Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


Download 1.34 Mb.
bet17/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

Ғарбий турк ҳоқонлиги (унинг таркибига Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Жунғария (Хитойнинг шимолий ғарби) ҳудудлари кирган). Шарқий турк ҳоқонлик (унинг таркибига Мўғулистон ҳудудлари кирган). VII асрда ғарбий ҳоқонликда шаҳарлар ривожланиши, Эрон ва Хитой билан қизғин савдо-сотиқ ва дипломатик алоқалар кузатилган.
Дарҳақиқат, Хитойда Тан сулоласи (618-907йил) ҳукмронлиги даврида Ғарбий Турк хоқонлиги билан Хитой ўртасида фойдали алоқалар кенг йўлга қўйилади. Масалан, 627-644 йилларда Ўрта Осиёдан Хитойга 9 марта савдо карвонлари юборилган. VII асрнинг 30-йилларида хоқонлик ҳудудларини кезган хитойлик сайёҳ Сюан Цин Иссиққўл, Чу водийси, Чоч, Самарқанд, Бухоро каби жойларнинг анча гавжум ва обод бўлганлигини қайд этади. Тан сулоласи 659 йилда Шарқий Турк ҳоқонлигини ўзига бўйсундиради.
VII аср иккинчи ярмида анча кучайган Хитой Ўрта Осиё ҳудудларини ҳам ўз қўл остига киритиш пайига тушади. Бироқ 670 йилда тибетликлар бош кўтариб, шарқий Турк хоқонлигини янгидан тиклаганларидан сўнг ва бу давлат Хитой учун кутилмаган хавф-хатарни келтириб чиқаргач, эндиликда Хитой Ўрта Осиёга бўлган ўз даъвосидан вақтинча воз кечади. Унинг эндиги бутун диққати Тибетга қаратилади. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудудларида Ғарбий Турк хоқонлиги таъсири тобора заифлашиб боради. Бунга маҳалий ҳокимликлар ўртасидаги ички зиддиятлар, ер-мулк учун ўзаро курашлар ҳам сабаб бўлади. Бу эса пировардида бу ҳудудларнинг араб истилочилари томонидан босиб олинишига сабаб бўлди.
Турк хоқонлигининг шарқий ерларидан фарқли ўлароқ Ғарбий ҳудудда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзи, маданий даражаси нисбатан юқори бўлган. Негаки, шарқий ҳудудларда яшаган кўпчилик кўчманчи туркий элатларда уруғ-қабилачилик муносбатлари ҳамон кучли сақланган. Аҳолининг қуйи табақаси будун ёки қора будунлар деб аталган. Уруғ-қабиланинг номдор вакиллари «беклар» деб юритилган. Жамоани хоқон ва зодаганлар кенгаши-«Қурултой» бошқарган. Ўрта Осиё ерларида эса бу даврда деҳқончилик, боғдорчилик ва узумчилик соҳалари юксак даражада ривожланган. Ўлканинг Фарғона, Хоразм ва Зарафшон воҳаларида кўплаб сув айирғичлар, каналлар, сув ҳавзалари бунёд этилган.
Фарғона ва Суғдда аҳолининг бир қисми тоғ-кон ишлари билан ҳам машғул бўлган. Бу ерларда олтин, мис, темир эритиш, улардан керакли асбоб-анжомлар ишлаш яхши йўлга қўйилган. Шунингдек, Илоқда қўрғошин, кумуш, Шаҳрисабзда эса қизил туз қазиб олинган.
Хоқонлик даврида шаҳарлар ҳаёти хийла ривож топган. Бухоро, Самарқанд, Иштихон, Тошкент, Исфара, Қубо (Қува), Косон каби шаҳарлар ўша даврнинг анча тараққий этган ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ марказлари ҳисобланган. Буюк ипак йўли бу шаҳарларнинг халқаро савдода фаол иштирок этишини таъминлаган. Ўрта Осиёлик қўли гул ҳунармандлар, тўқувчилар, заргарлар, мискару темирчилар, кўнчию қуролсозлар ишлаб чиқарган нафис, харидоргир буюмлар, асбоб-анжомлар турли юртларга юборилган. Маҳаллий ҳунармандлар ишлаб чиқарган рангли шишалар, зотдор отларга халқаро миқёсда талаб катта бўлган. Бу даврнинг ўзига хос муҳим ўзгаришларидан яна бири-бу Ўрта Осиё кулолчилиги ҳунарининг юксак санъат даражасида ривожланганлигидир.
Бу даврда ҳам юртимизда моддий ва маънавий маданиятнинг янги-янги бетимсол намуналари яратилди. Турли олимлар мутахассислар баҳсига сабаб бўлган Турк-руин, Урхон-Энасой ёзуви, Култегин битиклари, Билга хоқон ёдномаси ва шу сингари ноёб топилмалар турк ёзма маданиятнинг қадимийлиги ва ранг-баранглигига гувоҳлик беради. 1970 йилда Алмати яқинидаги «Иссиқ» деган жойдан топилган ва фанга «Иссиқ ёзуви» номи билан кирган туркий ёзув ҳам бизнинг ёзув тарихимизга оид қарашларимизни янада бойитади. Эндиликда топилган ноёб ашёи далиллар асосида туркий ёзувнинг тарихи милоддан аввалги II-I асрларга бориб туташиши маълум бўлди.
Туронзаминда туркий ёзув билан бир қаторда суғд ва хоразм ёзувлари ҳам кенг қўлланилган. Суғд ёзуви 22 та белгидан иборат бўлиб, чапдан ўнгга қараб ёзилган. Шаҳарларда сўғд-турк икки тиллилиги расмий одат бўлганлиги ҳақида Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғатит турк» (Х1 аср) асарида ҳам қайд этиб ўтилган. Бу ёзувларда улуғ аждодларимизнинг катта тарихи, бой маданиятига оид мислсиз маълумотлар акс этган. Яна шу нарса диққатга сазоворки, ўша даврларда улуғ аждодларимиз ўз навқирон насллари тўғрисида ҳам муттасил қайғурганлар. Шу боисдан ўсмир 5 ёшга тўлиши билан уни билим олишга йўллаб, даставвал, хат-савод ва ҳисоб-китобни ўрганишга жалб этганлар. Болалар ўсмир-балоғат ёшига етгач эса уларни дунё таниш, савдо-тижорат ишларини ўрганиш учун махсус вакиллар ҳомийлигида хорижий элларга юборганлар.
Турк хоқонлигида яшаган халқларнинг диний эътиқоди, тасаввурлари ҳам турлича бўлган, кўп худолилик хукм сурган. Бу эса уларда турли хил осмоний ва ер жисмлари - қуёш, ой, ер-сув, ҳайвонлар ва бошқа нарсаларга сиғинишликни келтириб чиқарган. Осмон худоси Тангри турк қавмларининг энг олий худоси ҳисобланган. Ҳозирда ҳам «Тангри» ибораси Аллоҳ номига нисбат сифатида қўлланилади.
Ўрта Осиё халқлари орасида зардуштийлик дини билан бир қаторда жойларда буддизм, монийлик, христианлик динларига эътиқод қилишлик ҳам кенг расм бўлган. Бу нарса қадимги аждодларимизнинг тор, биқиқ ҳолда ҳаёт кечирмасдан балки бошқа кўплаб қавмлар, элатлар билан боғланиб, аралашиб, маънавий жиҳатдан яқинлашиб ҳаёт кечирганликларидан далолат беради.
Ўрта Осиё халқлари орасида тасвирий санъат ўзига хос услубда ривожланган. Жумладан, Варахша харобаларидан топилган сарой бинолари деворлари пештоқларига битилган ранг-баранг, бир-биридан нафис ва жозибадор расм-суратларни (қуролланган ёхуд ов қилаётган жангчи аскарлар, оқ филлар, туялар, отлар ва бошқа хил ҳайвонлар, паррандаю даррандалар ва ҳоказо) кўздан кечирар эканмиз, бунда аждодларимизнинг ноёб истеъдоди ва ақл-заковатига тан берамиз ва бундан ўзимизда ғурур туямиз.
Шундай қилиб, Турк хоқонлиги ўз даврида кенг ҳудуларга ёйилган энг йирик давлат бўлган. Унинг ҳукмдорлари Хитой, Эрон ва Византия билан бўлган муносабатларда узоқ йиллар ўз таъсирини ўтказганлар. Шу билан биргаликда хоқонлик даври моддий ва маънавий маданияти, унинг нодир намуналари Туронзамин халқларининг тўлақонли турмуш тарзини ўзига хос йўсинда акс эттириб қолмасдан, улар бобокалонларимиз даҳосининг теранлигидан, уларнинг юксак ижодкорлиги, изланувчанлигидан ҳам шаҳодат беради.

Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling