377-модда. Илтимослар қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби
Айбланувчи, ҳимоячи, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш билан танишиб чиқишгач ёки бирор сабабга кўра танишиб чиқишдан бош тортганларидан кейин терговчи улардан қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ёки янги қарорлар қабул қилиш хусусида илтимослари бор ёки йўқлигини аниқлайди. (ЎзР 27.12.1996 й. 357-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Тарафларнинг аризасига биноан итимосномалар тайёрлаш ва тақдим қилиш учун уч сутка доирасида вақт берилиши мумкин. Терговчи илтимосномани тўла ёки қисман рад қилиш тўғрисида қарор чиқаради ва бу ҳақда илтимоснома берилган вақтдан бошлаб уч сутка ичида аризачига хабар беради.
Аризачи илтимосни қондириш рад қилинганлиги тўғрисидаги қарор билан танишиб чиққанидан кейин икки сутка ичида прокурорга рад этилганлик устидан шикоят қилиши мумкин.
1. Иш бўйича манфаатдор иштирокчилар иш материаллари билан танишиб чиққач ёхуд танишишдан воз кечганларидан сўнг, терговчи улардан ўз фикрларини, тергов натижаларига нисбатан танқидий мулоҳазаларини билдириш, шикоят қилиш, терговни давом эттириш, қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиб ишга алоқадор баъзи ҳолатларни аниқлаш, ишдаги қарорларга аниқлик киритиш, янги қарорлар қабул қилиш тўғрисида илтимосларини сўраб билади, уларни баённомага киритади, ёзма тарзда тақдим этилган илтимосномаларни қабул қилиб олади.
Ана шундай илтимосларни яна уч сутка давомида оғзаки ёки ёзма билдириш мумкинлиги тушунтирилади.
2. Терговчи иш билан танишгандан сўнг ёки танишмасданоқ берилган илтимосларга жиддий эътибор бериши ва уларни имкон борича қаноатлантириши лозим.
Кўпинча айбланувчи қўшимча гувоҳларни сўроқ қилиш, улар ва жабрланувчи билан юзлаштириш, янги ҳужжатлар ва ашёвий далилларни ишга қўшиш, экспертиза ўтказиш каби илтимослар билан мурожаат қилади. Бу тергов ҳаракатлари қандай натижа бериши, ишнинг қайси ҳолатларини аниқлашга ёрдам бериши ҳақида терговчи фикр юритиши мақсадга мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |