Муаммоли топшириқ усулида аниқ вазият ва қўйилган масаланинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда муаммоли топшириқлар ёрдамида самарага эришиш мумкин. Материалларни ўзлаштириш, топшириқлар ҳамда машқ ва масалалар ечимида муаммоли вазият яратилиши қўл келади. Бунда кичик гуруҳлар шакллантирилади, ўқув материаллари гуруҳларга алоҳида-алоҳида бўлиб берилади. Якуний хулосалар ва ечимлар топилгач мавзулар гуруҳлар орасида айирбошланади.
Амалий усулларда вазифа (мақсад)ни қўйиш, уни бажариш усулини режалаштириш, бажариш жараёнини бошқариш, таҳлил қилиш, камчиликлар сабабини аниқлаш, мақсадга тўлиқ эришиш учун дарс жараёнига тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш ишлари амалга оширилади. Амалий машқларни бажаришда таълим олувчилар бўлажак ҳатти-ҳаракатларини фаол мушоҳада қилади, ўзига-ўзи эшиттириб гапиради ҳамда бўлажак воқеани шарҳлайди. Бу уларга ўз хатосини англашга ва ҳаракатига тузатишлар киритишига кўмаклашади.
Ҳамкорликда ишлаш усулида таълим олувчилар ўз ўқув фаолиятининг субъекти тарзида қаралади. Бунда педагог ва таълим олувчилар педагогик жараённинг субъектлари сифатида тенглашиб ҳамкорлик педагогикаси жараёни ташкил бўлади. Улар ўзаро ҳамкор, ҳамфикр, ҳамижодкор тарзида фаолият юритади. Бу усул таълим олувчиларнинг таълим-тарбия олиш мотивларини ривожлантириб бориш орқали юқори сифат ва самарадорликка эришишни таъминлайди.
Эркин фикрлаш усули иллюстратив расмлар, фотолавҳалар ва уларнинг муҳокамаларига бағишланади. Бу дарсдан кўзда тутилган мақсад уларнинг билим доирасини, дунёқарашини кенгайтириш, уларни расмлар, фотолавҳалар, китоблар билан таништириш орқали билим олиш ва қизиқишларини орттириш, аввал ўзлаштирган билим, кўникма ва малакаларини янги вазиятларда қўллаш орқали янги билимларни эгаллашларига эришишдан иборат.
Таълим олувчиларнинг мустақил иши педагог раҳбарлиги ва назорати ҳамда топшириғи бўйича бажариладиган янги ўқув материалини ўрганиш, мустаҳкамлаш, такрорлаш ва умумлаштириш билан амалга ошириладиган билиш ҳамда ўқув фаолиятидир. Янги мавзуни эълон қилиш мустақил хулосалар асосида эвристик суҳбат, материални англаш ва ўзлаштиришда таълим олувчиларнинг мустақиллиги намоён бўлувчи материални ўрганиш шаклларида ташкил этилиши мумкин. Педагог дарсда таълим олувчилар мустақил ишини ташкил эта бора қўйилган вазифаларга, иш шартига мос ҳолда материални етказишнинг у ёки бу шаклларини танлайди, улар учун махсус масалалар, машқлар ва топшириқлар тўпламидан фойдаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |