Кириш мавзунинг долзарблиги
Тарбия жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланишнинг ўзига ҳосликлари
Download 451.36 Kb.
|
2 5231189056070616106
3. Тарбия жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланишнинг ўзига ҳосликлари
Тарбия мазмунининг энг муҳим хусусиятларидан бири – бу инсоннинг ҳаётий жиҳатдан ўз-ўзини англаши, унинг шахсий ҳаёти ва фаолияти ўзи яшаб турган муҳитнинг субъекти сифатида эътироф этилиши билан тавсифланади. Инсон камолотида фуқаролик, касбий ва ахлоқий жиҳатдан ўз-ўзини англаш муҳим аҳамиятга эга. Ўқитувчи ўқувчиларни, ўз-ўзини тарбиялашга, яъни ўз устида онгли, батартиб ишлашга ўргатсагина тарбия жараёни самарали натижалар беради. Ўқувчиларни ўз-ўзини тарбиялаш методларига кўникма ҳосил қилдириш ўқитувчининг маҳоратига, тарбиявий фаолиятни тўғри ташкил этишига боғлиқ. Ўқувчилар одатда яқин кишиларининг, баъзан ўқитувчиларининг хулқ-атворига тақлид қиладилар. Шунинг учун тарбиячи ўз педагогик маҳоратига таяниб, ўқувчи қалбида ўзига нисбатан ишонч, меҳр туйғуларини уйғота олиши лозим. Ўқувчилар тарбиччининг дарсда ва ҳаётда ўзини қандай тутишини, кийиниши, муомаласини, кишилар билан ўзаро муносабатини кузатиб борадилар. Бу ҳам ўқувчиларнинг ўз-ўзини тарбиялашда таъсирчан восита ҳисобланади ва ижтимоий мавқеини оширишнинг муҳим усулидир. Ўқувчилар тарбиячининг бевосита назоратида таълим ва тарбия жараёнида, дам олишда, жамоат ишларида, ўз-ўзини тарбиялаш усулларига кўникма ҳосил қиладилар, бу усуллар ўқувчиларни ташаббускорликка, мустақил фикр-мулоҳаза юритишга ундайди. Ўқитувчи тарбия жараёнида қуйидаги ўқувчиларнинг ўз-ўзини тарбиялаш методларидан фойдаланиши мумкин: - ўз-ўзини таҳлил қилиш ва назорат қилиш; - ўз-ўзини баҳолаш (тенгдошларига тақлид қилиш асосида); - изоҳлаш (ўқувчининг маънавий-ахлоқий сифатлари изоҳланади); - мунозара (ўқувчиларга сиёсий, маданий, эстетик, ҳуқуқий мавзуларда оғзаки таъсир ўтказиш); Тарбияланувчиларнинг ирода эркинлигисиз тарбия ғоялари моҳиятини қарор топтириш мумкин эмас. “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да ва таълим-тарбияни янада такомиллаштиришга қаратилган қатор ҳужжатларда шахснинг эркинлиги, мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантиришга бирламчи эътибор берилган. Зеро, эркинлик таъминланган жамиятда фикр ривожланади, фикр ривожланиши эса жамиятнинг кучли бўлиши гаровидир. Эркинлик туфайли ўқувчи иродаси шаклланади, у бир неча имкониятлардан бирини ихтиёрий танлаб олади, таълим тизимида ўқувчиларга ушбу имкониятлар яратилган, уларнинг эркинлик ҳуқуқлари таъминланган. Тарбиявий жараён – жамият аъзоларининг ижтимоий тажрибаси, хулқ-атвори, меъёрларини ўқувчиларга сингдириш жараёни.15 Тарбия жараёни кўп қиррали жараён бўлиб, унда тарбия моҳиятини ёритишга хизмат қилувчи ички ва ташқи субъектив ва объектив омиллар кўзга ташланади. Ўқитувчи субъектив омиллар асосида ўқувчиларнинг ички эҳтиёжлари, қизиқишлари, ҳаётий муносабатлари мазмунини англашга ёрдам берса, объектив омиллар эса шахснинг ҳаёт кечириши, шаклланиши, ҳаётий муаммоларни ижобий ҳал этиши учун шароит яратади. Тарбия фаолиятининг мазмуни, йўналиши ва шакли объектив шароитлар билан қанчалик мутаносиб келса, ўқувчи шахсини мақсадга мувофиқ шакллантириш борасида ўқитувчи муваффақиятга эришади. Ўқитувчи тарбия жараёнининг кўп қирралилигини, уни ташкил этиш ва бошқаришда нафақат тарбиячи фаолияти, балки ўқувчининг ёш ва психологик хусусиятлари, шахсий ўзига хос жиҳатлари, ўй-фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслиги керак. Тарбия натижалари тез суръатда ёки яққол кўзга ташланмайди. Ўзида инсоний сифатларни намоён эта олган шахсни тарбиялаб вояга етказишда узоқ муддатли давр талаб этилади. Шахснинг муайян вақтнинг ўзида, турли қарашлар мавжуд шароитда ҳаракат қилиши тарбия жараёнини мураккаблаштиради. Таълим муассасаларида олиб борилаётган тарбия шахс онги, дунёқарашини шакллантиришга қаратилган. Бинобарин, ёшлик йилларида инсоннинг асаб тизими юқори даражада таъсирчан ҳамда беқарор бўлади. Шу боис тарбияда муваффақиятга эришиш учун ўқитувчи болаларни ўқувчилик йилларида тўғри тарбия бериш лозимлигини талаб этади. Таълим муассасасида олиб борилаётган тарбия жараёни бу — ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги узлуксиз, тизимли ҳаракатлари жараёнидир. Ўқувчиларда ижобий сифатларни қарор топтиришда ягона мақсад сари йўналтирилган, бир-бирини тўлдирувчи, бойитиб борувчи, такомиллаштирувчи фаолият алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис оила, таълим муассасалари, жамоатчилик ҳамкорлигида ташкил этилаётган тарбиявий тадбирларнинг узлуксиз ўтказилишига эришиш лозим. Инновацион тарбия технологиялари воситасида таълим муассасаларида ўқитувчининг тарбиявий фаолияти етакчи ўрин эгалласа ҳам, ўқувчиларга узлуксиз тарбиявий таъсир ўтказа олмайди, чунки, ўқувчилар таълим муассасаларида маълум муддатгина ўқитувчининг тарбиявий таъсири ва назорати остида бўлиб, қолган бўш вақтининг асосий қисмини оилада, кўчада, дўстлари даврасида, ҳар хил ташқи муҳитда ўтказадилар. Кузги, қишки, баҳорги ва айниқса, ёзги таътиллар даврида ўқувчилар таълим муассасаси ўқитувчиси таъсиридан четда қоладилар. Демак, таълим муассасасида болаларни тарбиялаш вақт жиҳатидан чегараланган бўлиб, синфдан ва мактабдан ташқарида амалга ошириладиган тарбиявий фаолиятлардан ҳоли вақтда улар ўқитувчи ёки тарбиячининг таъсири ҳамда назоратида бўлишлари керак. Ўқитувчининг тарбиявий ишларни режалаштириши – ижодий жараён. Тарбиявий мақсадларни амалга ошириш учун режа тузиш ва уни бажариш тарбия самарадорлигини таъминлашнинг асосий йўлидир. Ўқитувчи тарбиявий ишларни режалаштиришда асосан «Таълим тўғрисида»ги қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ғояларига таянади. Унинг мазмунини ўқувчиларни ўқишга, илмга ижобий муносабатни тарбиялаш эгаллаши керак. Тарбиявий иш режасида ўқувчиларни экологик тарбиясига алоҳида аҳамият берилади. Ўқитувчи ўқувчиларнинг экологик тарбияси режасини тузар экан, ўқувчилар атроф-муҳит тоззалиги, дарахт экишнинг афзалликлари, гулларни ўстириш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишларини ҳисобга олишлари керак. Ота-оналар билан ишлаш бўлимида оила, мактаб тарбиясини тавсифлайдиган қисқа маълумотлар берилади. Моҳир ўқитувчи тарбиявий иш режасига аниқ бир мақсадни қўяди. Тарбиявий иш амалиётида хулқ меъёрларидан четга чиққан ўқувчилар ҳам учрайди. Улар тарбияси «қийин» ўқувчилар. Улар билан тарбиявий фаолият олиб бориш – бу алоҳида эътиборни, сабр-тоқат ва маҳоратни, қалб сезгирлигини талаб қиладиган мураккаб ишдир. Тарбиячи бундай ўқувчиларни педагогик жиҳатдан ўрганиш дастурини тузишда қуйидаги жиҳатларга эътибор бериши лозим: шахснинг ижтимоий келиб чиқиши; оилада умумий ривожланиш даражаси; ахлоқан тарбияланганлик даражаси. Дастур асосида қуйидаги йўналишлар бўйича алоҳида тарбиявий ишлар режаси тайёрланади: 1. Ўқувчи оламининг ҳаётий йўналишларини диққат билан ўрганиш. 2. Характери ва хулқидаги оғишганлик сабабларини ўрганиш. 3. Ижобий йўналишга, ўзгаришга таъсир этувчи ҳаётий кўринишларни танлаш. 4. Мулоқотни ўсмирнинг «психологик ҳудуд»идан излаш. 5. Ўқувчилар хулқида намоён бўладиган ҳар хил ўзгаришлар устидан доимий назорат ўрнатиш. Маълумки, тарбияланганлик натижаларини ҳисобга олиш ўқувчилар хулқида, уларнинг ўқиш ва меҳнатга муносабатларидаги ўзгаришларни ифодалайдиган педагогик ўлчамдир. Тарбиявий фаолият самарадорлигини аниқлаш масаласи мураккаб масаладир. Ҳеч қачон тарбия натижаларини ўтказилган тадбирлар, иштирок этган ўқувчилар сони билан белгилаб бўлмайди. Тарбиявий иш самарадорлиги ўқувчиларнинг тарбияланганлик даражаси билан баҳоланади. Тарбиячи-ўқитувчи ўқувчиларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини чуқур ҳис этган ҳолда, вазиятни ҳисобга олиб мавзу танлаши, уни тайёрлаш ва ўтказишда ўқувчиларни кенг кўламда жалб этиши, юксак самарадорликни таъминланишига эътибор бериш билан бирга, ҳар бир ўқувчинииг хоҳишини ҳисобга олиши, кескин рад этмасдан, яна ўйлаб кўриш, қизиқарлироқ, соддалироқ йўлларини топишинг мумкин деб умидвор қилиш ўринлидир. Тарбиячи ижодкор бўлиши, ўқувчиларни ҳам ижодий фаолият юритишга жалб этиши, ҳар бир тарбияланувчида ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қилишга ишонч ҳосил қилиши лозим16. Юксак маънавий комиллик, юрт озодлиги, ободлиги ва халқ фаровонли йўлида фидокорона меҳнат қилиш, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчан бўлиш, ўзида иродавий сифатларни тарбиялай олиш, интилувчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик, ижодкорлик ҳамда мустақил фикрлаш лаёқатига эга бўлиш каби хислатларни мустақил Ўзбекистон Республикаси ҳаётида устувор бўлган тамойиллар сифатида эътироф этиш мумкин. Download 451.36 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling