Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Қийнаш – узоқ ва азобли оғриқлар. Азоб бериш


Download 1.53 Mb.
bet257/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   253   254   255   256   257   258   259   260   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Қийнаш – узоқ ва азобли оғриқлар.
Азоб бериш чимчилаш, тишлаш, баданга майда жароҳатлар етказиш, тирнаш, жабрланувчининг баданига термик, кимёвий ва бошқа моддалар билан таъсир кўрсатиш ва ҳоказоларда ифодала­ниши мумкин (Баданга енгил шикаст етказиш, озодликдан қо­нунга хилоф равишда маҳрум этиш тушунчалари тўғрисида ЖК 109, 138-моддалари шарҳига қаранг).
7. Шарҳланаётган моддий таркибли жиноят хўрлаш, азоб бе­риш, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёхуд қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этиш пайтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳара­катларини Жиноят кодексининг шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутувчи тегишли моддаларга кўра қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
8. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Жи­ноятнинг мотиви ва мақсади квалификация учун аҳамиятга эга эмас.
9. Жиноятнинг субъекти жабрланувчи билан бўйсуниш муно­сабатида бўлмаган ҳар қандай ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин.
Ушбу қоидалар хизмат мавқеи ва ҳарбий унвонига кўра тенг, шунингдек, ҳарбий унвонига кўра катта ёки кичик мавқега эга бўлган, лекин ўзаро тобе муносабатда бўлмаган ҳарбий хизмат­чилар ўртасида бузилган ҳолларда, жиноий жавобгарлик ЖК 285-моддаси бўйича келиб чиқади.
Зўравонлик ҳаракатларининг ўзаро тобе муносабатда бўлган ва бўлмаган шахслар тамонидан биргаликда содир этилиши ква­лификация учун маълум қийинчиликлар туғдиради. Масалан, ас­кар томонидан содир этилган устав қоидаларини бузишга айб­дорга ҳам, жабрланувчига ҳам бошлиқ бўлган сержант қўшилади, ёхуд бошлиқнинг зўрлик ҳаракатларини бўйсунувчи қўллаб-қув­ватлайди.
Бундай ҳолларда бўйсунувчи томонидан етказилган зўравонлик ҳаракатларида иштирок этган бошлиқнинг ҳаракат­лари ЖК 301-моддасида назарда тутилган ҳарбий мансабдорлик жинояти бўйича квалификация қилиниши лозим.
Мазкур ҳолатда бажарувчининг ҳаракатларини ЖК 285-мод­даси бўйича квалификация қилиш лозим, чунки бошлиқ бу ҳо­латда мазкур жиноят субъекти ҳисобланмайди ва иштирокчи деб топилмайди.
Хизмат мавқеига кўра ўзаро тенг муносабатда бўлган бош­лиқнинг устав қоидаларини бузишига айбдор ва жабрланувчига бўйсунувчи шахс келиб қўшилса, бошлиқнинг ҳаракатларини ЖК 285-моддаси бўйича квалификация қилиш, бўйсунувчининг ҳара­катларини ЖК 28, 285-моддалари бўйича ушбу жиноят иштирок­чиси сифатида квалификация қилиш лозим[430].
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидалари:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб;
в) баданга оғир шикаст етказиб бузилганлиги учун жавобгар­лик белгиланган.
11. Бир гуруҳ шахслар томонидан устав қоидаларининг бузи­лиши ягона қасд билан бирлашган, ҳар бири ЖК 285-моддаси бўйича кўзда тутилган жиноят субъекти ҳисобланувчи ва ишти­рокчи сифатида ҳаракат қилувчи икки ёки ундан ортиқ ҳарбий хизматчи томонидан биргаликда содир этилади.
Бир гуруҳ шахслар томонидан жиноят олдиндан тил бирикти­риб ёки бириктирмай содир этилиши мумкин. Бундай ҳолларда айбдорларнинг хатти-ҳаракати ЖК 285-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича квалификация қилиш учун зарурий шарт уларнинг ҳар бирининг уставга хилоф ишни бажараётганини англаши ҳи­собланади (Бир гуруҳ шахслар тушунчаси тўғрисида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг).
Гуруҳ ичида ёки якка ҳолдаги уставга хилоф муносабатлар эпизодлари жиноятларнинг реал жами деб квалификация қили­ниши ва ҳуқуқий жиҳатдан мустақил баҳоланиши лозим.
12. Қурол баданга шикаст етказиш учун қўлланиши, бошқа хил зўрлик пайтида эса, масалан, айбдор қурол ишлатиш таҳдиди остида жабрланувчини ҳарбий хизмат юзасидан ўзига юклатил­ган вазифаларни бажаришга, ўзи учун турли хизматлар қилишга мажбурлаш, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қимматини камси­тадиган хатти-ҳаракатлар қилиш пайтида, руҳий таъсир ўтказиш учун қўлланилиши мумкин.
Қуролдан унинг конструкцияси ва моҳиятидан келиб чиқади­ган яксон қилувчи восита сифатида эмас, балки фақат калтаклаш предмети сифатида фойдаланиш қуролни қўллаш ҳисоблан­майди[431].
13. ЖК 285-моддаси 3-қисмида жиноий қилмиш одам ўлишига сабаб бўлгани учун жавобгарлик белгиланган.
Агар уставга хилоф зўравонлик ҳаракатлари жабрланувчини қасддан ўлдириш билан тамомланса, айбдорнинг ҳаракати ЖК 285-моддаси 3-қисми ва Кодекснинг шахсга қарши жиноятларни кўзда тутувчи тегишли моддалари (жумладан, ЖК 97-моддаси) бўйича квалификация қилинади.
Амалиётда жабрланувчи юрагининг рефлектор равишда ёхуд айбдорнинг жабрланувчи кўкрак қафасига қўли билан зарба бе­риши натижасида механик асфиксия бўлиши сабабли тўхтаб қо­лиши кузатилади. Бундай ҳаракатлар, айбдорда жабрланувчини ҳаётдан маҳрум қилиш қасдининг ишончли далиллари мавжуд бўлмаса, ўзаро ҳарбий муносабатлар қоидаларининг шахснинг ўлимига сабаб бўлган бузилиши деб квалификация қилинмоғи лозим.
14. Жиноят одамларнинг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, жавобгарлик ЖК 285-моддаси 4-қисми бўйича ке­либ чиқади.
15. ЖК 285-моддаси 4-қисми “б” бандида кўзда тутилган “бошқа оғир оқибатлар” деганда, айбдорнинг уставга зид ҳара­катлари билан сабабий боғланишда бўлган, оғирлигининг хусу­сиятига қараб суд томонидан баҳоланиши лозим бўлган оқибат­лар тушунилади.
16. Ҳарбий хизматчилар ўртасида устав қоидалари бузилиши айрим ҳолларда фақат одамларнинг ўлимига олиб келмай, жанго­вар топшириқнинг барбод бўлишига, жанговар техниканинг иш­дан чиқишига ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин. Бун­дай ҳаракатлар, агар улар суд томонидан оғир деб топилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 285-моддаси 4-қисми, “б” банди би­лан квалификация қилиш учун асос бўлиши мумкин.
17. Уставга хилоф зўравонлик ҳаракатлари жараёнида Жиноят кодекси 285-моддаси турли қисмларида кўзда тутилган зарар ет­казилса, у ҳолда қилмишни оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича квалификация қилиш лозим.
18. Ҳарбий хизматчилар ўртасида уставга оид муносабатлар­нинг бузилиши айбдорларнинг хизматнинг айрим махсус турла­рини ўташлари давомида содир этилиши мумкин (қоровуллик, ички хизмат, ҳарбий навбатчилик ва ҳоказолар). Агар айбдор то­монидан айни пайтда махсус хизмат қоидалари ҳам бузилса, бу ҳаракатлар ЖК 285-моддаси ва у ёки бу хизмат турини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.
19. Ҳарбий хизматчилар ўртасида уставга оид муносабатлар­нинг бузилиши жабрланувчидан озиқ-овқатини, ҳарбий кийим-кечагини ва бошқа моддий бойликларини олиб қўйиш йўли билан содир этилиши мумкин.
Агар бунда жабрланувчига тегишли бўлган шахсий мулк ашё­лари олиб қўйилса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 285-моддасидан ташқари, мулкка қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи бошқа моддалар билан қўшимча квалификация қили­ниши зарур.
Зўрлик ишлатиш ёки уни ишлатиш таҳдиди остида ҳарбий хизматчига бериладиган озиқ-овқат паёги ёки ҳарбий кийим-ке­чак ашёларини олиб қўйиш ЖК 285-моддасининг диспозицияси билан тўлалигича қамраб олинади1.
286 - м о д д а. Мародёрлик
Мародёрлик, яъни ҳалок бўлганларнинг ёки ярадорларнинг бу­юмларини жанговар вазиятда эгаллаш -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Жиноят объекти Қуролли Кучларда ўрнатилган ах­лоқий асослар ҳисобланади.
Жиноят предмети ярадорларнинг ёки ҳалок бўлганларнинг мулки ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят жанговар вазиятда ҳалок бўлганларнинг ёки ярадорларнинг буюмларини (ҳарбий кийим-кечак, пул, қимматбаҳо буюмлар, соат ва ҳоказоларни) эгаллашда ифодаланади.
3. Буюмларни эгаллаб олиш турли шаклда, яъни зўрлик ишла­тиб амалга ошириладиган ўғирлаш ёки эгаллаб олиш бўлиши мумкин. Ҳалок бўлганлар ёки ярадорларнинг буюмларини эгал­лаб олишнинг мажбурий белгиси жиноятнинг жанговар вазиятда содир этилишидир. (Жанговар вазият тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг.)
Жиноят, ҳалок бўлганлар ёки ярадорлар душман томоннинг қайси бирига тааллуқлилигидан, уларнинг ҳарбий хизматчи ёки фуқаро аҳолиси бўлишидан қатъи назар, ҳалок бўлганлар ёки ярадорларнинг буюмлари эгаллаб олинган пайтдан бошлаб ту­галланган ҳисобланади.
4. Жиноятнинг субъектив томони тўғри қасдда ифодаланади.
Жиноятни квалификация қилиш учун мотив ва мақсад аҳа­мият касб этмайди.
5. Фақат ҳарбий хизматчилар жиноят субъекти бўлиши мум­кин. Фуқаролар умумжиноий жиноятлар учун жавоб беришлари лозим.
6. Агар айбдор мародёрлик билан шуғуллана туриб, ярадор шахснинг саломатлигига зарар етказса, у ҳолда унинг ҳаракат­лари Жиноят кодексининг жабрланувчи шахснинг саломатлигига етказилган зарар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалар бўйича қўшимча квалификация қилинади.
7. Агар айбдор мародёрликда ярадорни ўлдириб, мулкига эга­лик қилган бўлса, у ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 286-моддаси ва ЖК 97-моддаси бўйича квалификация қилинади.
8. Ярадорларни жанг майдонидан батальон ёки полкнинг тиб­бий ёрдам кўрсатиш жойларига ташиб келишда уларнинг буюм­ларига эгалик қилиш мародёрлик деб топилмайди. Бундай ҳара­катлар буюмларга эгалик қилишга (мулкка) қарши жиноят (ўғирлик, талончилик ва ҳоказолар) сифатида квалификация қи­линади.
9. Ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганларнинг кийим-кечаклари ёки озиқ-овқатларидан ўз ҳаётини ёки ўзгалар ҳаётини сақлаб қо­лиш учун фойдаланса, бундай ҳаракат учун унинг жавобгарлиги истисно этилади, чунки у охирги зарурат ҳолатида ҳаракат қилган бўлади (ЖК 38-моддаси шарҳига қаранг).
XXII боб. Ҳарбий хизматни
ўташ тартибига қарши жиноятлар
287 - м о д д а. Ҳарбий қисм ёки хизмат жойини
ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш
Муддатли хизмат ҳарбий хизматчисининг ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши, шунингдек, ҳарбий қисмдан қисқа муддатга рухсат берилганда, бошқа хиз­матга тайинланганда ёки бошқа хизмат жойига ўтказилганда, хизмат сафаридан, отпускадан ёки даволаш муассасасидан узрли сабабларсиз бир кеча-кундуздан ортиқ, лекин ўн кеча-кундуздан кўп бўлмаган муддат давомида хизмат жойида ҳозир бўлмаслиги, шундай қилмишлар учун интизомий жазо чораси қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
олти ойгача қамоқ ёки бир йилгача интизомий қисмга юбо­риш билан жазоланади.
Муддатли хизмат ҳарбий хизматчиси, офицерлар таркиби­дан бўлган шахс, прапоршчик, мичман ёки ҳарбий хизматни кон­тракт (шартнома) бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчининг қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши, шунин­гдек, узрли сабабларсиз белгиланган муддатдан ўн кеча-кундуздан ортиқ, лекин бир ойдан кўп бўлмаган муддат давомида хизмат жойига етиб келмаслиги -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, шунингдек, хизматга белгиланган муддатдан узрли са­бабларсиз бир ойдан ортиқ вақт ичида етиб келмаслик ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар томонидан содир этилган бўлса, -
беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу моддада назарда тутилган қилмишлар жанговар вази­ятда содир этилган бўлса, муддатидан қатъи назар, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасида ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташ тартиби “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбу­рият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Рес­публикаси Қуролли кучларнинг умумҳарбий низомлари белгиланган.
2. Жиноятнинг объекти ҳарбий хизматни ўташ тартиби ҳи­собланади.
Ҳарбий хизматни ўташ тартиби – қўшинлар ҳаёти ва жан­говар фаолияти жараёнида юзага келадиган муносабатлар бўлиб, улар қонунлар, ҳарбий қасамёд ва низомларда белгилаб қўйилган”[432].
3. Объектив томондан ЖК 287-моддаси 1-қисми қуйидаги­ларда:
¨ ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан таш­лаб кетишда;
¨ ҳарбий қисмдан қисқа муддатга рухсат берилганда, бошқа хизматга тайинланганда ёки бошқа хизмат жойига ўтказилганда, хизмат сафаридан, отпускадан ёки даволаш муассасасидан узрли сабабларсиз бир кеча-кундуздан ортиқ, лекин ўн кеча-кундуздан кўп бўлмаган муддат давомида хизмат жойида ҳозир бўлмаслиг­ида ифодаланади.
4. Ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилган ҳарбий хизматчи­лар ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган казармаларда жойлашти­рилади. Ҳарбий хизматни бошқа жойларда ҳам ўташ мумкин.
5. Ҳарбий қисм ёки хизмат жойини тегишли ҳарбий бўлинма командири (бошлиғи) рухсати билан ташлаб кетиш мумкин. Ко­мандир рухсати мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳарбий қисм ёки хиз­мат жойи ёхуд дислокация жойини ташлаб кетиш ҳарбий уставга мувофиқ ман қилинади, акс ҳолда бу қисмни ёки хизмат жой­ини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш ҳисобланади.
6. Ҳарбий қисм ҳудуди – бу ҳарбий қисмнинг казарма, лагерь ёки поход жойлашуви, яъни ҳарбий хизматчилар доимий ёки вақ­тинчалик яшаш ва хизматни ўташ жойидир.
7. Хизмат жойи деб, агар у ҳарбий қисм ҳудуди билан тўғри келса, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматни ўташ жойи (ма­салан, вақтинча иш жойи, эшелон, ҳаракат маршрути, поезд ва ҳоказолар) ҳисобланади.
8. Хизматга муддатида етиб келмаслик деб, ҳарбий хизмат­чининг қонуний асосларга кўра (қисқа муддатли таътил, хизмат сафари, отпуска, госпиталда даволаниш ва ҳоказо) узрли сабаб­ларсиз белгиланган (масалан, таътил варағида, отпуска билетида, сафар чиптасида ёки бошқа ҳужжатда ёзилган) муддатда хизмат жойига етиб келмасликка айтилади.
Ҳарбий хизматчининг вақтида етиб келмаслигига сабаб бўлган турли объектив ҳолатлар: ўзининг ёки яқинларининг ка­саллиги ёки ўлими, табиий офат, транспортнинг тўхташи, ҳоки­мият органлари томонидан ушланиши, жанговар вазият ва ҳока­золар узрли сабаблар бўлиши мумкин.
9. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми интизомий пре­юдицияга эга. Муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларига қисм ёки ҳарбий хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб ке­тиш учун жиноий жавобгарлик худди шундай ҳаракатлар учун илгари бир йил давомида интизомий жавобгарликка тортилгани­дан сўнг белгиланади.
10. Агар ҳарбий хизматчи қонунга хилоф равишда ҳарбий қисм ёки хизмат жойи ёхуд ҳарбий хизматни ўташ жойига бир кеча-кундуздан ортиқ, ўн кеча-кундуздан ортиқ бўлмаган муддат давомида етиб келмаган ҳолда жиноят тугал­ланган ҳисобланади.
11. Ўзбошимчалик билан ташлаб кетишнинг давомийлиги қисмни (хизмат жойини) ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш ёки қисмга етиб келиш муддати тамом бўлган вақтдан бошлаб то қисмга (хизмат жойига) етиб келиш ёхуд қўлга тушиш вақтига қадар ҳисобланади. Бунда вақтни ҳисоблаш ЖПК 314-моддасида белгиланган муддатни белгилаш қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
12. Субъектив томондан шарҳланаётган жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор ўзбошимчалик билан ҳарбий қисм ёки хизмат жойини командир рухсатисиз ташлаб чиқиб кетаётга­нлигини ёки қисмга белгиланган муддатда етиб, бун­дай ҳаракатларни содир этишни онгли  равишда хоҳлаётганлигини тушунади.
13. Жиноят содир этиш мотивлари турлича бўлиши мумкин. Масалан, ўзбошимчалик билан ҳарбий қисмни ташлаб кетишга қариндош ва танишларни кўриш, хизмат ҳордиғини чиқариш, ои­лавий ва шахсий ишларни бажариш, вақтинчалик муаммоларни ҳал этиш истаги[433] ва ҳоказо мотивлар бўлиши мумкин. Шарҳланаёт­ган жиноят мотиви ва мақсади квалификацияга таъсир кўрсатмайди, бироқ суд томонидан жазо белгиланишида модда санкцияси доирасида ҳисобга олиниши мумкин. Агар айб­дор ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаш мақсадини кўзласа, унинг ҳаракатлари ЖК 288-моддаси бўйича дезертирлик сифа­тида квалификация қилинади[434].
14. Бевосита қонунда кўрсатилишича, жиноят субъекти ЖК 287-моддаси биринчи қисмида кўзда тутилган, муддатли хизмат­нинг оддий ҳарбий хизматчилари, яъни аскарлар, матрослар, сер­жантлар ва муддатли хизматнинг старшиналари ҳисобланади.
Чақирувга кўра хизматни ўтаётган Мудофаа вазирлиги ҳар­бий-қурилиш отрядлари (қисмлари) ҳарбий қурувчилари ҳам қилмиш субъекти ҳисобланади[435].
15. ЖК 287-моддаси 1-қисми захирадаги ва ҳарбий йиғин­ларга чақирилганларга ёки сафарбарлик чақируви резервидаги фуқароларга ҳам йиғинлар даврида татбиқ этилади.
Офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичманлар, шунингдек, ҳарбий хизматни контракт бўйича ўта­ётган ҳарбий хизматчилар ЖК 287-моддаси 1-қисми субъекти бўла олмайди.
16. Шарҳланаётган модда 2-қисмининг объектив томони муддатли хизмат, офицерлар таркибидан бўлган шахс, прапорш­чик, мичман ёки ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳар­бий хизматчи қисмни ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши ёки хизматга узрли сабабларсиз ўн кеча-кундуз­дан ортиқ, бироқ бир ойдан кўп бўлмаган вақт ичида етиб кел­маслигидан иборат.
Офицерлар таркибидан бўлган шахс, прапоршчик, мичман ёки ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳарбий қисмда ёки хизмат жойида бўлишлари мумкин. Ҳарбий хизматни ўташдан озод бўлган вақтда ҳарбий хизматчиларнинг бу тоифаси ҳарбий қисм ёки хизмат жой­идан ташқарида бўлишлари мумкин. Шу муносабат билан, ҳарбий хизматчиларнинг бу тоифалари учун “ўзбошимчалик” тушунчаси ҳарбий хизматни ўташ пайтида ҳарбий қисм ёки хизмат жойини у ёки бу муддатга ташлаб кетишни билдиради. Ҳарбий хизматчилар­нинг кўрсатилган тоифаларига нисбатан казармада жойлаштири­лиш қўлланилганда, қисм ёки хизмат жойини махсус рухсатсиз ташлаб чиқиб кетиш қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
17. Белгиланган муддатда хизмат жойига етиб келмаслик деганда, офицерлар таркибидан бўлган шахс, прапоршчик, мичман ёки ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчининг ҳарбий қисм ҳудудидан ташқарида яшаб, узрли сабабларсиз хиз­матга келмаслиги ва ҳарбий мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаши тушунилади.
18. Айбдорнинг ҳаракатлари, унга шундай қилмишлар учун интизомий жазо чораси қўлланилгандан кейин содир этилган бўлишидан қатъи назар, ЖК 287-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилинади.
Ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш ёхуд қисм ёки хизмат жойига қонунда кўрсатилган муддат давомида етиб келмаслик ўн кеча-кундуздан кам, ўттиз кеча-кундуздан кўп бўлмаган муддат давомида амалга оширилсагина, ЖК 287-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилинади. Муддатни ҳисоблаш ЖПК 319-модда­сига кўра амалга оширилади.
19. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида жавобгарлик белги­ланган жиноятнинг субъектлари, 1-қисмда назарда тутилган субъ­ектлардан ташқари, офицерлар таркибидан бўлган шахс, пра­поршчик, мичман ёки ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлиши мумкин.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   253   254   255   256   257   258   259   260   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling