Мисол учун, 4-1001-2129/49052-сонли иш ҳужжатларига кўра, (судьяси Б.Абдурахимов) даъвогар Тошкент вилояти божхона бошқармаси даъво аризаси билан судга мурожат қилиб, жавобгарлар “Nodira Business” МЧЖ ва “Sharq-Sugurta” МЧЖдан 1 000 000 000 сўм божхона тўлови ундиришни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили жавобгар томонидан қарздорлик суммасини тўлаганлиги ва тарафлар ўртасида низо бўйича медиатив келишув тузилганлигини баён қилиб, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраган.
Жавобгар вакили медиатив келишув тузилганлиги сабабли даъвони аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраган.
Шунга асосланиб, суднинг 2022 йил 07 январдаги ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган.
Ваҳоланки, Қонуннинг 3-моддасига кўра, ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Бироқ, ушбу ҳолатда божхона тўловларини ундириш низоси бўйича даъво талабларидаги божхона тўловлари ихтиёрий тўланганлиги сабабли тузилган медиатив келишувдан келиб чиқилиб, суд томонидан даъвони кўрмасдан қолдириш ва республика бюджетига давлат божи ундирмаслик тўғрисида нотўғри хулосага келинган.
7. Қонуннинг 22-моддасига кўра медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишувга кўра бир ёки бир неча медиаторни танлайди. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, қоида тариқасида, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади.
Айрим иш ҳужжатларида низони келишув асосида ҳал этиш учун музокарага ўтиш ҳақидаги ёки медиатив келишувида медиаторнинг исми шарифи кўрсатилган бўлса-да, у томонидан имзоланмаган ва тасдиқланмаган.
Мисол учун, 4-1001-2220/52183-сонли иш ҳужжатларига кўра, (судья Н.Т.Байзақова) Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси даъвогар “Asklepiy” МЧЖ ХК манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, жавобгар “Shaxzod-Boysun farm” МЧЖдан 17 217 193,46 сўм асосий қарз ва 4 106 934 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ишни судда кўриш давомида тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб судга тақдим қилинганлиги сабабли, суднинг 2022 йил
3 ноябрдаги ажрими билан даъво аризаси ИПК 107-моддаси биринчи қисми 53-бандига кўра кўрмасдан қолдирилган.
Қонуннинг 10-моддасига асосан тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.
Ушбу қонуннинг 22-моддасига кўра медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишувга кўра бир ёки бир неча медиаторни танлайди. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, қоида тариқасида, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади.
Бироқ, мазкур иш ҳужжатларида низони келишув асосида ҳал этиш учун музокарага ўтиш ҳақида ҳамда медиатив келишувида медиаторнинг исми шарифи кўрсатилган бўлса-да, у томонидан имзоланмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |