномасида асослантирилиши лозим. Хабарноманинг нусхаси ишга қўшиб қўйилади.
Суриштирувчи ёки терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорга ёки ажримга асосан иш учун аҳамиятли бўлган нарса ва ҳужжатларни қидириб топиш мақсадида турар жойга ёки бошқа бинога киришга ҳақлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |