443-модда. Ёзма далилларни, экспертларнинг хулосаларини ватергов ҳаракатлари баённомаларини текшириш
Тарафларнинг илтимосларига ёки суднинг ташаббусига кўра раислик қилувчи, халқ маслаҳатчиларидан бири ёки суд мажлисининг котиби суриштирувда ва дастлабки терговда ишга қўшиб қўйилган, иш учун аҳамиятли бўлиши эҳтимол тутилган ёзма далилларни, экспертларнинг хулосаларини ва тергов ҳаракатлари баённомаларини ўқиб эшиттиради.
Суднинг талабига кўра ёки бошқа шахсларнинг ташаббуслари билан тақдим қилинган ҳужжатларни суд ўқиб эшиттиради ва тарафларга тақдим қилади, улар эса шу ҳужжатларнинг ишга аҳамияти бор-йўқлиги тўғрисида ўз фикрларини баён қиладилар. Сўнгра суд ҳужжатларни ишга қўшиш ёки тегишлилигига қараб қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради.
1. Шарҳланаётган модда мазмунига кўра суд ҳукмда бирон бир ҳужжатга асосланиши учун у ишга тикилган ёки суд мажлисида судга тақдим этилган ва суд мажлисида албатта ўқиб эшиттирилган бўлиши керак.
2. Ёзма далиллар, эксперт хулосалари, тергов ҳаракати баённомаларини суд муҳокамаси пайтида текшириш ўзига хос бўлган тергов ҳаракати бўлиб, раислик қилувчи ва унинг топшириғига кўрахалқ маслаҳатчиси ёки суд мажлиси котиби томонидан улар ўқиб эшиттирилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
3. Суд ёзма далилларни кўздан кечириши, тергов ҳаракатлари баённомаларидан ташқари қўшимча воситалар билан ушбу тергов ҳаракатлари қайд этилган фото, кинотасвир ва видеотасмаларни номойиш қилиб кўриши мумкин. Эксперт хулосаси бўйича суд уни бевосита сўроқ қилиб, унинг тадқиқотлари фан-техника талабларига мос равишда, объектив ўтказилганлиги тўғрисида маълумотлар олиш ҳуқуқига эга.
4. Ҳужжатларни кўздан кечириш ёки ўқиб эшиттириш суд терговининг давомида, иш мазмунини аниқлаш учун зарур ҳолларда ўтказилиши мумкин. Иш мазмунини аниқлаш учун етарли бўлса, ҳужжатларнинг тегишли бир қисмигина ўқиб эшиттирилиши мумкин.
5. Раислик қилувчи ушбу далилларга суд муҳокамаси иштирокчиларининг муносабатларини, қайси асосларга кўра улар ушбу далилларни ижобий ёки салбий баҳолаётганларини аниқлашга ҳақли.
6. Суднинг талаби ёки бошқа шахсларнинг ташаббуси билан тақдим қилинган ҳужжатларни суд мажлиси котиби ўқиб эшиттиради. Суд тарафлардан бу ҳужжатларнинг ишга аҳамияти бор-йўқлиги тўғрисида фикрларини сўрайди. Ушбу ҳужжатларни жиноят ишига қўшиш ё бўлмаса тегишлилигига кўра қайтариш ҳақида суд ажрим чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |