Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Download 1.53 Mb.
bet256/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   252   253   254   255   256   257   258   259   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Жанговар вазият – ҳарбий қисм ёки бўлинманинг душман билан бевосита юзма-юз тўқнашиши ёки тўқнашиш хавфи би­лан тавсифланувчи оператив вазият. Бундай тўқнашиш уруш шарои­тида ҳам, тинчлик шароитда ҳам вужудга келиши мум­кин. Тинч­лик шароитдаги жанговар вазият Ўзбекистон Респуб­ликаси ҳуду­дининг бўлинмаслиги ва дахлсизлигига қарши қа­ратилган нодав­лат ҳарбий тузилмаларнинг қуролланган ҳара­катлари натижасида юзага келиши мумкин. Масалан, бу ҳудуд­нинг қайсидир қисми устидан назорат ўрнатиш ёки сепаратчи­ларга ёрдам бериш мақса­дида мазкур давлатга тегишли бўлмаган ҳарбий қисмнинг чет эл давлати томонидан ўтиши бўлиши мумкин.
Шарҳланаётган жиноятни жанговар вазиятда содир этган­лик учун ЖК 279-моддаси 3-қисми бўйича жавобгарлик етка­зилган оқибатлардан қатъи назар келиб чиқади.
280 - м о д д а. Буйруқни бажармаслик
Буйруқни эҳтиётсизлик орқасида бажармаслик кўп миқдорда зарар етказилиши ёки оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
икки йилгача хизмат юзасидан чеклаш ёки бир йилгача инти­зомий қисмга юбориш билан жазоланади.
Ўша қилмиш жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Жиноят объекти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Куч­ларида белгиланган бўйсуниш тартиби, шунингдек, ўзганинг соғлиғи, мулки ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят эҳтиётсизлик орқасида кўп миқдорда зарар етказилиши ёки оғир оқибатлар келтириб чиқар­ган буйруқни бажармасликда ўз ифодасини топади.
3. Жиноят кўп миқдорда зарар ёки оғир оқибатлар етказилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
4. Кўп миқдордаги зарар деб, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган зарарга айтилади.
5. Оғир оқибатлар – ЖК 279-моддаси 2-қисмида кўзда тутил­ган оқибатлар билан айнан бир хил (ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг).
6. Субъектив томондан жиноят айбнинг эҳтиётсизлик шак­лида содир этилади. Жиноятни содир этиш мотиви ва мақсади квалификация учун аҳамиятга молик эмас.
7. Субъект ҳар бир ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин.
8. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида жанговар вазиятда буйруқни бажармаслик учун жавобгарлик белгиланган (Жанго­вар вазият тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қа­ранг).
281 - м о д д а. Бошлиққа қаршилик кўрсатиш
ёки уни хизмат вазифаларини
бузишга мажбур қилиш
Бошлиққа, шунингдек, ҳарбий хизмат юзасидан ўзига юкла­тилган вазифаларни бажараётган бошқа шахсга қаршилик кўрсатиш ёки уни мазкур вазифаларни бузишга мажбур этиш -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёхуд бир йилгача интизо­мий қисмга юбориш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб содир этилган бўлса;
в) оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
Ўша ҳаракатлар жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти ҳарбий бўйсунишнинг ўрнатилган тартиби ҳисобланади.
2. Жабрланувчи юқори унвонга эга ёки бошқа шахс (қоровул, соқчи, патруль ва бошқалар) ҳисобланади.
3. Ҳарбий хизмат юзасидан ўзига юклатилган вазифаларни бажараётган бошқа шахс деб навбатчи, патруль, соқчи, жамоат­чилик тартибини ва жамоатчилик хавфсизлигини сақлаш бўйича ҳарбий наряд таркибига кирувчи бошқа шахсга айтилади.
4. (Бошлиқ тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг.)
5. Объектив томондан жиноят бошлиққа, шунингдек, ҳарбий хизмат юзасидан ўзига юклатилган вазифаларни бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ёки уни мазкур вазифаларни бузишга мажбур этишда ўз ифодасини топади.
6. Қаршилик кўрсатиш деб, бошлиққа ёки бошқа ҳарбий хизматчига муайян хизмат юзасидан юклатилган вазифани бажа­ришга йўл қўймасликка айтилади (масалан, шаҳарда жамоатчилик тартибини бузганлиги учун ҳарбий хизматчини ушлашда патруль хизматчиларига қаршилик кўрсатиш ва ҳоказолар).
7. Очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатиш деб, хизмат мажбу­ри­ятларини бажаришни бузишга ёки ҳарбий хизмат манфаатла­рига қарши ушбу мажбуриятлар мазмунини ошкора ўзгартиришга ҳара­кат қилишга қаратилган ҳаракатлар баҳоланади. Ҳарбий хиз­матга қарши ижтимоий хавфли ҳаракатлар очиқ, қўпол хусуси­ятга эга бўлиб, одатда, ҳарбий хизмат вазифаларини бажарувчи бошлиқ ёки бошқа шахс шахсияти устидан зўрлик ишлатиб амалга оширилади.
8. Қаршилик бошлиқ ёки унинг хизмат мажбуриятларини қо­нуний равишда бажариб турган бошқа шахсга нисбатан кўрсатилиши мумкин.
Бошлиқ ҳарбий хизмат вазифаларини бажараётган ҳолатлар деб, ўз хизмат ваколатларини амалга ошираётган (қўл остидаги­ларга раҳбарлик қилаётган, ўқув машғулотлари ўтказаётган, уларни на­рядга киришишга тайёрлаётган ва ҳоказо) ҳолатларга айтилади. Ай­рим ҳолларда бошлиқ хизмат мажбуриятларини ба­жаришни тўсатдан бошлаши мумкин. Масалан, бошлиқ шаҳарда ўзига бўйсу­нувчининг жамоат тартибини бузаётганида кўриб қолса, мазкур ғай­риқонуний ҳаракатларни тўхтатишни талаб қи­лади.
Бошқа ҳарбий хизматчилар (бошқа шахслар) ҳарбий хизмат юзасидан ўзларига юклатилган вазифаларни бажараётган ҳолат­лар деб, махсус мажбуриятлар, масалан, қоровул, патруль ёки ички наряд таркибида ёхуд бошлиқ буйруғи билан бажарилаётган ҳолатлар ҳисобланиши мумкин.
9. Мажбур этиш деганда, айбдорнинг бошлиқни айбдор ёки бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб бошлиқни ёки бошқа шахснинг хизмат мажбуриятларини бузишга мажбур қилишга қа­ратилган фаол ва ташаббускорона хатти-ҳаракатлари (масалан, ноқонуний равишда қисқа муддатли таътил бериш, хизмат юзаси­дан у ёки бу мажбуриятларни бажаришдан озод этиш) тушуни­лади.
Хусусан, иккинчи йил хизмат қилаётган айрим ҳарбий хиз­матчиларнинг сержантга нисбатан зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиш орқали ўзлари учун ёш ҳарбийларга нисбатан хизматнинг енгил­лаштирилган шароитларини талаб қилишларини ҳам мажбур этиш сифатида квалификация қилиш лозим.
Айбдорнинг куч ишлатиб бошлиққа ёки ҳарбий хизмат юза­сидан ўзига юклатилган вазифаларни бажараётган бошқа шахсга қаршилик кўрсатишида ифодаланган қаршиликдан фарқли ўлароқ, мажбур этиш бу шахсларнинг онги ва иродасига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишни кўзда тутади.
10. Мажбур этиш бошлиқ ёки бошқа шахс ҳарбий хизмат юза­сидан ўзига юклатилган вазифаларини бажараётган пайтда ҳам, келгусида бажариши лозим бўлган (масалан, бошлиқнинг бўйсу­нувчини янги ишга ўтишга мажбур этиши) бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мажбур этишнинг белгиси жабрланувчига бирор-бир ишни бажариш учун қандайдир муайян ҳаракатни ба­жаришдан воз кечишга оид талаб қўйилиши ҳисобланади.
11. Қаршилик кўрсатиш ёки мажбур этиш жисмоний куч иш­ла­тиш ёхуд руҳий таъсир ўтказиш орқали содир этилиши мумкин (масалан, айбдорнинг талабини бажаришдан воз кечган ҳолда бош­лиқнинг мавқеига путур етказиши мумкин бўлган маълу­мотни тарқатиш). Агар қаршилик кўрсатишда енгил, ўрта оғир­ликда тан жароҳати етказилган бўлса, айбдорнинг хатти-ҳаракати ЖК 283-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни талаб қилмайди.
12. Жиноят таркиби учун қаршилик кўрсатиш натижасида бошлиқ (бошқа шахс) хизмат юзасидан ўзига юклатилган мажбу­риятларини, бажариш имкониятидан, маҳрум бўлиши, мажбур этиш натижасида эса ўша мажбуриятларни бузиши талаб қилин­майди. Ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришга қаршилик кўрсатишнинг ёки уларни бузишга мажбур этишнинг ўзи тугалланган жиноят ҳисобланади.
13. Субъектив томондан бошлиққа қаршилик кўрсатиш ёки уни хизмат вазифаларини бузишга мажбур этиш фақат тўғри қасд билан амалга оширилади.
14. Жиноят субъекти ҳар қандай, жумладан жабрланув­чига бўйсунмайдиган ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин.
15. Шарҳланаётган модданинг 2-қисми қуйидаги жиноят­ларнинг содир этилиши учун жавобгарлик белгилайди:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб содир этилган бўлса;
в) оғир оқибатларга сабаб бўлса.
16. (Бир гуруҳ шахслар тушунчаси тўғрисида ЖК 279-мод­даси шарҳига қаранг.)
17. Қурол деганда, штат ҳарбий қуроли (автомат, милтиқ, найза, пичоқ), шунингдек, бошқа ўқотар ёхуд совуқ қуроллар (ов милтиғи, фин пичоғи ва ҳоказолар), яъни жонли нишонни нобуд қилиш учун мўлжалланган махсус предметлар тушунилади. Ўқотар ёхуд совуқ қуролга кирмайдиган қурол сифатида ишлати­ладиган предметлар (ошхона пичоғи, болта, таёқ ва ҳоказолар) айбдорнинг хатти-ҳаракатлари ЖК 281-моддаси 2-қисми “б” банди бўйича квалификация қилиш учун асос бўла олмайди. Шу­нингдек, яроқсиз ёхуд ясама қуроллар ҳам қурол сифатида ино­батга олинмайди[425].
18. Қурол ишлатиш деганда, ундан мақсадга мувофиқ (маса­лан, ўқ отиш, пичоқ уриш ва ҳоказолар) ёхуд руҳий таъсир ўтказиш (кўрсатиш, қўрқитиш) мақсадида фойдаланиш тушуни­лади.
Қуролдан унинг конструкцияси ва моҳиятидан келиб чиқади­ган яксон қилувчи восита сифатида эмас, балки фақат калтаклаш предмети сифатида фойдаланиш қуролни қўллаш ҳисоблан­майди[426].
19. (Оғир оқибатлар тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг.) Шарҳланаётган моддага нисбатан мазкур белги ўзига хос алоҳида хусусиятларга эга эмас.
20. ЖК 281-моддаси 3-қисми шарҳланаётган жиноятнинг жанговар вазиятда содир этилиши учун жавобгарлик белгилайди (ЖК 279-моддаси 3-қисми шарҳига қаранг).
21. Баъзи ҳолларда ҳарбий хизматчи бошлиққа ёки бошқа ҳарбий хизматчига қаршилик кўрсатишдан илгари жамоат жойла­рида зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкни талон-торож қилиш орқали қоидани бузганлигида ифодаланган безорилик қилган ҳолларда қаршилик кўрсатиш безорилик хатти-ҳаракатларини тўхтатиш бўйича чораларга жавоб бериш ҳисобланади. Бундай ҳолларда икки жиноятнинг реал жами – ЖК 281-моддаси ва ЖК 277-мод­дасида назарда тутилган ҳарбий ва умумжиноий – яққол кўзга ташланади.
282 - м о д д а. Бошлиқни қўрқитиш
Жанговар вазиятда бошлиқни ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, бундай ҳаракат амалга оширилиши учун етарли асослар мавжуд бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Жиноят объекти ҳарбий бўйсунишнинг ўрнатилган тар­тиби, ўзгаларнинг ҳаёти ва саломатлиги ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят жанговар вазиятда ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, агар бундай ҳаракат амалга оширилиши учун етарли асос мавжуд бўлса, бошлиқни ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитишда намоён бўлади. Бундай хатти-ҳаракатлар жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 112-моддаси бўйича квалификация қилишни талаб этмайди. (Бу ҳақда батаф­силроқ ЖК 112-моддаси шарҳига қаранг).
3. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Жиноятни содир этиш мотиви ва мақсади квалификация учун аҳамият касб этмайди.
4. Жиноят субъекти – лавозими ёки унвони бўйича бўйсу­нишда бўлган ҳарбий хизматчи.
283 - м о д д а. Баданга шикаст етказиш
Бошлиқни дўппослаш, унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш у ҳарбий хизмат юзасидан ўз вазифаларини бажарганлиги муносабати билан ёки бажараётган вақтда содир этилган бўлса, -
уч йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Баданга оғир шикаст етказиш, шунингдек, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб содир этилган бўлса, -
уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жа­золанади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда ту­тилган ҳаракатлар жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жа­золанади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти уставда белгиланган фаолиятни таъминловчи ҳарбий бўйсуниш, ўрнатилган тартиб ҳисобланади. Қўшимча объектларга командирлар таркиби ҳарбий хизматчиларининг саломатлигини киритиш мумкин.
2. Объектив томондан жиноят бошлиқни ҳарбий хизмат юза­сидан ўз вазифаларини бажарганлиги муносабати билан ёки ба­жараётган вақтида дўппослаш, унинг баданига енгил ва ўртача оғир шикаст етказишда ифодаланади.
3. (Дўппослаш, баданга енгил ва ўртача оғир шикаст етказиш тушунчалари тўғрисида ЖК 105, 109 ва 110-моддалари шарҳига қаранг.)
4. ЖК 283-моддаси бўйича, бошлиқнинг баданига шикаст ет­казганлиги учун жиноий жавобгарлик бошлиқнинг ҳарбий хизмат юзасидан мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан зўрлик ишлатилган бўлса, келиб чиқади.
5. Хизмат юзасидан вазифалар деганда, ҳарбий уставларга мувофиқ ўрнатилган лавозим мажбуриятларини бажариш тушу­нилади. Бу ҳарбий навбатчилик ва бошқа ҳарбий хизматда бўлиш, командир (бошлиқ) томонидан берилган ёки топширилган буй­руқ, фармойиш ёки вазифаларни бажариш, хизмат вақти кун тар­тибида ўрнатилган муддат давомида ҳарбий қисм ҳудудида бўлишдан иборат бўлиши мумкин.
6. Жиноят кодекси 283-моддаси билан квалификация қилина­диган зўравонлик ҳаракатлари илгари бўйсунувчининг бошлиқ хизмат фаолиятидан норозилиги замирида (таътил бермаганлиги учун бошлиқ устидан зўрлик қилиш), ёхуд унинг мазкур вақтдаги муайян ҳаракатлари (бошлиқни бўйсунувчига нолойиқ хатти-ҳа­ракати муносабати билан танбеҳ бергани учун дўппослаш) ва ҳо­казолар туфайли содир этилиши мумкин.
7. Рашк, ҳасад ёки бошқа шахсий муносабатлар мотивлари бўйича бўйсунувчи томонидан бошлиқнинг дўппосланиши, унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилиши шарҳланаёт­ган жиноят таркиби белгиларига кирмайди. Айбдорнинг бундай хатти-ҳаракатлари муайян ишнинг ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ЖК 104, 109, 110-моддалари бўйича умумжиноий жиноят­лар сифатида квалификация қилинади[427].
8. Жиноят бошлиқнинг ҳарбий хизмат юзасидан ўз вазифала­рини бажариб турган жойида ҳам, ундан ташқарида ҳам содир этилиши мумкин.
9. Бошлиққа нисбатан зўрлик ишлатиш унга қаршилик кўрсатиш ёки хизмат мажбуриятларини бузишга мажбур этиш жараёнида қўлланилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 281-моддаси бўйича квалификация қилинади ва ЖК 283-моддаси би­лан қўшимча квалификация қилинмайди.
10. Жиноят баданга тегишли оғирлик даражасидаги шикаст етказилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
11. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир эти­лади. Айбдор бошлиққа зўрлик ишлатаётганлигини англайди, унинг соғлиғига зарар етказишни хоҳлайди.
Агар жиноят бошлиқнинг ҳарбий хизмат юзасидан мажбури­ятларини бажараётган вақтида содир этилмаса, субъектни айблаш учун бошлиқ соғлиғига шикаст етказиш унинг ўз хизмат вазифа­ларини бажарганлиги юзасидан етказилган бўлиши шарт.
12. Жиноят субъекти зўрлик ишлатилаётган шахсга нисбатан хизмат юзасидан ёки ҳарбий унвонига кўра доимий ёки муваққат бўйсунувчи ҳарбий хизматчи ҳисобланади.
13. Бир-бирига тобе бўлмаган, яъни тенг муносабатда бўлган бир ҳарбий хизматчи томонидан иккинчисини ёки ҳарбий унвони кичикнинг ҳарбий унвони каттани ёхуд ҳарбий унвони каттанинг унвони кичикни дўппослаши ёки соғлиғига шикаст етказиши, ЖК 285-моддасига мувофиқ, ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш деб квалификация қилинади.
14. Мазкур модданинг 2-қисмида бир гуруҳ шахслар томо­нидан ёки қурол ишлатиб бошлиқни дўппослаганлик, унинг бада­нига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилганлик учун жавобгар­лик белгиланган.
15. ЖК 283-моддасида назарда тутилган жиноят таркибининг квалификация қилиш белгилари юқорида кўриб чиқилган бош­лиққа қаршилик кўрсатиш ёки уни хизмат вазифаларини бузишга мажбур қилиш таркибининг квалификация қилинган белгилари билан айнан ва мазкур моддага татбиқан қўшимча шарҳлашни талаб қилмайди.
16. (Баданга оғир шикаст етказиш тушунчаси тўғрисида ЖК 104-моддаси шарҳига қаранг.)
17. Бошлиққа ҳарбий хизмат юзасидан ўз вазифаларини ба­жарганлиги муносабати билан ёхуд бажараётган вақтда баданига оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 283-моддасининг 2-қисми ва ЖК 104-моддасининг 2-қисми “д” банди бўйича квалификация қили­нади, чунки ўлишга сабаб бўлиш ЖК 283-моддаси 2-қисми дис­позицияси билан қамраб олинмаган.
18. Шарҳланаётган моддада кўрсатилган ҳолатларда бош­лиқни қасддан ўлдириш ЖК 97-моддаси 2-қисми “г” банди билан квалификация қилиниши лозим. Бу ҳолатда жиноятнинг ЖК 283-моддаси 2-қисми билан қўшимча квалификация қилиш талаб қи­линмайди.
19. ЖК 283-моддаси 3-қисми шарҳланаётган модданинг 1 ёки 2-қисмида кўзда тутилган қилмишларни жанговар вазиятда содир этганлик учун жавобгарликни белгилайди (Жанговар вазият тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг).
20. ЖК 283-моддаси бўйсунувчининг бошлиққа нисбатан унинг қонуний хизмат вазифалари муносабати билан қўллаган зўрлик ишлатиш хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни белги­лайди. Агар бошлиққа нисбатан зўрлик ишлатиш бошлиқнинг қонунга хилоф ҳаракатларидан ҳимояланиш тариқасида қўлланган бўлса, бўйсунувчининг шарҳланаётган модда бўйича жавобгарлиги истисно қилинади. Бундай зўрлик ишлатиш иш­нинг муайян ҳолатларидан келиб чиқиб, зарурий мудофаа ёхуд ҳаёт ёки соғлиққа қарши жиноят сифатида тан олиниши лозим.
284 - м о д д а. Бўйсунувчининг ўз бошлиғини ёки
бошлиқнинг ўзига бўйсунувчини
ҳақорат қилиши
Бўйсунувчининг ўз бошлиғини, шунингдек, бошлиқнинг ўзига бўйсунувчини ҳақорат қилиши шундай ҳаракатлар учун интизо­мий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Қонун бўйсунувчининг бошлиқ ёки бошлиқнинг бўйсу­нувчи шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлагани учун жавобгар­лик белгилайди. Жиноят қонуни бошлиқнинг шаъни ва қадр-қимматини бўйсунувчи, шунингдек, бўйсунувчининг шаъни ва қадр-қимматини бошлиқ тажовузидан бир хил ҳимоя қилади, бу эса ҳарбий уставлар талабларига мувофиқдир.
2. Жиноят объекти ўрнатилган бўйсуниш тартиби ва бошлиқ, шунингдек, бўйсунувчининг шаъни ва қадр-қиммати ҳисобла­нади. Жабрланувчи бошлиқ ёки бўйсунувчи бўлиши мумкин.
3. Объектив томондан жиноят бўйсунувчининг айни шундай ҳақорат учун илгари интизомий жазога тортилганидан кейин бўйсунувчининг ўз бошлиғини ёки бошлиқнинг ўзига бўйсунув­чини ҳақорат қилишидан иборат.
Биринчи бор ҳақорат қилган шахс Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари интизомий уставига мувофиқ интизомий жазога тортилади. Ҳақорат шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоб­лик билан камситишда ўз ифодасини топади (ЖК 140-моддаси шарҳига қаранг).
4. Шарҳланаётган моддада кўзда тутилган жиноят ҳарбий му­носабатлар уставларида мустаҳкамланган тартибни бузади, ҳар­бий хизматчининг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайди. Жи­ноят фақат ҳарбий қисм ҳудудида ва хизмат пайтида эмас, балки мазкур ҳудудлардан ташқарида, ҳарбий хизматчининг қисқа муд­датли таътили, сафари чоғида ва бошқа пайтларда содир этилган бўлиши ҳам мумкин.
5. Агар ҳақорат қилиш ҳарбий хизматчиларнинг шахсий му­носабатлари негизида юз берган бўлиб, улар ўртасидаги тобелик муносабатига дахлдор, жабрланувчининг ҳарбий хизматга доир вазифаларини бажариши билан боғлиқ бўлмаса ёхуд мазкур ва­зифаларни ижро этиш чоғида юз берган бўлмаса, у ҳолда бундай қилмиш ҳарбий жиноят деб топилмайди. Бундай ҳақорат ЖК 140-моддасига мувофиқ квалификация қилиниши лозим[428].
6. Шаън ва қадр-қимматни таҳқирлаш – жабрланувчи шах­сининг салбий баҳоланиши, атрофдагилар олдида унинг мавқеини ерга уриш, унинг инсоний қадр-қимматини ва ҳарбий унвонини обрўсизлантиришни билдиради. Шаън ва қадр-қимматни таҳқир­лаш содир этилиши усулига кўра оғзаки, ёзма ёхуд турли ҳара­катлар билан ифода этилиши (тупуриш, тарсаки тушуриш, погон ёки, бошқа белгиларни юлиб ташлаш ва ҳоказолар), ёхуд ахлоқнинг уму­мэътироф этилган нормаларига, одоб-ахлоқ, этиканинг элементар талабларига хилоф беадаб ибора ёки хатти-ҳаракатда ифода эти­лиши мумкин.
7. Ҳақорат қилиш бошлиққа нисбатан жисмоний зўрлик иш­латиш, жумладан, уни уриш, унинг баданига ҳар хил даражада шикаст етказиш билан амалга оширилса, бундай ҳолларда айб­дорнинг ҳаракатлари нафақат мазкур модда бўйича, балки жино­ятлар мажмуи тариқасида ЖК 283-моддаси билан ҳам квалифика­ция қилиниши лозим.
Ўз хусусияти ва йўналишига кўра бошлиқнинг бўйсунувчига нисбатан ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини пастга уриш мақсадида ваколати доирасидан четга чиқадиган жисмоний зўрлик ишлатиш ҳаракатлари ЖК 301-моддасида назарда тутилган ҳарбий мансабдорлик жиноятлари деб топилиши мумкин.
8. Шахсни ҳақорат қилиш реал фактлар ёки ҳолатларга асос­ланган бўлиши мумкин, лекин унинг номаъқул шаклдаги ифода­ланиши шарҳланаётган модданинг таркибий қисми ҳисобланади.
9. Жиноий жавобгарлик келиб чиқишининг муқаррар шарти бўйсунувчининг айни шундай ҳақорат учун илгари интизомий жазога тортилганидир, яъни маъмурий преюдиция тушунчасига тенг бўлган интизомий преюдиция ҳисобланади (Маъмурий пре­юдиция тушунчаси тўғрисида ЖК 177-моддаси шарҳига қаранг).
10. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир эти­лади. Айбдор ҳаракатлари ўз хизмат вазифасини бажариб турган муайян ҳарбий хизматчининг қадр-қиммати ва шаънини таҳқир­лашга қаратилганини англаб етади ва айни вақтда у мазкур қил­мишларни содир этишни истайди. Ҳақоратнинг мотивлари тур­лича бўлиши мумкин ва жиноятни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди.
11. Фақат бўйсунувчи ёхуд хизмати бўйича ёки ҳарбий унво­нига кўра бошлиқ бўлган шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
12. Бир ҳарбий хизматчининг бошқа ҳарбий хизматчини ҳақо­ратлагани учун жавобгарлик, агар улар ўзаро тобе муносабатда бўлмасалар, ЖК 140-моддасига кўра келиб чиқади.
Бироқ, айни вақтда, жабрланувчига жисмоний шикаст етка­зилган ёки унга нисбатан бошқа турдаги зўрлик ишлатилган ҳол­ларда айбдорнинг қилмиши ЖК 285-моддасида назарда тутилган жиноят таркибини вужудга келтириши ёки шахсга қарши жино­ятларнинг тегишли моддаси бўйича квалификация қилиниши мумкин.
285 - м о д д а. Бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий
хизматчилар ўртасидаги ўзаро
муносабатларга оид устав
қоидаларини бузиш
Бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш, яъни мун­тазам хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёки ўртача оғир шикаст етка­зиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш -
олти ойгача қамоқ ёхуд бир йилгача интизомий қисмга юбо­риш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазола­нади.
Ўша қилмиш:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб содир этилган бўлса;
в) баданга оғир шикаст етказилишга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одамларнинг ўлимига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш би­лан жазоланади.
1. Жиноят объекти бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизмат­чилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидалари ҳи­собланади.
2. Объектив томондан жиноят мунтазам равишда хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилиши, баданга енгил ёки ўртача ши­каст етказишда, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этишда, бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузишда ўз ифодасини топади.
3. “Ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш деганда, хизматдошларини ўзига бўйсундиришни таъминлаш, хизматни ўташ чоғида ўзи учун имтиёзли шароитлар яратиш мақ­садида бир ҳарбий хизматчининг бошқасига нисбатан турли хил­даги зўрликлар ишлатиши, унинг шаъни ва қадр-қимматини кам­ситиши тушунилиши лозим”[429].
ЖК 285-моддаси 1-қисмида мунтазам хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилиши, баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст ет­казиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этишда ифо­даланувчи ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузган­лик учун жавобгарлик белгиланган. Шу муносабат билан айбдор­нинг бу ҳаракатлари Жиноят кодексининг шахсга қарши жиноят­лар тўғрисидаги тегишли моддаларига биноан қўшимча квалифи­кация қилишни талаб этмайди.
4. Мунтазам хўрлаш деганда, мазкур ҳаракатларнинг уч ма­ротабадан кам бўлмаган такрорий содир этилиши тушунилади.
5. Хўрлаш – жабрланувчи шахсини мазах қилиш йўли билан шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи турли ҳаракатлар.
6. Азоб бериш жисмоний қийнаш орқали содир этилиши мум­кин.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   252   253   254   255   256   257   258   259   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling