176-модда. Қўшимча ва қайта экспертиза ўтказиш
Қўшимча экспертиза эксперт хулосасидаги камчиликларни тўлдириш учун тайинланади ва шу экспертнинг ўзи ёки бошқа эксперт томонидан ўтказилади.
Экспертнинг хулосаси асослантирилмаган ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилган ҳолларда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишонарсиз деб топилганда ёки экспертиза ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта экспертиза тайинланади.
Қайта экспертиза ўтказиш тайинланганда эксперт олдига илгари фойдаланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисида масала қўйилиши мумкин.
Қайта экспертиза ўтказиш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда биринчи экспертиза хулосасига қўшилмаганлик сабаблари кўрсатилиши лозим.
Қайта экспертиза ўтказиш бошқа экспертга топширилади. Биринчи экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертиза ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у эксперт текшируви ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.
1. Жиноят иши бўйича қўшимча ва қайта экспертиза ўтказиш илгари тайинланган экспертизанинг натижаларига суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг баҳо бериши билан боғлиқ
2. Қўшимча ёки қайта экспертиза тайинлаш олдидан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья илгари хулоса берган экспертни сўроқ қилиши, унинг хулосаларига ва қўшимча ёки қайта экспертиза ўтказишга оид масалалар ҳақида мулоҳазаларини билишга ҳақли. Агар эксперт атайлаб нотўғри хулоса берган бўлса, ЖКнинг 238-моддаси билан жавобгарликка тортилади.
3. Қўшимча экспертиза дастлабки экспертизанинг натижаларини кутмасдан ҳам тайинланиши мумкин. Чунки аввалги экспертиза ҳал қилиши учун мўлжалланган саволлар торроқ ҳажмда бўлгани, уни тайинлангандан сўнг иш бўйича яна бошқа ҳолатлар аниқланиб, уларга боғлиқ янги масалаларни аниқлашга зарурут туғулгани сабабли экспертга қўшимча саволлар берилиши лозим бўлади. Бундай саволларга илгариги саволлар билан узвий боғлиқ бўлса, ўша экспертга берилиши, агар бундай боғлиқлик бўлмаса ёхуд ҳажми катта бўлса, бошқа экспертлар жалб қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.
4. Дастлабки ўтказилган эксперт хулосасини суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд асослантирилмаган, ишончли эмас деб топса ёхуд айбланувчи (судланувчи), унинг ҳимоячиси, жабрланувчи ёки унинг вакили эксперт хулосасини нотўғри ёхуд шубҳали экани ҳақида асослантирилган арз қилса, шунингдек, бошқа бирор сабаблар билан экспертиза ўтказишнинг процессуал қоидалари бузилган ҳолда қайта экспертиза ўтказилиши лозим. Қайта ўтказиладиган экспертизага илгариги эксперт хулосасининг тўғри-нотўғрилиги, унинг қўллаган тадқиқот усули нақадар илмий асосланган экани ҳақида, шунингдек, қўшимча саволлар берилиши мумкин.
5. Қайта экспертиза ўтказиш тўғрисида қарорда (ажримда) илгариги эксперт хулосаси нима учун нотўғри ёхуд шубҳали эканлиги, қайта экспертиза ўтказиш чоғида эксперт (экспертлар комиссияси) қандай ҳолатларга айниқса эътибор бериши лозимлиги кўрсатилади.
6. Қайта экспертиза ўтказиш жараёнида аввалги эксперт фақат суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг рухсати билан ҳозир бўлиши, янги экспертларга ёзма тушунтиришлар бериши мумкин. Лекин аввалги эксперт қайта ўтказилаётган тадқиқотларда иштирок қилиши ва қайта ёки қўшимча хулоса бериши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |