8.3. “Сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархи”ни ифодаловчи кўрсаткич
Мазкур ҳисоботнинг иккинчи кўрсаткичи “Сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархи” моддасидир. Ушбу харажатлар ҳисоботнинг 020-сатрида ифодаланади. Мазкур сумма сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олиш ҳисобварақларида (9100) ҳисобга олинган, сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархининг суммасини ифодалайди. Агар корхона савдо корхонаси бўлса, ушбу сатр бўйича таннарх ўрнига сотилган товарларнинг харид қийматини акс эттирилади. Демак савдо корхонаси учун “таннарх” товарларнинг харид қиймати бўлиб ҳисобланади.
Шуни қайд этиш лозимки, товар айланмасида (товарларни қабул қилиш ва сотишда) иштирок этмасдан, хизматлар учун ҳақ кўринишида даромад оладиган воситачи ташкилотлар ушбу сатрни тўлдирмайдилар.
Шуни эътироф этиш керакки, мазкур кўрсаткичда маҳсулотларни ишлаб чиқариш учунгина кетган харажатлар ўз ифодасини топади, яъни уни тайёр ҳолга келтириб, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тайёр маҳсулот омборига келтиргунча бўлган харажатларни ўз ичига олади. Бундан кейинги сақлаш, ташиш ва сотиш каби жараёнлар билан боғлиқ харажатлар ушбу гуруҳ харажатлар таркибига кирмайди.
8.4. “Маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотилишидан ялпи фойда (зарар)”
Ҳисоботнинг учинчи кўрсаткичи бўлиб, “Маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотилишидан ялпи фойда (зарар)” (R) ҳисобланади. Бу ҳисоботнинг 030-сатрида кўрсатилади. Мазкур кўрсаткич маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотилишидан соф тушум (Q) билан сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархи (N) ўртасидаги фарқ (010-сатр-020-сатр) сифатида аниқланади. Бунинг учун қуйидаги формуладан фойдаланиш тавсия қилинади:
R = Q – N ;
Корхонаннинг ялпи фойдаси мазмун жиҳатидан даромадлар суммасига тенг. Чунки, барча тушумдан харажатларнинг олиб ташланиши даромад бўлиб ҳисобланади. Ушбу даромадлар ҳисобидан турли харажатлар қопланиб тегишли тарзда фойда олишга эришилади. Шу нуқтаи назардан, мазкур кўрсаткични корхонанинг ялпи фойдаси, деб номлангандан кўра корхонанинг даромади, деб номланса мазмунига тўғри бўлган бўларди, деб ҳисоблаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |