41. Савол: Қайси манбалардан сайловни молиялаштириш тақиқланади?
Жавоб: Чет давлатларнинг, улардаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан сайловни молиялаштириш ҳамда номзодлар ва сиёсий партияларни моддий жиҳатдан бошқача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади.
42. Савол: Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари ким?
Жавоб: Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берувчи, сайлаш учун ташвиқот олиб борувчи, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодаловчи шахс.
43. Савол: Президентликка номзоднинг нечта ишончли вакили бўлиши мумкин?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади.
44. Савол: Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари деганда кимлар тушунилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиялар сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
45. Савол: Сиёсий партиянинг ваколатли вакили ким бўлиши мумкин?
Жавоб: Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиянинг ваколатли вакили бўлиши мумкин.
46. Савол: Ваколатли вакил тайинлаш ва уни рўйхатга олиш тартибини биласизми?
Жавоб: Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда унга гувоҳнома (мандат)ни беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |