Шикаст етказиш деганда, мулкка қайта тиклаш ва вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлган даражада зарар етказиш тушунилади.
Нобуд қилиш ёки шикаст етказиш усуллари турлича бўлиши мумкин (ёқиб юбориш, портлатиш, чўктириб юбориш ва ҳоказо). Бироқ бунинг квалификация учун аҳамияти йўқ.
Жиноят – моддий таркибли ва ҳарбий мулк нобуд қилинган ёхуд унга шикаст етказилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Ҳарбий мулкни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш умумий хавфли йўл (ёқиб юбориш, чўктириб юбориш ва ҳоказолар) билан амалга оширилса, у ҳолда қилмиш ЖК 296-моддаси билан қамраб олинади ва ЖК 173-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
Ҳарбий мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш, айрим ҳолларда шикастланган мулкнинг қайсидир қисмини талон-торож қилиш билан бирга содир этилади. Мазкур қилмиш жиноятлар мажмуи тариқасида давлат мулкини талон-торож қилиш ва ушбу мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш деб квалификация қилинади.
3. Субъектив томондан ЖК 296-моддасида назарда тутилган жиноят айбнинг тўғри ёки эгри қасд шаклида содир этилади. Бунда шахс мулкни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишни мақсад қилиб қўяди ёки шундай оқибатларнинг келиб чиқишига йўл қўяди. Айбдор бошқа бирор мулкни эмас, балки айнан ҳарбий мулкни нобуд қилаётганини ёки унга шикаст етказганлигини англайди.
Агар шахс ҳарбий мулкни нобуд қилаётганлигини тасаввур қилса, амалда эса бундай бўлмаса, қилмиш ҳарбий мулкни нобуд қилишга ёки унга шикаст етказишга суиқасд қилиш сифатида баҳоланиши лозим.
Агар ҳарбий мулкни нобуд қилиш ва унга шикаст етказиш Ўзбекистон Республикасини кучсизлантириш мақсадида содир этилган бўлса, мазкур қилмиш Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятни – қўпорувчиликни (ЖК 161-моддаси) вужудга келтиради.
4. Ҳар бир ҳарбий хизматчи жиноят субъекти бўлиши мумкин.
5. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳарбий мулкни нобуд қилиш ёки шикаст етказиш учун жавобгарлик белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |