368-модда. Айбланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқибкетган тақдирда дастлабки терговни тўхтатиш
Айбланувчининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганлиги аниқланган бўлса ва бу ҳол дастлабки тергов ҳаракатларида унинг ҳозир бўлишини таъминлаш имконини бермаса, барча тергов ҳаракатлари бажарилганидан кейин иш бўйича дастлабки терговни ўтказиш тўхтатилади.
1. Жиноятни содир этган шахс аниқланган ва унинг иш бўйича айбланувчи сифатида иштирок этиши ҳақида қарор чиқарилган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлса, уни дастлабки терговга ва судга келтириш чоралари кўрилади (Бу ҳақда 5-10-моддаларга берилган шарҳларга қаранг). Лекин кўрилган чоралар натижа бермаса, барча тергов ҳаракатлари бажарилгач, дастлабки терговни юритиш тўхтатилади.
2. Айбланувчи сифатида эътироф этилган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қонунсиз чиқиб кетган бўлса, уни ЖК 223-моддаси билан ҳам айблаш лозим.
3. Жиноят иши бўйича бир неча айбланувчилардан бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиб кетган ҳолда, масала 367-моддага берилган учинчи шарҳда кўрсатилган тартибда ҳал этилади.
369-модда. Дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисидаги қарор
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов терговчининг қарори билан тўхтатилади. Бу қарорда ишнинг моҳияти ҳамда терговни тўхтатиш асослари, ушбу Кодекс 364-моддасининг биринчи қисмидаги 2, 3 ва 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда эса, айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахс ҳам кўрсатилади.
Терговчи дастлабки терговни тўхтатгач, бу ҳақда жабрланувчини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ва уларнинг вакилларини хабардор қилади.
1. Терговчи дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисида қарорни мустақил қабул қилади. Қарорда терговни тўхтатиш қандай асосларда чиқарилгани, бу асосларнинг мавжудлигини тасдиқловчи далиллар, иш бўйича барча зарур тергов ҳаракатлари бажарилгани, аниқланиши зарур бўлган ҳолатлар текширилганлиги батафсил кўрсатилади.
2. Дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарилганидан жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, шунингдек, иш бўйича барча айбланувчилар хабардор қилинадилар ва агар улар талаб қилса, қарор билан танишувга ҳамда қарорнинг нусхасини олишга ҳақли эканликлари тушунтирилади.
3. Дастлабки тергов тўхтатилгани муносабати билан иш материаллари тартибга солиниб тикилиши, рўйхат қилиниши, иш бўйича ашёвий далилларни сақлаш, жиноят оқибатида етказилган зиённи қоплаш таъминланиши лозим. Агар иш бўйича хат-ёзишмаларни текшириш ва сўзлашувларни эшитиш ва ёзиб олиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса, уларнинг ижроси давом этади.
4. Одатда жиноят иши бўйича дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисида қарорнинг нусхаси назорат юритаётган прокурорга ҳам юборилади. Прокурор дастлабки терговнинг қонуний ва асосли тўхтатилганини текшириш учун жиноят иши билан танишишга, баъзи ҳолатларни ва тергов тусмолларини текшириб аниқлаш ҳақида терговчига кўрсатма беришга ҳамда терговчининг бу ҳақда қарорини бекор қилишга ҳақли.
5. Дастлабки тергов тўхтатилганидан норози бўлган айбланувчи, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларидан тушган шикоятларни тегишлича терговчи ёки прокурор текшириб қарор чиқариб шикоят берганларга хабар бериши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |