8.2. Инновацион лойиҳалар, соҳалар бўйича инновацион турлар
Ҳар қандай корхона ўз фаолиятини инновацион фаолиятга айлантиришда, авваламбор инновацион лойиҳа ишлаб чиқиши керак. Умуман, инновацион лойиҳа – бу инновацион фаолиятни иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий ва техник жиҳатдан асословчи режа ҳисобланади. Инновацион лойиҳа – бу юридик ҳужжат бўлиб, инновацион маҳсулот ҳақида тўлиқ маълумот берилади ва унинг барча хусусиятлари кўрсатиб ўтилади. Бундан ташқари, инвестиция киритиш йўллари, лойиҳани бажариш муддати, ижрочилар ва ҳоказо бўйича маълумотлар берилади. Инновация лойиҳасининг реализацияси деганда, инновацион маҳсулотни яратишдан уни бозорга чиқаришгача бўлган жараёнлар тушунилади.
Инновацион маҳсулот ёки инновацион жараённи яратишни назарий тавсифлашда турли моделлар қўлланилади. Лекин уларнинг орасида энг кенг қамровли бу инновацион жараёнларнинг тармоқ модели ҳисобланади. Тармоқ модели бир соҳада амалга оширилган инновациялар бошқа соҳаларда ҳам янги инновацияларни келтириб чиқаради деган гипотезага асосланади. Масалан, интернетнинг пайдо бўлиши, маълумотларнинг тез алмашинувига сабаб бўлди ва кўплаб соҳаларда янги маҳсулотлар яратилишини тезлаштириб юборди. А. А. Дынкиннинг фикрича, ХХасрнинг охиригача бутун дунёда инновациялар ривожланиши асосан учта соҳада: ахборот технологиялари, тиббиёт ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида юз берди45. Ҳозирги кунда эса бунга яна бир нечта соҳа қўшилди, масалан, нанотехнология, биотехнология, қайта тикланувчи энергия манбалари, экологик тоза транспорт воситалари ишлаб чиқариш, ҳарбий техник революция ва ҳоказолар.
Инновацияларни яратишда инновацион инфратузилманинг роли катта. Инновацион инфратузилма – бу илмий тадқиқот институтлари, замонавий лабораториялар ва бошқа илмий янгилик ва ихтироларни яратишда хизмат қиладиган воситалардир.
Инновацион инфратузилма асосида соҳалар бўйича инновациялар яратилади.
Инновациялар соҳалар бўйича қуйидаги турларга бўлинади:
Технологик инновациялар – бу бозорда технологик жиҳатдан мутлақ янги жараён ёки усул асосида мавжуд эҳтиёждан келиб чиқадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ёки кўрсатилган хизмат бўйича амалга ошириладиган инновацион фаолиятнинг якуний натижасидир. Агар у бозорда ёки ишлаб чиқариш жараёнида муносиб истеъмолчисини топса, амалга оширилган деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |