378-модда. Илтимос қондирилгандан кейин жиноят иши биланқайта таништириш
Терговчи илтимос қондирилгандан кейин, у ким томонидан ва кимларнинг манфаатлари йўлида билдирилган бўлишидан қатъи назар, айбланувчи, ҳимоячига, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига ишдаги барча материаллар билан яна танишиб чиқиш имкониятини беради. (ЎзР 27.12.1996 й. 357-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
1. Иш материалларини тўлдириш тўғрисида илтимоснома қаноатлантирилган кейин, унга биноан ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари ва қабул қилинган процессуал қарорлар терговчининг ишни тугатиш ёхуд айблов хулосаси тузиш ҳақида фикрини ўзгартмаса, ишга қўшилган янги материаллар улар билан танишиш ҳуқуқига эга шахсларга тақдим этилиши шарт.
2. Ҳар бир айбланувчи, унинг ҳимоячиси, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакили бошқалар томонидан терговчига қандай илтимослар билан мурожаат этгани ҳамда терговчи илтимосларга қандай муносабат билдиргани, қандай илтимосларни қаноатлантиргани ёки рад этганидан хабардор бўлишга ҳақли. Шу сабабли илтимослар қаноатлантирилганда ҳам, уларни рад этилганда ҳам терговчи ишга қўшган янги материалларни барча манфаатдор шахсларга танишиш учун тақдим этиши шарт.
3. Ишдаги қўшимча материаллар билан тегишли иштирокчиларни таништириш 376-моддада кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
379-модда. Айблов хулосаси
Айбланувчи ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар билан таништириб бўлгач, терговчи, башарти ишни судга юбориш учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги фикри ўзгармаган бўлса, айблов хулосаси тузади.
Айблов хулосаси тавсиф-асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган ҳолатлар: жабрланувчи, шунингдек, айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар; айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари баён қилинади.
Хулоса қисмида айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар келтирилади ҳамда эълон қилинган айбловнинг мазмуни Жиноят кодексининг шу жиноятни назарда тутган моддаси ёки моддаларини ҳам кўрсатган ҳолда баён қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |