5.13. Яримшар ўзаклари
Мия яримшарларининг оқ моддаси орасида жойлашган кулранг
моддадан тузилган ўзаклари (базал ўзаклар ёки ўзаклар) бўлади. Бу ўзакларга
қуйидагилар киради: 1. Тарғил тана – corpus striatum думли ва ясмиқсимон
ўзаклардан ташкил топган. Думли ўзак – nucleus caudatus нинг олд томондаги
кенгайган бош қисми – caput nuclei caudati яримшарнинг пешона қисмида
жойлашади ва ён томондан ён қоринчанинг олд шохига кириб туради. Ўзак
танаси – corpus nuclei caudati яримшарнинг тепа бўлаги соҳасида бўлиб, ён
қоринча марказий қисмининг пастки деворини ҳосил қилади. Орқадаги дум
қисми – cауда nuclei caudati эса торайиб бориб, ён қоринча пастки шохининг
устки деворида тўхтайди. Думли ўзак медиал томонда жойлашган кўрув
дўмбоғи (thalamus)дан оқ модданинг чегараловчи тўсиғи (stria terminalis)
орқали ажралиб турса, олд ва паст томондан олдинги илма-тешик модда
(substantia perforanta anterior) гача бориб ясмиқсимон ўзакнинг қобиғи
(putamen) билан қўшилади. Ясмиқсимон ўзак – nucleus lentiformis, думли
ўзакдан ички халта (capsula interna) билан ажралган. Бу ўзакнинг ички юзаси
ички халтага, олд томони думли ўзакга параллел бўлиб, орқа томони кўрув
дўмбоғига, ташқи юзаси оролча (incula) га қараган бўлади. Ясмиқсимон ўзак
медиал ва латерал мия пардаси (пластинкаси) ёрдамида уч бўлакка: ўзак
қобиғи (putamen) ва иккита оқ шарлар (globus pallidus) га ажралиб туради.
Тарғил тана таркибидаги nucleus caudatus билан nucleus lentiformis ларни
битта стриопаллидар тизим деб аталади. Бу тизим экстрапирамида
тизимининг бир қисми ва олий вегетатив марказ ҳисобланади. Бу марказ тана
ҳароратини, углевод алмашинувини идора қилиб туради. 2. Ихота (тўсиқ –
claustrum) оролча билан ясмиқсимон ўзак орасидаги юпқа кулранг моддадан
иборат ўзак. Бу ўзак ясмиқсимон ўзак putamen дан capsula externa билан
ажралган. 3. Бодомсимон ўзак – corpus amygdaloideum ён қоринчанинг пастки
(якка бўлагидаги) шохи олдида жойлашган. Бу ўзак тарғил танага яқин ва
алоқадордир. У пўстлоқ ости ҳидлов маркази бўлиб, substantia perforanta
anterior га ва ҳидлов соҳасидан нерв толаларига келиб қўшилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |