2-машғулот. Ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш дарси
Биз ўтган машғулотимизда янги мавзуни баён этиш дарсининг тузилмаси ва технологик харитаси ҳақида сўз юритган эдик. Бугунги машғулотимизда эса ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш дарси ҳақида фикрлашамиз. Мазкур дарснинг асосий мақсадларидан бири ўқувчиларга етказилган ўқув материаллари ва ахборотлар тўғрисидаги билим ва қўникмаларни қандай усуллар билан ривожлантириш ҳамда уни мустаҳкамлаш усуллари кўрсатиб берилади.
Ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш дарсининг тузилмаси қуйидаги элементлардан иборат:
ўқувчиларга дарсдан кутилаётган ўқув мақсадларини эслатиш;
таклиф этилган топшириқларни бажариш натижасида эгалланиши лозим бўлган аниқ билим ва кўникмаларни айтиб ўтиш;
ўқувчилар томонидан турли топшириқларнинг бажарилиши;
топшириқлар бажарилишини назорат қилиш ва баҳолаш;
топшириқларни бажариш давомида йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама этиш ҳамда тузатиш;
дарснинг ўқув мақсадларига эришилганлигини, яъни ўзлаштирилган янги билим ва кўникмаларни баҳолаш;
дарсга якун ясаш ва уйга вазифа бериш.
Ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш дарсининг технологик харитаси ҳам ўтган машғулотда айтиб ўтганимиздек, 4 босқичдан иборат бўлиб тайёрлов, кириш, асосий ва якуний босқичлардан иборат. Ҳар бир босқичда ўқитувчи ва ўқувчилар фаолиятлари кўрсатилган. Дарснинг мақсади ва вазифасидан келиб чиқиб, ўқитувчи дарс тузилмаси ва технологик харитани тузишда ижодий ёндошиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |