Кенинги иккинчи
Download 0.93 Mb.
|
Извлеченные страницы из Т.В. Материклар табиий географияси
Конго котловинаси ва чекка тоғлар
Бу улкан табиий географик ўлка экваторнинг ҳар икки томонида Атлантика океани қирғоқларидан Шарқий Африка тоғлигигача чўзилган. Шимолда унинг чегараси тахминан 5° ш. к. бўйлаб, жанубда эса 10° ш. к. дан жануброкда ўтади. Конго дарёси ўрта оқимидаги ясси котловина ва унинг атрофидаги Конго ҳавзаси билан Африкадаги бошқа дарёлар орасидаги сувайирғични ҳосил қил.адиган қирлар ҳам шу ўлкага киради. Котловина рельефида. бир неча босқичлар ажралиб туради. Котловинанинг энг паст қисми Конго дарёсининг ўрта оқимидаги баландлиги 500 м дан юқори бўлмаган кенг текисликни ҳосил қилади. Бу текисликнинг асосий қисми қадимги кўл аллювийсининг қалин қатламидан таркиб топган. Дарёларнинг бўйларида эса янги вужудга келган (ёш) аллювиал ётқизиқлар полосалари чўзилган. Текислик юзаси деярли ясси, чунки бу ер Атлантика океанига томон оқиб турган кўлнинг туби бўлган. Леопольд II ва Тумба кўллари ана шу кўлнинг қолдиқларидир. Мезозой давридаги кўл ётқизиқлари тагида текислик доирасида қадимги музлик қатламлариқалин музликлар фаолияти маҳсулоти учрайди. Бундай музликлар палеозой эрасининг охирида жанубий яримшардаги материкларнинг катта майдонларини қоплаб ётган. Жануб ва шарқда котловина марказий қисмининг ясси юзаси баландлиги 500-1000 м бўлган ва рельсфда яққол ажралиб турадиган платога айланади. Палеозой на мезозойнинг чўкинди ётқизиқлари билан қопланган платонинг ер юзасини дарёларнинг чуқур даралари кесиб ўтиб, кўпдан-кўп шаршаралар ҳосил қилган. Водийларнинг ана шундай тузилиши мезозой эраси охирида ер пўстининг кўтарилиши туфайли дарёларнинг эрозияси авж олиши натижасида пайдо бўлган. Котловинанинг ана шу баланд босқичи шу йўл билан пайдо бўлган. Конго котловинаси ҳамма томондан 2000 м ва ундан ҳам баланд ясси тоғликлар билан ўралган. Жанубда Лунда ясси тоғлиги зинапоя шаклида кўтарилган, Конго дарёси билан Замбези дарёлари ҳавзалари орасида сувайирғич бўлиб хизмат қиладиган бу ясси тоғлик кенглик бўйлаб чўзилган тизмага ўхшайди. Шарқда котловина Шарқий Африка тоғлигининг тик чеккаси билан чегараланган. Ана шу тоғликдан Лунда ясси тоғлиги билан қўшилиб кетадиган тармоқлар бошланган. Шимолда баланд платолар Конго ҳавзасини Нил, Чад кўли ва Нигер ҳавзаларидан ажратиб туради. Баландликлар полосаси котловинани ғарбдан чегаралаб, Атлантика океани соҳилидаги пасттекисликдан ажратиб туради. Конго ана шу кўтарилмалардан ўтиб, тор ёш эпигенетик водийдан оқади. Ана шу водийда дарё Африкани тадқиқ қилган олим Ливингстон номи билан аталган ўнлаб шаршаралар ҳосил қилган. Котловинани ўраб турган плато ва қирлар рельефи учун текис юзалар характерли бўлиб, у ерларда дўнг тепалар ёки вулкан конуслари ўрмон чегарасидан ҳам юқорига кўтарилиб туради. Тик зинапоясимон ёнбағирларни дарасимон тор водийлар кесиб ўтган. Бу эса Африка платформаси чекка қисмлари рельефининг яқин вақтларда қайтадан ёшариши оқибатидир. Чеккадаги кўтарилмалар билан Атлантика океани оралиғида аккумулятив жинслардан тузилган қумли пасттекислик бор. Бу пасттекислик аста-секин пасая бориб, денгиз тагида сувости платформаси шаклида давом этади. Қирғоқ деярли ҳамма жойда тўғри чизиқли. Сувнинг саёз бўлиши ва яхши ҳимоя қилинган бухталарнинг йўқлиги туфайли Африка соҳилининг ана шу қисми кемачилик учун жуда ноқулай. Фақатгина денгиз сўви босган дарёларнинг қуйилиш жойларидагина кичикроқ портлар бор. Ўлка фойдали қазилмаларга бой. Асосий конлар котловинанинг чеккаларида. Шаба провинциясида (собиқ Катанга) мис рудаси конлари айниқса қимматлидир. Бу конлар запасига кўра жуда бой ва фойдаланиш учун қулай бўлишидан ташқари рудаси таркибида металл ниҳоятда кўп. Маҳаллий аҳоли европаликлар келмасдан анча олдиноқ ибтидоий усул билан мис олиб келган. Котловинанинг жанубидаги қадимги кристалли жинсларда таркибида уран жуда кўп бўлган ва дунёдаги энг катта уран конларидан бири жойлашган. Мис рудаси таркибида қалай ҳам бор. Чеккадаги кристалли массивларда олтин ва олмос бор. Атлантика океани соҳилида нефть ва битум запаслари топилган, баъзи бир жойларда палеозой ётқизиқларида тошкўмир учрайди. Ўлканинг барча қазилма бойликлари ҳали тўла ўрганиб бўлингани йўқ. Маълум конлар ҳам ҳали тўла ишга солинган эмас. Конго котловинаси серёмғир ва бир хилда юқори иссиқ температурали ўлкадир. Бироқ, ўлканинг катта территориясида иқлим шароити ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. Асосий тафовут ёғинлар миқдори ва режимидадир. Температура шароити эса нисбатан кам ўзгаради. Типик экваториал ёғин режими Конго ҳавзасининг текислик қисми учун характерлидир. Бу ерда йиллик ёғин миқдори 1500 мм дан ошади. Қуёшнинг зенитда туриши билан боғлиқ бўлган сернам даврлар эса қуруқ даврлардан ёмғирларнинг кўп ёғиши билан фарқ қилади. Энг қуруқ-январь ойида ҳам ойлик ёғин миқдори 40 - 50 мм га етади. Котловинанинг шимолий ва жанубий чеккаларида серёмғир икки давр аста-секин бир-бирига қўшилиб кетади, узоқ давом этадиган бнр даврга айлакади. Шундан кейин бир оз қисқа қурғоқчил давр бошланади. Ана шундай об-ҳаво режими жануби-шарқда айниқса яққол сезилади. Бу ерда қишки 3 ой-июнь, июль, август ойларида умуман ёмғир ёғмайди. Шимол жанубга нисбатан қуйироқ кенгликларда жойлашган. Шунинг учун у ерда Шимолий яримшардаги қиш пайтининг қуруқ даври у қадар яққол сезилмайди. Шунга қарамасдан Конгонинг ўнг иркоғи-Убанги дарёси ҳавзасида декабрь ва январь ойларида ёғин миқдори кескин камаяди. Атлантика океани соҳилининг экватордан жануби совуқ Бенгел оқими таъсирида бўлиб ёғин миқдори камаяди ва соҳилда бошқа районлардагига нисбатан ўртача температура паст бўлади. Экватордан шимолда оқим таъсири сезилмайди ва соҳилни ўраб турган қирларнинг ёнбағирларига жануби-ғарбий экваториал муссон бошқа территорияларга нисбатан кўпроқ ёғин олиб келади. Шимолий яримшарда ёз бўлган ойларда ёғин миқдори бир оз камаяди, чунки бу даврда жанубий экваториал муссон кучсизланиб қолади. Жануби-шарқнинг қуруқ иқлими деҳқончилик учун ва кишиларнинг ҳаёти учун анча қулай. Конго текислигининг марказида эса иқлим доимо ҳаддан ташқари сернам бўлганлигидан кишилар ҳаёти учун бирмунча ноқулайдир. Атлантика соҳилининг экватордан жанубида ёғин жуда кам ёғади ва деҳқончилик суғоришни талаб этади. Дарёларнинг кўпчилиги Конго ҳавзасига киради. Бир қисми бевосита Атлантика океанига қуйилади. Конго ўз ирмоқлари билан тармоқланиб кетган мураккаб системани ҳосил қилади. Бу системанинг кўп қисми жанубий яримшардадир. Ясси текислик ва сувайирғич платоларда дарёлар характери кескин фарқ қилади. Платоларнинг дарёлари ва сув оқими турлича бўлган серсув шўх дарёлар бўлиб, кўпдан-кўп остоналар ва шаршаралар ҳ.осил қилади. Тор ва чуқур водийлар, шунингдек, мувозанат профилининг ҳали тўла шаклланмаганлиги тоғ массивларининг кўтарилиши, яқин вақтларда эрозиянинг кучли бўлганлигидан дарак беради. Ясси текисликда эса сувлар ер юзасини чуқур ёриб кирмаган. Яхлит водийлар ҳосил бўлмаган ва сув сатҳи энг баланд даврда ҳам дарёлар ўзансиз ер юзасида оқаверади. Дарё сувлари кўпайган вақтида тошиб, катта майдонларни сув босади ва текисликдаги кўпдан-кўп қолдиқ кўллар бир-бири билан қўшилиб кетади. Конго дарёси ўрта оқимида кўпдан-кўп ороллар ва шохобчалар билан биргаликда ўзанининг кенглиги 20 км ра етади. Тошқин вақтида жуда катта ички ҳавза ҳосил бўлиб, унга йирик ирмоқлар ва Тумбаҳамда Маиндомбе кўллари қўшилиб кетади. Тошқин тугагандан кейин ана шу сув ҳавзаси ўрнида катта ботқоқликлар ҳосил бўлиб бутун йил давомида қуримайди. Конго ва унинг ирмоқларининг айрим қисмларидагина кема қатнайди, шунга қарамасдан уларнинг транспортдаги аҳамияти катта, чунки аҳоли сийрак яшайдиган районларда дарёлар ягона алоқа йўллари бўлиб ҳисобланади. Дарёларнинг кема қатнамайдиган қисмлари атрофига темир йўллар қурилган. Ёғин-сочиннинг тақсимланиши, жойнинг дарёларга нисбатан тутган ўрни ва шу билан бирга ерларни сув босиш муддати билан боғлиқ бўлган тупроқ-ўсимлик қоплами ва ҳайвонот дунёсининг жуда хилма-хил бўлишига имкон берган. Конго водийсидаги ва кўллар бўйларидаги сув босадиган ботқоқлик ерлар кенг майдонда ботқоқ ўтлари билан қопланган. Булар орасида папирус асосий ўрин тутади. Сув босмайдиган ерларда, қадимги аллювиал ва латерит қалин тупроқларда сернам экваториал ўрмонлар ўсади. Бундай ўрмонларга яқин вақтларгача кишилар қўли тегмаган эди. Бу ўрмонлар экватордан шимолда кенг полоса ҳосил қилади ва Шарқий Африка тоғлиги ҳамда Атлантика океани соҳили бўйлаб жанубий яримшарга узоқ кириб боради. Жанубда қурғоқчил давр яққол сезилган жойларда ўрмонлар орасида саванналар учрайди. Баъзи бир жойларда ўрмон ороллар тарзида учрайди. Конго ҳавзасидаги сернам экваториал ўрмонда озиқ-овқат, техника учун ишлатиладиган ва бошқа ўсимликларнинг катта ресурслари мавжуд. Бу ўрмонда мойли пальма, сейба, мускат дарахти, каучуклилар, қизил дарахт, шунингдек, ёғочлари безак учун ишлатиладиган қимматли дарахтлар ўсади. Ўлка ўрмонларида филлар, шимпанзе ва гориллалар, жуда қалин чакалакзорларда қўрқоқ окапилар, дарё бўйларида бегемотлар яшайди. Ўрмонларда судралиб юрувчилар, сувда ҳам қуруқликда яшовчилар ҳамда ҳашаротлар жуда кўп. Африканинг экваториал ўрмонлари учун цеце (Ҳоссина) пашшаси характерлидир. Бу пашша сернам жойларда, дарёлар ва кўллар бўйларида тарқалган. Конго ҳавзаси ўрмонларида аҳоли жуда сийрак. Бу ўрмонларда илдизларни териб ва майда ҳайвонларни тутиб ейдиган ёки ибтидоий овчилик билан шуғулланадиган саёқ пигмей қабилалари яшайди. Баланд платоларда ва ўлканинг жанубида қизилқўнғир тупроқли ерларда саванналар тарқалган, бу саванналарда дарахтлар типлари ҳамкўп. Кўпинча саванналар куйдирилган ва кесиб юборилган ўрмонлар ўрнида пайдо бўлади. Саванна билан ўрмонлар орасидаги чегара полосасида ўрмонлар билан биргаликда типик саванна участкалари ва чакалакзорлар бўлган парк ландшафтини учратиш мумкин. Бундай ландшафт ўлканинг экватордан жанубдаги қисми учун, айниқса, характерлидир. Download 0.93 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling