Маданиятшунослик фанидан маърузалар матни биринчи боб маданият назарияси
Download 423 Kb.
|
маданиятшунослик1
Ислом ва илмий билимлар ривожи. Исломнинг ёйилиши ва Ўрта Осиёда мустаҳкам қарор топишида араб тили асосий ролни ўйнади. «Тарихда фавқулодда бўлган ва биз Уйғониш деб атайдиган даврни яратган кучлар»2 худди шу даврда юзага келди. Уйғониш даврининг буюк намояндалари ўзларининг амалий фаолияти, тарих, фалсафа, мантиқ, шунингдек, аниқ фанлар соҳасидаги кашифиётлари билан Ўрта Осиё тарихида чуқур из қолдирдилар.
Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (780, Хива - 850, Бағдод). Бағдодга таклиф қилинган. Аввал халифа ал-Маъмун (813-833), сўнгра ал-Мутасим (833-842), ал-Восиқ (842-847) саройида ишлади. У Шарқнинг илк академияси - «Байт ул-ҳикма» (Донолар уйи)да фаол меҳнат қилди. Бу ерда унинг раҳбарлигида Аҳмад Фарғоний, Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий каби Ўрта Осиёлик олимлар тардқиқотлар олиб борганлар. Хоразмий «Ал-жабр вал-муқобала», «Китобу сурат ал-арз» каби асарлари билан математика, астрономия фанларининг асосчиларидан бўлди. Хоразмий «Ал-жабр» асарида олимларни уч тоифага бўлади: Биринчи тоифаси ўзигача қилинмаган ишларни қилиб, ўша ишларни келажак авлодларга қолдириб, бошқалардан ўзиб кетадилар. Иккинчи тоифаси ўтмишдошларининг меҳнатларини шарҳлаб берадилар ва бу билан қийинчиликларни енгиллаштирадилар, қулфларни очадилар, йўлларни ёритадилар. Бу эса тушунишни енгиллаштиради. Учинчи тоифаси баъзи китоблардаги нуқсонларни топади ва узилган жойларини улайди. Шу тасниф бўйича Хоразмийнинг ўзини «Алгебра»нинг муаллифи сифатида биринчи гуруҳга, «арифметика»си билан иккинчи гуруҳга киритиш мумкин. Хоразмий астрономия соҳасида ҳам ишлар яратган. Бағдод расадхонасида ўтказилган кузатишлари ва ҳиндларнинг астрономия жадвалларини ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш асосида янги «Астрономия жадвали»ни тузди. Бу асар ХШ асрда араб тилидан лотин тилига италян олими Аделард Батский томонидан таржима қилинди. Хоразмий «Устурлоб ҳақида рисола», «Қуёш соатлари тўғрисида рисола», «Тарих рисоласи», «Мусиқа рисоласи» каби асарлар ҳам ёзганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Абу Наср Форобий (873, Ўтрор - 950, Дамашқ) Форобда ўқиган, Шошда бўлган, Бухоро, Самарқанд, Бағдодда таълим олган. Ҳалабда, Дамашқда яшаган. 160 дан ортиқ ишлар яратган. Форобий қомусий олим сифатида фалсафа, мантиқ, мусиқа, тиббиёт, математика, астрономия, тилшунослик ва бошқа бир қатор фанларга оид рисолалар билан Шарқ оламида машҳурдир. Форобий қадимий фалсафа билан танишар экан, аввало Аристотел асарларини синчиклаб мутолаа қилган. Зотан, Аристотелнинг асарлари Шарқ тилларига таржима қилиниб, кенг кўламда ўрганилар эди. Лекин Аристотелдан кейин фалсафа соҳасида Шарқда Форобий сингари зот чиқмади. У фикр доираси кенглиги учун Аристотелдан кейинги мутафаккир-»муаллими ас-соний» деб аталади. Муаррихларнинг хабар беришларича, Дамашқнинг ўзида Форобийнинг ўзидан таълим олувчиларнинг сони ўн мингга етган. Форобий шуғулланган ҳар бир соҳа, у ёзган ҳар бир асар Ўрта асрларда олимлар таҳсинига сазовор бўлган. Мантиқ илмининг буюк устози, араб олими Ибн ал-Қифтий (1172-1248) Форобийнинг «Иҳсо ал-улум ва ат-таъриф» (Илм саноғи ва уларнинг таърифи) асарига таъриф бериб: «Бундай асарни ёзишда ҳеч ким Абу Насрдан ўзиб кета олмаган», дейди. Байҳақий (вафоти 1169) Форобийни исломдан кейин ўтган энг буюк ҳаким деб таърифлайди: «Ҳакимлар аслида тўртта бўлган экан. Иккитаси исломдан олдин чиққан - Арасту ва Искандар (Афрудусий) бўлганлар. Иккитаси ислом даврида етишган. Улар Абу Наср билан Абу Али ибн Синодир... Ибн Сино Абу Насрнинг китоблар орқали унга шогирд саналган»3. Шарқдаги яна бир машҳур тарихчи ва библиограф Ибн Халликон (1211-1282) ёзади: «Абу Наср Форобий мантиқ, мусиқа ва бу иккала фандан ташқари яна бир қанча соҳаларга оид асарлар муаллифи ва у мусулмонларнинг энг йирик файласуфидан саналади. Ҳеч ким бу кишичалик илм-фан даражасига эришолмаган»4. Абу Наср шеърлар ҳам ёзгани тўғрисида Ибн Абу Усайбия хабар бериб, унинг шеърларидан намуналар ҳам келтиради5. Форобий юнон олимларининг асарларини таржима қилиб, ўша асарларга шарҳ ёзгани ҳам маълум. У Эпикур, Зенон, Птоломей, Парфирий асарларига шарҳлар ёзган, турли фалсафий мактаблар-эпикурчилар6, стоиклар7, пифагорчилар8 мактабларини яхши билган. Форобийнинг фандаги энг катта хизматларидан бири «Афлотун қонунлари моҳияти» ва «Аристотель фалсафаси» асарларини яратгани бўлди. Форобийнинг ҳар икки асари ҳам Афлотун ва Аристотелнинг асарларига шарҳдир. Араб тили, қолаверса, форс тили ҳам, Ўрта Осиё маданий ва илмий ҳаётида катта рол ўйнади. Ўрта Осиё Шарқдаги илм-фаннинг энг муҳим марказларидан бирига айланишида араб ва форс тиллари катта омил бўлди. Қолаверса, алоҳида диний-фалсафий оқим - тасаввуфнинг шаклланиб, ривож топиши ҳам араб ва форс тилларидаги асарларга боғлиқ бўлди. Download 423 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling