Маданиятшунослик фанидан маърузалар матни биринчи боб маданият назарияси


Download 423 Kb.
bet45/85
Sana07.02.2023
Hajmi423 Kb.
#1175217
1   ...   41   42   43   44   45   46   47   48   ...   85
Bog'liq
маданиятшунослик1

Зардуштийлик таълимоти. Зардушт шахси тўғрисида турли қарашлар мавжуд. Баъзи овруполик олимларнинг айтишларича, Зардушт ўз даврида таъқибга учраган. Лекин у буюк Пайғамбар, инсоният нажоткори деб эътироф этилган. Милоддан олдинги VII-VI асрлардаги сиёсий вазиятда Зардуштнинг муҳим рол ўйнаган фаолияти уни нажоткор сифатида талқин қилишга сабаб бўлган. Коҳинлар халққа қарашли яйловларни тортиб олиб, халқ жамоа бўлиб сиғинадиган ибодатхоналарни вайрон қилиб, ўзларининг сиёсатини юргизар эдилар. Бунинг устига эски культларга сиғиниш оқибати ҳам коҳинлар ва зодагонларнинг манфаати учун мос эди. Мана шундай таранг вазиятда Зардушт кенг омманинг манфаатларини ҳимоя қилиб, ўтроқ чорвадор қабилаларнинг вакили сифатида майдонга чиқди ва Пайғамбар деб эътироф этилди.
Сосонийлардан беш-олти аср аввал ўтган Аҳмонийлар даврига оид матнларда, гарчи Зардуштнинг номи эсланмаса-да, унинг ғоялари, жумладан, Хурмуздни шарафлаш ғояси бош ўрин тутади. Аксарият манбаларда Зардушт милоддан олдинги ХIII - VII асрлар оралиғида яшаган деб эътироф этилади. Зардушт таъқибга учрагани учун ҳам, онгли равишда унутилган бўлиши мумкин. Янгилик ва янги ғояларнинг тақдири ҳар доим ҳам осон кечавермаган.
Хўш, Зардушт яратган таълимот нимадан иборат? У қандай шакл ва мазмундаги таълимот эди? Унинг таълимоти - эзгулик, ёвузлик, нур ва зулмат руҳий кучлари ўртасидаги курашдан иборат эди. Зардуштийлик жамиятдаги мутаносибликни бузадиган номутаносибликка қарши кураш эди. Зардуштийлик таълимоти дастлаб яратилган пайтда диний эмас, балки ижтимоий-сиёсий қарашларнинг мажмуи сифатида юзага келган. Зардушт ўз таълимотини яратган пайтда эзгулик ва ёвузликни ижтимоий муаммо сифатидагина илгари суриб қолмади, балки ахлоқий қарашларини фазо билан, хусусан, оламнинг яратилиши ва тузилиши билан боғлади. Оқибатда бу қараш аста-секин илоҳий тус олди. Унинг таълимоти фақат даврлар синовидан ўтиш билан бирга, жуғрофий жиҳатдан ҳам кенгая борди. Бизнинг заминимиздан тортиб Мидия, Форс, Арманистон, Кичик Осиё, Ҳиндистон (хусусан, Панжоб) каби қатор мамлакатларга ёйилди. Барча диний оқимларнинг вазифаси маълум бир ҳудудда маданий ва маънавий юксалишни юзага келтирганидай, зардуштийлик ҳам бу мамлакатларда маданият ўчоқларини барпо қилди.
Зардушт шахси асрлар оша шунчалик машҳур бўлганки, у афсонавий қаҳрамон каби донг таратган. Милоддан олдинги I асрда яшаган Рим тарихчиси Помпей Трог «Филиппин тарихи» асарида Зардуштни Бақтрия подшоҳи деб ёзган.
Зардушт Хўрмузддан муҳим қонун сўрар экан: «Ер юзида энг яхши жой қаерда?» дейди. Хўрмузднинг Зардуштга берган жавоби шу бўлди: «Қаерда солиҳ - Хўрмузднинг мухлиси ерга яхши ишлов берса, чорва туёқларини кўпайтирса, яхши жой ўша ердир.» Зотан, меҳнатнинг бу турлари инсоннинг фаровон яшаши учун кафолат. Айни пайтда Хўрмузднинг бу жавобидан агротехника қоидаларининг илк илдизлари тўғрисида хабардор бўламиз. Дарвоқе, Зардушт Хўрмузддан қонун сўраган эди, Хўрмузд қонуннинг ижроси сифатида меҳнатни берди. Гарчи қонун тушунчаси бугунги кунда ўз мазмуни ва моҳиятини ўзгартирган бўлса-да, «Авесто» қонуни ва ҳозирги қонун тушунчалари ўртасида фаолият жиҳатидан уйғунликни кўрамиз. Ҳамма даврда ҳам қонун инсон манфаатларига хизмат қилиб, инсониятни эзгуликка даъват қилишини, ёвузликнинг ҳар қандай кўринишига зарба беришини халқлар умид қилганига эътиборга олсак, Зардуштнинг саволига Хўрмузднинг берган жавоби ҳам ўз даврида муҳим қонун эканига амин бўламиз. Хўрмузднинг қуйидаги жавоби бу фикрларни яна бир бор тасдиқлайди: «Кимки чап қўли ва ўнг қўли билан, ўнг қўли ва чап қўли билан ерга ишлов берса, фойда келитиради. Шунда ер солиҳга айтади: «Эй инсон! Сен менга чап қўлинг ва ўнг қўлинг билан, ўнг қўлинг ва чап қўлинг билан ишлов беряпсан. Дарҳақиқат, мен толиқмасдан туғаман. Ҳар турли егуликни, мўл ҳосилни етиштираман.» Кимки чап қўли ва ўнг қўли билан, ўнг қўли ва чап қўли билан ерга ишлов бермаса, унга ер айтади: «Эй инсон! Сен менга ишлов бермаяпсан, сен шубҳасиз тиланчилар орасида бўласан, бегона эшиклар олдида мунғайиб турасан.» Узоқ вақт ишлов берилмасдан, экувсиз қолиб кетган ер - турмушга чиқолмай, бефарзанд ўтган қариқиз билан баравардир, деган ҳикматли фикр «Авесто» замонидан бизгача етиб келган. Бу эса турли даврлар маданиятнинг ворисийлигини ва узлуксизлигини кўрсатди.
Маданий ҳаёт, биринчи навбатда, ижтимоий-сиёсий ҳаёт равнақи белгиси ва айни пайтда узоқ асрлар давомида шаклланадиган жараён бўлгани учун Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий тарихига қисқача тўхталамиз ва юқоридаги манбаларга таянамиз. Аммо ҳар бир манбанинг маълум даврдаги маданият тарихини ўрганишда ўз аҳамияти ва мавқеи бор.
Марказий Осиё тарихи милоддан олдинги даврларда Хитой йилномаларига таянган бўлса, Кўк турк хоқонлиги даврида ўз манбаларига эга бўлди. Марказий Осиё халқларининг Кўк турк хоқонлиги давридаги тарихи кўпроқ Тўба-хун хоқонлиги давридан бошланади. Тўба-хун давлатида IV асрда юзага келган сиёсий вазият Марказий Осиё маданияти тарихида ҳам янги саҳифани бошлаб берди. Бу сиёсий вазият асосан Хитой империясининг таназзули ва қайта тикланиши билан боғлиқ.
Европадаги тўкилай деб турган Римни бўйсундирган халқларнинг буюк кўчиши Шарқий Осиёда 100 йил олдин юз берди. Хитой тарихида «Беш ваҳший қабилалар даври» (304-399 йиллар) деб ном олган даврда Хитойни хунлар ва сянбийлар босиб олгани ва оралиқ давлатларга асос солгани айтилади. Бу оралиқ давлатлар готлар, бургундлар ва вандаллар асос солган қиролликларга ўхшаб кетарди. Европада Болқон ярим оролида Шарқий Рим империясида нисбатан маданият юксалган эди. Хитойда эса Янцзи дарёси қирғоқларида барпо бўлган Хан империясининг меросхўри Хитой империяси ҳамон мавқени қўлдан бермасди. Заиф, ношуд Хан императорлари Хуанхэ водийсидаги ўз халқларини «ваҳший қабилалар»га ўлжа қилиб қолдириб кетди. Аммо шунча кулфатларга, ташқи ҳужумларга, ички урушларга қарамай, Хитой халқи миқдор жиҳатдан кўпайиб бораверди. V1 асрга келиб Хитойнинг тикланиши учун шароит юзага келди.
Биз Хитой тарихига шунчаки мурожаат этганимиз йўқ, аслида Марказий Осиё туркий қавмларининг тарихи шу даврдаги Хитой тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Хитой билан Марказий Осиё Шарқидаги туркий қавмларнинг ижтимоий-тарихий муносабатлари худди шу даврдан аниқроқ юзага чиқди. Милоддан аввалга V асрда - Чин-хун давридаги тарихий муносабатлар алоҳида тарихий даврни ташкил қилади. Хан сулоласи билан Хун тангриқутлигидаги тарихий, маданий муносабатлар алоҳида тарихий даврни ташкил қилади ва бу алоҳида мавзу бўлгани, бунинг устига, бу даврдаги тарихнинг маълум қоронғу саҳифалари ҳали борлиги учун бу ҳақда фикр юритиш учун кўплаб далилларга мурожааат этишга тўғри келади.
V-VII асрлардан бошлаб Марказий Осиёда ижтимоий-сиёсий воқеалар янгича тус олди. Хусусан, V аср бошларида ташкил топган Тўба - хун давлати Марказий Осиёдаги маданий муҳитга кучли таъсир этди. Бу давлат гарчи Хитойдан кўра баланд мавқе эгаллаган бўлса ҳам, Тўба аҳолиси Хитой маданиятига муте бўлиб қолди. Улар ўз тилларидан воз кечиб, фақат хитойча гапирадиган бўлдилар, эски анъаналаридан воз кечиб, сочларини қирқдилар. Хуллас, Хитой маданияти олдида сажда қилдилар.
Бу давлатнинг келиб чиқиши тарихи бор. Милодий III асрдан бошлаб узоқ бир тарихий даврда хунлар билан бошқа қабилаларнинг ўзаро чатишиб кетишидан «Тўба-хун» деб ном олган қавм келиб чиқди. Тарихда: «Отаси хун, онаси сянбий»лардан бўлганларни шимолдагилар тўба - хунлар деган ном билан юритганлар.
Тўба - хунларнинг шаҳзодаларидан бири Гирон Бур бур милодий 407 йили Тўба - хун давлатини қурди. Бу давлат Хитой тарихида Шиё давлати деб аталади. Гирон Бур бур ғоят шафқатсиз эди. У Хан сулоласи подшоҳи кучига таяниб, доим душманлари устидан ғалаба қилиб келди. Милодий 410 йили Тўба-хун давлати қудратли давлатга айланди.
Гирон Бур бур вафот этгандан кейин (425 йили) унинг ўрнига ўғиллари Гирон Жон (425-427), Гирон Тин (427-431)лар подшоҳ бўлди. Уларнинг ҳукмронлиги даврида Тўба - хун давлати билан Шимолий Вэй империяси (386 - 543) орасида узлуксиз урушлар бўлди.
Хуллас, IV аср ўрталарига келганда, Тўба-хун аҳолиси Хитой маданиятига сажда қилиши оқибатида аввалги шон-шуҳратини ва доимо уларни ғалабага олиб келган якдиллигини ҳам йўқотдилар.
Милодий V ва VI асрнинг биринчи ярмидаги ижтимоий ва маданий ҳаёт учун юнон муаррихларининг асарларидан кўра, Хитой йилномаларидаги маълумотлар аҳамиятлироқ экани тўғрисида ХIХ асрдаёқ Европа олимлари ўз фикрларини айтганлар.
Лекин милоддан аввалги асрлардаги Ўрта Осиё тарихи учун юнон манбаларининг аҳамиятини ҳам таъкидлаш керак. Аммо урушларнинг оқибатлари, қабилалар ва халқларнинг бир - бири билан қоришуви, даврнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати, қолаверса, бошқа бир қатор сабаблар қадимги давлатларни парчалади, аста-секин қабилалар ва тилларнинг, одатлар ва қонунларнинг бирлигини ҳам парчалаб ташлади, натижада ҳозир бизга етиб келган маълумотларнинг моҳияти ҳам ўзгаришга учради. Буларнинг ҳаммаси табиий жараён эди. Бу жараёнларнинг маҳсули сифатида Ўрта Осиёда бошқарувнинг удел системаси такомиллашди, яъни давлат майда ер эгаликларига бўлинди. Айни замонда ўша майда давлатлар гоҳ бирлашиб, гоҳ парчаланиб, қайтадан янги - янги давлатлар ташкил топарди.

Download 423 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   41   42   43   44   45   46   47   48   ...   85




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling