133
Таянч иборалар: Фойда, соф фойда, рентабеллик, молиявий режа, узоқ
муддатли молиявий режа, қисқа муддатли молиявий режа, даромад,
капитал, баланс, кредит.
26.1 Фойданинг моҳияти ва унинг турлари
Корхонанинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини баҳолашда
асосий кўрсаткичлардан бири
фойдадир.
Фойда деб - маҳсулотни улгуржи баҳода сотишдан ҳосил бўлган пул
миқдоридан уни ишлаб чиқаришга сарфланган харажатларни чегириб
ташланган ҳолда пайдо бўлган соф даромадга айтилади. Корхоналар бозор
иқтисоди шароитида муваффақиятли фаолият кўрсатишида фойда
олишнинг аҳамияти каттадир. Фойда кўрсаткичи мавжуд моддий меҳнат ва
бошқа ресурслардан қай даражада фойдаланганлигини, тадбиркорликнинг
қайси самарали шакллари қўлланилганлигини ўзида акс эттирувчи
натижавий кўрсаткич ҳисобланади.
Фойдани бозор муносабатларининг ўта муҳим категорияси сифатида
талқин этиш мумкин.
Биринчидан,
фойда корхона
фаолияти натижасида олинган
иқтисодий самарани ифодалайди. Лекин ягона фойда кўрсаткичи ёрдамида
корхона фаолиятининг барча томонларини баҳолаб бўлмайди. Бундай
универсал кўрсаткичнинг бўлиши ҳам мумкин эмас, айнан шунинг учун
корхонанинг ишлаб чиқариш - хўжалик ва
молиявий фаолиятини ташкил
қилишда кўрсаткичлар тизимидан фойдаланилади.
Иккинчидан, фойда рағбатлантирувчи вазифани бажаради. Бунинг
мазмуни шундан иборатки, фойда бир вақтнинг ўзида молиявий натижа ва
корхонанинг молиявий ресурсларининг асосий элементи ҳисобланади. Ўз-
ўзини молиялаштириш тамойилининг реал таъминланиши олинган фойда
билан белгиланади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан
кейин корхона ихтиёрида қоладиган соф фойда корхонанинг ишлаб
чиқариш
фаолиятини кенгайтиришни, корхонанинг илмий-техника ва
ижтимоий ривожланишини, ходимларни моддий рағбатлантиришни
молиялаштириш учун етарли бўлиши керак.
Учинчидан, фойда турли даражадаги бюджетларни рағбатлантириш
манбаларидан бири бўлиб ҳисобланади. У солиқлар кўринишида
бюджетларга келиб тушади.
Бозор иқтисодиёти шароитида фойданинг аҳамияти жуда катта.
Олишга интилиш товар ишлаб чиқарувчиларни истеъмолчига керак бўлган
маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини
оширишга, ишлаб чиқаришга
кетадиган харажатларни камайтиришга ундайди. Эркин рақобат
шароитида бу орқали нафақат тадбиркорларнинг мақсадига, балки
ижтимоий эҳтиёжлар қондирилишига ҳам эришилади.