138 - м о д д а. Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда
озодликдан маҳрум қилиш
Бировни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) жисмоний азоб бериб;
б) ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли шароитда сақлаган ҳолда содир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят объекти одамнинг шахсий эркинлиги ҳисобланади.
Шарҳланаётган жиноятнинг объектив томони ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этишда ифодаланади.
Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш йўли билан амалга оширилади (жабрланувчини боғлаш, уйқу дори бериш, унинг ихтиёрига хилоф равишда муайян жойда сақлаб туриш, алдов йўли билан шахсни у киришни хоҳламайдиган хонадонга олиб кириб сақлаш ва ҳоказолар).
Шарҳланаётган жиноятни квалификация қилишда шуни эътиборга олиш керакки, у содир этилиш усулидан қатьи назар, одамни ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш унга зўрлик ишлатишнинг муайян шаклидир.
Шахсни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш вақтидан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
Жисмоний қийноқ деганда, одамни сувсиз, озиқ-овқатсиз, узоқ муддат тана учун ноқулай шароитда (қўл-оёқлари боғланган ҳолда шкафда, кроват остида ва ҳоказо жойларда) сақлаб туриш, жабрланувчига ўртача оғирликдаги шикаст етказиш ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
Ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли шароитлар деганда, одамни совуқ ёки, аксинча, ҳарорат юқори хонада узоқ муддат давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз, яъни жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун чинакам зарар етказиш хавфи бўлган ҳолатда сақлаб туриш тушунилади.
Жабрланувчига оғир шикастлар етказиш жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 104 ва 138-моддалари билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |