4977-модда. Апелляция шикояти ва протестининг мазмуни
Апелляция шикояти ва протестида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
1) шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар;
3) ҳукмни чиқарган суднинг номи, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар;
4) шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти;
5) аризачи ўз талабларини асослаётган ва апелляция инстанцияси суди томонидан текширилиши лозим бўлган далиллар, шу жумладан илгари биринчи инстанция судида текширилмаган далиллар;
6) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;
7) шикоят, протест берилган сана ҳамда шикоят, протест берувчи шахснинг имзоси.
1. Апелляция шикояти ва протест кириш, тавсиф, асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.
Кириш қисмида шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи; шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
Тавсиф қисмида ҳукм чиқарган суднинг номи, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар; ишнинг биринчи инстанция суди томонидан аниқланган ҳолатлари кўрсатилади.
Асослантириш қисмида шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги ва эътирози нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти; аризачи ўз талабларини асослаётган ва апелляция инстанцияси суди томонидан текширилиши лозим бўлган далиллар, шу жумладан илгари биринчи инстанция судида текширилмаган далиллар кўрсатилади.
Хулоса қисмида шикоят ёки протест берган шахснинг илтимоси (талаби) нимадан иборат экани; шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати; шикоят, протест берилган сана кўрсатилади ҳамда шикоят, протест уни берувчи шахс томонидан имзоланади.
2. Ушбу моддада апелляция шикояти (протести)нинг мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги туфайли, биринчи инстанция суди шикоят (протест) берувчи шахс томонидан уларга риоя этилганлигини текшириши шарт.
Агар шикоят(протест)нинг мазмуни қонун талабларига жавоб бермаса ва бу кейинчалик ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилса, судья ажрим билан уни берган шахсга қайтаради. Бундай ҳолда шикоят (протест) қайта расмийлаштириш учун ЖПК 4976-моддасида белгиланган доирада муддат белгиланади.
3. Шикоят (протест), жумладан, унда қуйидагилар бўлмаса қайтарилиши мумкин, яъни:
шикоят (протест) берган шахс ва кимга нисбатан ҳукм устидан шикоят (протест) келтираётганлиги тўғрисида маълумот;
шикоят (протест) берган шахснинг, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари ва талабларининг мазмуни;
аризачи ўз талабларини асослаётган ҳамда апелляция инстанцияси суди томонидан текширилиши шарт бўлган далиллар тўғрисида маълумот;
шикоят (протест) берган шахснинг имзоси.
4. Агар шикоят (протест) берган шахс суд томонидан белгиланган муддатда ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этса, шикоят(протест) судга дастлаб тақдим этилган кундан бошлаб берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида» Қарорида кўрсатилганидек, шикоят(протест) берилмаган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |