20-модда. Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари
Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари оммавий ёки хусусий мулк бўлиши мумкин.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни рўёбга чиқаришда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари янги эгаларга ўтишини, иншоотдан ўз мақсадида фойдаланишни сақлаб қолинишини таъминлайдиган тартиб ва шартлари белгилаб қўйилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ҳудудларида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги объектларнинг режалаштирилиши, лойиҳалаштирилиши, қурилиши ва фойдаланишга топширилиши устидан назорат қиладилар.
Таълим муассасаларини, турар жой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари мажмуини барпо этмаган ҳолда қуриш ва қайта қуришга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан туриб, тугатишга йўл қўйилмайди.
Таълим муассасалари, корхоналар, турар жой даҳаларининг асосий жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва (ёки) спорт иншоотлари билан энг кам таъминланиш нормативлари жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
21-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги педагогик фаолият
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги педагогик фаолият билан тегишли маълумот ва касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар шуғулланишига йўл қўйилади.
Даволаш жисмоний тарбия соҳасида педагогик фаолият билан тегишли маълумот ва касб-хунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шуғулланишига йўл қўйилади.
22-модда. Аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш
Аҳолига жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш пуллик хизматлари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, шунингдек жисмоний шахслар томонидан кўрсатилади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун «Ўзбекистон Республикасининг жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари тўғрисида»ги Низомнинг 17-бандига (рўйхат рақами 1550, 06.03.2006 й.) қаранг.
Жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш пуллик хизматлари турларининг рўйхати жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |