Маданиятшунослик фанидан маърузалар матни биринчи боб маданият назарияси


Download 423 Kb.
bet42/85
Sana07.02.2023
Hajmi423 Kb.
#1175217
1   ...   38   39   40   41   42   43   44   45   ...   85
Bog'liq
маданиятшунослик1

Тасвирий ва амалий санъат. Бугунги Ўзбекистон ҳудуди, умуман, Ўрта Осиё қадимдан инсоният истиқомат қилган маскан бўлганини турли маданий қатламлар тасдиқлайди. Анов маданиятидаги амалий ва тасвирий санъат намуналари ўтроқ аҳолининг турмуш тарзини тасаввур қилишга имкон беради. Бу маданиятга мансуб ёдгорликлар Ашхобод яқинидан топилган ва атроф ҳудудларга, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига ҳам тарқалган. Анов маданиятини 1904 йили америкалик олим Р. Пёмпелли кашф қилди. Анов маданиятини у неолит даврига мансуб деб қарайди ва милоддан олдинги IХ минг йилликка бориб тақалишини айтади. Бу маданиятга оид ашёлар уруғчилик жамиятига хос маънавий ва моддий ёдгорликлардан иборат. Бу даврдаги санъат ибтидоий санъат кўринишини ифода этади. Шунга қарамай, сопол идишларнинг ўзига хос кўриниши диққатга сазовор. Сопол идишларнинг сирти нақш билан безитилган ва қандайдир учи ўткир асбоб билан чизилган. Анов маданиятига мансуб идишларнинг аксарияти ё геометрик шаклда ёки тўлқинсимон чизиқ билан учбурчак ва тўртбурчак шаклда безатилган. Баъзи идишларнинг четларида нақш бор. Бундай нақшли буюмлар Самарқанддаги Афросиёб шаҳарчасидан, қадимги Марвдан ва Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларидан топилган. Бу топилмалар қадимги маданиятнинг ўчоқлари борлигидан гувоҳлик беради. Идишлардаги нақшлар ва шакллар шунчаки безак учун қилинмаган, балки буларда магик тасаввурлар ўз ифодасини топган: ё фазони қандай тасаввур қилганларини ифода этганлар ёки кундалик ҳаёт билан боғлиқ удумларни кўрсатганлар. Умуман, ибтидоий даврдаги бирон шакл ёки сурат фақат безак учун қилинмаган, балки унинг остида албатта бирон мифологик тасаввур ётади.
Анов маданиятига оид муҳим топималардан бири, идишлардан ташқари, аёллар ҳайкалчалари, одам ва қуш бошли қаноти бор шер тасвирланган тош муҳрдир. Бу маданий қатламни Анов маданиятига қадимги халдей ва юнон маданиятининг таъсири, деб қаровчилар ҳам бор. Афросиёб девор суратидаги отлар ҳам қанотли шаклда тасвирланган.
Македониялик Искандар қўшинлари - эллинлар Ўрта Осиёни истило қилгандан кейин, бу ўлкада юнон маданиятининг изларини кўрамиз. Ўрта Осиё Салавкийлар давлати қўл остига киргач, мил.ав. III асрда Ўрта Осиё, Шимолий Эрон ва Афғонистон ҳудудида мустақил давлатлар-Шарқда Бақтрия давлати, ғарбда Парфия давлати барпо бўлди.
Айниқса, Бақтрия давлатида юнон маданияти кучли из қолдирди. Жумладан, будда ҳайкалларида юнон ҳайкалтарошлиги услубига хос унсурлар мавжуд. Парфия маданияти анча мураккаб. Рим империясига (мил. ав. I аср) рақобат қила оладиган қудратли давлат Парфия бўлиб, Ўрта Ер денгизи, Кичик Осиё, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудлари шу давлатга қарашли эди. Бу ерда кўзга ташланадиган маданий қатлам - бу ўлкадаги меъморчилик ёдгорликларидир. Мустаҳкам қалъалар ва шаҳарлар барпо қилишга Парфия давлати алоҳида эътибор берди. Қолаверса, иқтисодий юксалиш ҳам бунга имкон берди. Юлий Цезар билан бир вақтда консул бўлган, Спартак қўзғолонини бостирган лашкарбоши Марк Красс Рим - Парфия урушида енгилиб, ҳалоқатга учради. Нерон даврида ҳам Рим легионлари Парфиядан мағлубиятга учраган.
Қадимий ёзма манбалар Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларида меъморчилик ёдгорликларидан ташқари, юксак бадиий ҳунармандчилик намуналари борлигини тасдиқлайди. Жумладан, милодий I асрга оид Хан йилномасида Хитой сайёҳи ўша пайтда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини ҳам ўз ичига олган Катта Юэчжи ва Гибин тўғрисида шундай ёзади: «Хунлар катта юэчжиларни тор-мор келтиргандан кейин, катта юэчжи ғарбда Дахия давлатини босиб олди (Бухоро ҳам Дахия давлати таркибига кирган - Н.Р.). Осмон ўғли (яъни Хитой императори - Н.Р.) олган маълумотларга кўра, Довон, Дахия ва Аньси катта давлатлардир. Бу давлатларда ноёб буюмлар бор. У ерда ўтроқ ҳаёт кечирадилар. Ҳунармандчилик буюмлари ўрта шоҳликлар ҳунармандчилик буюмлари билан ўхшашдир»4 Гибин - Кобулистон, катта юэчжи - массагетлар бўлиб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини ўз ичига олган.
Фақат шугина эмас. Ер остидан археологлар тош ва сополдан ясалган ҳайкаллар, деворий суратларнинг қолдиқлари, бадиий безалган буюмларни кўп топганлар. Юнон истилосигача ҳам Ўзбекистон ҳудудида анъанавий тасвирий санъат амалда эди. «Амударё хазинаси» деб ном олган буюмлар амалий санъатнинг ўзига хослигини кўрсатувчи далилдир. Юнон муаррихларининг ёзишича, Македониялик Искандар юришлари пайтида Ўрта Осиёдаги ибодатхоналарда, саройларда, уйларда Зариадр ва Одатида ривояти сюжетларига ишланган тасвирларни учратганлар.
Юнон истилосидан кейин Ўзбекистон тупроғига эллинистик маданият таъсирлари кириб кела бошлади. Дастлаб ўзгаришсиз ҳолда кириб келди. Термиз, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда топилган тароқларда дубулға кийган жангчи тасвирланган. Тароқ тошдан ясалган. Бу тасвирларнинг кўпчилигида Искандар тасвирланган. Бу топилмаларнинг санаси мил. ав. IV-III асрларга оид. Шунингдек, бу давр тангаларидаги юнон ҳукмдорларининг тасвирлари ҳам Юнон-Бақтрия маданиятининг қадимги Ўзбекистон ҳудудида равнақ топганидан далолат беради.

Download 423 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   38   39   40   41   42   43   44   45   ...   85




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling