Марказий ва периферик нерв тизими. Вегетатив нерв тизими тузилиши. Сезги ва ҳаракат ўтказув йўллари соат
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
5.-Markazij-va-periferik-nerv-tizimi.-Vegetativ-nerv-tizimi-tuzilishi.-Sezgi-va-arakat-utkazuv-jullari.-4-soat.
5.16. Бош мияни ўровчи пардалар
I. Бош миянинг қаттиқ пардаси (dura mater ensephali) бириктирувчи тўқимадан тузилган, қаттиқ парда орқа мия қаттиқ пардасининг давоми бўлиб, суякларнинг ички юзаларига ёпишиб туради ва томирларга бой. Қаттиқ парданинг ташқи юзасини калла суягининг ички томонига ёпишган қисми суяк устки пардаси ҳисобланса, парданинг мияга қараган ички юзаси эндотелий билан қопланганлиги учун ялтироқ ва силлиқдир. Қаттиқ парда билан тўр парда орасидаги тор масофа (spatium subdurale)да озроқ мия суюқлиғи бўлади. Қаттиқ парда вена синусларига баъзида икки вараққа ажралиб ёпишади. Чакка суягининг учига баъзида уч шохли нервнинг тугуни жойлашган (impressio trigemini) чуқурчасини ҳам қаттиқ парда икки вараққа ажралиб ўрайди. Қаттиқ парда ўзидан бир нечта ўсимта чиқаради. 1. Мия ўроғи (falx cerebri) ўроқ шаклидаги ўсимта; тепа суякларнинг бирлашган жойидаги ўқ- ёйсимон эгат (sulcus sinus sagittalis superioris)нинг икки четидан бошланиб, мия яримшарлари орасига кириб туради ва унинг олдинги учи (crista galli)га ёпишган бўлади. 2. Бош мия энса қисмини миячадан ажратиб турувчи мияча чодири – tentorium cerebelli ўсимта бўлиб, унинг икки чеккаси энса суягидаги sulcus sinus transversi га ёпишган. Сўнгра чекка суяги пирамида қисмининг икки томи бўйлаб йўналиб, понасимон суякнинг processus clinoideus posterior га ёпишади. Мия ўроғи мия яримшарларининг энса қисмини миячадан ажратиб туради. 3. Мияча ўроғи (falx cerebelli) мия ўроғи каби ўрта қирра – crista occipitalis interna бўйлаб жойлашиб, мияча яримшарлари орасига кириб туради. 4. Эгар тўсиғи (диафрагмаси – diaphragma cellae) понасимон суяк танаси устидаги турк эгари устида тортилиб туради. Унинг ўртасида гипофиз безининг оёғи ўтадиган тешик (infindibulum) бор. Қаттиқ парда варақлари суяклар эгати устида ажралиб бўшлиқлар (каваклар – sinus durae matris) ҳосил қилади. Бўшлиқлардан калла ичида тўпланган вена қони оқади. Бу кавакларда клапанлар бўлмайди, кўндаланг кесими учбурчак шаклида бўлиб, икки чеккаси калла суягининг ичкарисидаги синуслар чеккасига маҳкам ёпишган. Шунинг учун бундай вена каваклари кесилганда ҳам оддий вена деворларига ўхшаш пучаймайди, натижада вена қони ҳар қандай ҳолатда ҳам бемалол оқиб, бош мия фаолиятига зарар етказмайди. Кавакларга қуйидагилар киради: 1) кўндаланг кавак (sinus transversus) энса суягининг ички юзасидаги кўндаланг эгат билан қаттиқ парда варағи (tentorium cerebelli) оралиғида пайдо бўлади. 2) “S” симон кавак (sinus sigmoideus) кўндаланг кавак чакка суягининг пирамида қисмидан бурилиб, пастга (сўрғичсимон қисмга) тушиб, “S” симон кавак номини олади. Sulcus sinus transversi энса суяги бўйлаб пастга йўналиб foramen jugulare дан чиқиб v. jugularis бўлиб давом этади. 3) юқориги ўқ-ёйсимон кавак (sinus sagittalis superior) мия ўроғининг устки четини иккига ажратиб, тепа суякларининг ўқ-ёйсимон эгатлари четига ёпишишидан вужудга келади. Бу кавак crista galli дан бошланиб, энса суягидаги protuberantia occipitalis interna га ёпишади. Бу кавакнинг икки ёнбошида (мия қаттиқ пардаси ичида) унчалик катта бўлмаган қон кўлчалари бўлиб, бир томондан sinus sagittalis ва диплоик веналарига қўшилса, иккинчи томондан мия қаттиқ пардаси кавагига очилади. 4) пастки ўқ-ёйсимон кавак – sinus sagittalis inferior қаттиқ парда; мия ўроғи ўсимтасининг пастки қирғоғи оралиғида пайдо бўлади. Бу кавак ҳам кўндаланг кавакка (sinus transversus) қўшилиб туради. 5) турк эгари атрофидаги ғорсимон кавак – sinus cavernosus ва чакка суягининг пирамида қисми усти ва остида ҳам каваклар – sinus petrosus superior et inferior жойлашган. Кавакларнинг ҳаммаси кўндаланг кавак орқали “S” симон кавакка қўшилади. Бу кавакларнинг қўшилган жойи cонфлуенс синум бўлиб давом этиб бўйинтуруқ тешик – foramen jugulare орқали ички бўйинтуруқ венага қўшилиб кетади. Қаттиқ парда билан тўр парда ўртасида торгина бўшлиқ бўлиб, унда оз миқдорда мия суюқлиги тўпланади. II. Тўр парда – arachnoidea ensephali юпқа бўлиб, эгатлар устида жуда кўп майда тешикчалари бўлганлиги сабабли тўр парда деб ном олган. Тўр парда эгатлар устидан кўприк сингари ўтиб, мияни қоплаб туради. Натижада парда билан эгатлар оралиғида бўшлиқлар – cavitas subarachnoidalis пайдо бўлади. Бўшлиқлар баъзи жойларда (мияча билан узунчоқ мия ўртасида – cisterna cerebellomedullaris, мия кўприги соҳасида pontis, мия оёқчалари орасида – cisterna interpeduncularis) катталашиб ҳавзалар ҳосил қилади. Булардан ташқари, chiasma opticum олдида cisterna chiasmaticus ва cisterna fossaе lateralis cerebri шу номли чуқурчада бўлади. Тўр парда остидаги бўшлиқлар, ҳавзаларда тиниқ мия суюқлиғи бўлиб, улар фақат бир-бири билан эмас, балки орқа миянинг тўр пардаси остидаги бўшлиқ ва мия қоринчалари билан ҳам (IV қоринчанинг бурчакларида жойлашган тешиклар орқали) қўшилиб туради. Тўр пардада қон томирлар бўлмайди. Одатда, тўр пардадан майда ўсимталар тўр парда грануляцияси (granulationes) чиқиб вена кавакларининг ичига ёки каваклар ёнбошида жойлашган қон кўлчаларига киради. Бу грануляциялар қари одамларда кўпайиб, ўз оғирликлари орқали калла суякларининг ичига сўрилиб, чуқурчалар (foveolae granulares) ҳосил қилади. Грануляциялар мия суюқлигини филтрлаш орқали қон йўлига ўтказади. III. Томирли юмшоқ парда (pia mater ensephali) қон томирлар ва нервларга бой бўлган юпқа парда. У пўстлоқ эгатларининг орасида жойлашади. Бу парда қон томир чигалларини, бурмаларини ҳосил қилиб, мия қоринчалари ичига кириб жойлашади ва мия суюқлиғининг ҳосил бўлишида қатнашади. Мия суюқлиги, ликвор – liquor cerebrospinalis (150–200 г) бош мия қоринчалари ҳамда орқа мия марказий каналида ва тўр парда остидаги бўшлиқларда бир меъёрда айланиб юради. Мия суюқлиғи мия қоринчаларидаги қон томир чигаллари ва бурмаларидан ажралиб, тўр пардада жойлашган майда тешикчалар воситасида лимфа томирлари ва вена қон томирларига шимилиб туради. Мия суюқлиги орқа ва бош мияларни ташқи механик таъсирлардан сақлашдан ташқари, мияда моддалар алмашинуви жараёнида ва калла бўшлиғидаги босимни бир меъёрда ушлаб туришда ҳам иштирок этади. Download 1.51 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling