481-модда. Қўшимча материаллар тақдим этиш
Апелляция, кассация, назорат инстанциясига процесс иштирокчилари иш учун аҳамиятга молик ҳужжатлар, мутахассисларнинг фикрлари ва бошқа қўшимча материалларни тақдим этишга ҳақлидирлар. Бундай материаллар суд томонидан ишни кўришга тайёрлаш вақтида ҳам талаб қилиб олиниши мумкин. (ЎзР 14.12.2000 й. 163-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Қўшимча материаллар ушбу Кодекснинг 149, 170, 290 ва 398-моддаларида назарда тутилган тергов ҳаракатлари ўтказишни терговчига топшириш йўли билан ҳам олиниши мумкин.
1. Қонун апелляция, кассация ва назорат инстанциясига процесс иштирокчилари томонидан қўшимча материаллар тақдим этишларининг аниқ ҳажми ва доирасини белгиламаган. Бу қўшимча материаллар асосан турли ёзма ҳужжатлар, шу жумладан, маҳкумнинг шахсига оид турли маълумотномалар, тавсифномалар, мукофотланганлик, ногиронлик, жароҳат олганлик тўғрисидаги маълумотномалар ва бошқа ҳужжатлардек, ишнинг у ёки бу ҳолатини ойдинлаштириш учун бирор шахснинг тушунтиришлари, мутахассиснинг фикр-мулоҳазалари ва бошқа ҳужжатлардан иборат бўлиши мумкин.
2. Адвокатларнинг ҳуқуқий маслаҳатхоналари (адвокатлик фирмалари ва бюролари) апелляция, кассация ва назорат инстанцияларига қўшимча маълумотлар мақдим этиш мақсадида ташкилотлар, муассасалар ва идораларга юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида ўзлари шартнома тузган ишлар бўйича сўровномалар юбориш ва уларга жавоб олиш ҳуқуқига эга.
3. Қўшимча маълумотлар олиш имкони чекланган ёки бундай имкониятга эга бўлмаган жиноят ишида иштирок этаётган процессуал манфаатдор шахслар апелляция, кассация ва назорат инстанция судига шундай маълумотларни сўраб олиш ҳақида мурожаат қилишга ҳақлидир.
4. Қўшимча материаллар суд томонидан ишни кўришга тайёрлаш вақтида ҳам талаб қилиб олиниши мумкин. Бироқ, суд бу материалларни бевосита тергов ҳаракатлари ўтказиш йўли билан тўплашига йўл қўйилмайди.
Агар қўшимча материалларни тергов ҳаракатлари ўтказиш йўли билан олиш зарурияти туғилса, суд бу ҳақда терговчига топшириқ бериши мумкин. Бундай ҳаракатлар мурдани эксгумация қилиш (149-модда), телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш (170-модда), мол-мулкни хатлаш (290-модда), мулкий зарарни қоплашни таъминлаш чораларини қўллаш (398-модда) кабиларда намоён бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |