Марказий ва периферик нерв тизими. Вегетатив нерв тизими тузилиши. Сезги ва ҳаракат ўтказув йўллари соат
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
5.-Markazij-va-periferik-nerv-tizimi.-Vegetativ-nerv-tizimi-tuzilishi.-Sezgi-va-arakat-utkazuv-jullari.-4-soat.
5.10. Оралиқ мия
Оралиқ мия (diencephalon) охирги мия билан ўрта мия оралиғида жойлашган, у кўрув дўмбоғи – thalamoencephalon, дўмбоқ ости соҳаси hypotalamus ва III қоринча (ventriculus tertius)дан иборат. Кўрув дўмбоғи соҳаси (thalamencephalon) – кўрув дўмбоғи (thalamus), дўмбоқ усти (epithalamus) ва дўмбоқ орқаси (metathalamus), дўмбоқ ости соҳаси (hypothalamus)дан тузилган. Кўрув дўмбоғи (тепалиги) (thalamus) тухум шаклидаги кулранг моддадан иборат бўлиб, икки яримшар бағрида жойлашган. Тепаликни кўриш учун мия яримшарларини ўртадаги ёриқдан иккига ажратиш лозим. Тепаликнинг ички (медиал) юзалари III қоринча бўшлиғига қараса, олд юзасининг учи ингичкалашиб тугайди, орқа учи эса ёстиқсимон тепаликни – пулвинар ҳосил қилади ва оқ моддадан тузилган юпқа парда (stratum zonale) билан қопланган. Тепаликни пастки томондан тепалик ости эгати – sulcus hypothalamicus чегаралайди. Бу эгат ён қоринчалар орасидаги тешикдан мия сув йўлигача баъзо. Кўрув дўмбоқларининг ички юзалари бир-бири билан кулранг битишма орқали қўшилган. Дўмбоқнинг ташқи юзаси ёнбош қоринчага қараган бўлиб, думли ўзак (nucleus caudatus)дан чегара ариқча (sulcus terminalis) орқали ажралиб туради. Шундай қилиб, чегара ариқча кўрув дўмбоғини яримшар (telencephalon)дан, яъни думли ўзакдан чегаралайди. Sulcus terminalis дан бош миянинг юпқа йўли (striae terminalis) ўтади. Кўрув дўмбоғи олдинги, ички ва ташқи бир неча ўзаклардан ташкил топган. Кўрув дўмбоғининг вазифаси жуда мураккаб, бу ерда бош мия пўстлоғига борувчи ҳамма сезги йўллари алмашинади, яъни сезгини олиб келувчи нерв толаси (нейрон) шу ерда тугаб, охирги нейронга ўтказиб беради (орқа мия билан мия пўстлоғи ўртасидаги йўлга қаралсин). Унинг ёстиқ қисми пўстлоқ ости кўрув маркази бўлиб ҳисобланади. Кўрув дўмбоғининг олд ўзакси сўрғичсимон таналар (corpus мамилларе) билан биргаликда ҳид билиш тизимини ҳосил қилади. Шундай қилиб, кўрув дўмбоғи сезувчи йўлларнинг пўстлоқ ости маркази бўлиб хизмат қилади. Дўмбоқ усти соҳаси – epithalamus шишсимон тана (эпифиз) (corpus pineale) миянинг устки ортиғидан иборат бўлиб, тўрт тепаликнинг устки икки тепачаси ўртасида осилиб жойлашган. Таначадан ҳар икки томонга пилик сифатида жилов (юган) habenula давом этиб, III қоринчанинг орқа соҳасида ўзаро қўшилиб юган битишмасини – comissura habenalurum ҳосил қилади. Эпифиз ички секреция бези бўлиб, бошқа эндокрин безлар билан бирга таносил аъзоларининг бир меъёрда ривожланишини ҳамда турли ритмик жараёнларни таъминлаб туради. Дўмбоқ орқаси – metathalamus ички – corpus geniculatum mediale ва ташқи – corpus geniculatum laterale тиззали таначалардан иборат. Ўнг ва чап томондаги ички тиззали таначалар кўрув дўмбоғининг остида жойлашиб, тўрт тепаликнинг пастки тепачалари билан уларнинг оёқчалари орқали қўшилади ва улар билан бирга пўстлоқ ости эшитув маркази вазифасини бажаради. Ўнг ва чап томондаги ташқи тиззали таначалар кўрув тепалигининг ёстиғи (pulvinar) остида жойлашган бўлиб, улар тўрт тепаликнинг устки иккита дўмбоғига уларнинг оёқчалари орқали қўшилади ва кўрув дўмбоғининг ёстиғи билан бирга пўстлоқ ости кўрув маркази вазифасини бажаради. Дўмбоқ ости соҳаси (hypothalamus)нинг олдинги қисми regio hypothalamica anterior бўлиб, кулранг дўмбоқча (tuber cinereum infindibulum) билан миянинг пастки ортиғи – гипофиз (hypophysis), кўрув нерви пояси (tractus opticus) ва унинг кесишмаси билан сўрғичсимон таналардан (corpora mamillaria) тузилган. Гипофиз (hypophysis) кўрув нерви кесишмаси билан сўрғичсимон таналар оралиғидаги кулранг дўмбоқчанинг махсус воронкасимон ўсимтаси (infindibulum)га осилган ҳолда, калла суяги олдидаги понасимон суякнинг шу номли чуқурчасида жойлашади. Кулранг дўмбоқча олий вегетатив марказдир, у моддалар алмашинувини ва иссиқ-совуқни тартибга солиб туради (ички секреция безларига қаралсин). Сўрғичсимон таналар (corpora mamillaria) бир-биридан эгатча билан ажралган, улар таркибидаги кулранг моддалар ҳид билиш вазифасини ўтайди. Учинчи қоринча (ventriculus tertius) иккита кўрув дўмбоғи оралиғида жойлашган тор бўшлиқлар, дўмбоқлар қоринчанинг икки ён девори бўлиб ҳисобланади. Қоринчанинг олдинги деворини гумбаз устунчалари (columnaе fornicis) билан олдинги битишма – comissura cerebri anterior ва тепадаги ингичка тасмача (lamina terminalis) ҳосил қилса, орқа деворини орқа битишма – comissura cerebri posterior ҳамда юқорида айтилган comissura habenalurum чегаралаб туради. Пастки девори дўмбоқ ости соҳасидан тузилган бўлса, устки девори қон томир эпителий пластинкаси (tela choroidea ventriculi tertii)дан иборат, унинг устида жойлашган мия гумбази (fornix) қадоқ таналардан – corpus callocu тузилган. Учинчи қоринча олд томонда қоринчалар оралиқ тешиклари – foramina interventricularia орқали ён қоринчалар билан боғланади. Кўрув дўмбоғида пўстлоқ ости сезувчи ўзакси бўлиб, бунда барча сезувчи импулслар афферент нервлар орқали ана шу ўзакга келади. Одам организмининг барча соҳасидаги сезгилар кўрув дўмбоғига келиб анализ ва синтез қилинади. Натижада кўрув дўмбоғида баъзи сезгилар юмшаб, бошқалари эса кучайтирилиб мия пўстлоғига узатилади. Кўрув дўмбоғи касалланган ёки жароҳатланганда танадан келган сезгилар зўрайиб, ошиб мия пўстлоғига боради-да, одамнинг ғазабини оширади. Одам арзимаган гапга куладиган ёки сабабсиз йиғлайдиган бўлади, мимика ўзгаради. Ички аъзоларда оғриқ кучайиб одам ҳолати ўзгаради. Бу вақтда юрак тез уриб, нафас олиш тезлашиб, қон босими кўтарилади. Бош оғриб уйқу бузилади, ғайриихтиёрий ҳаракатлар мавжуд бўлади. Кўрув дўмбоғидан пастда жойлашган узунчоқ ва орқа мия ўзаклари билан мия яримшарлари бағрида жойлашган барча пўстлоқ ости ҳаракатлантирувчи ўзаклари нервлар орқали боғланган. Дўмбоқ ости соҳаси – гипоталамус барча вегетатив функцияларни идора этувчи пўстлоқ ости ўзаксидир. У организм ички муҳитининг доимо бир хилда идора этилишини таъминлайди. Ёғлар, оқсиллар, углеводлар ва сув-туз алмашиниш жараёни гавда ҳароратини бир хилда сақлайди. Пўстлоқ ости шикастланганда гавда ҳарорати ўзгаради. Жумладан, совуқ хонада одамнинг ҳарорати пасайса, иссиқ хонада кўтарилади. Симпатик ва парасимпатик нервларнинг пўстлоқ ости маркази ҳам гипоталамусда жойлашган. Гипоталамуснинг олд қисмида парасимпатик нерв тизимининг ўзакси жойлашган, қитиқланганда ичаклар перисталтикаси кучаяди, ширалар ажралиши ортиб, юрак уриши пасаяди. Гипоталамуснинг орқа қисмида нерв тизимининг ўзаклари бор, улар қитиқланганда юрак уриши тезлашиб, қон томирлар девори тораяди ва қон босими ошади. Гипоталамус қон ҳароратини, қон таркибини бир хилда сақлашда айниқса катта аҳамиятга эга. Овқатланиш ва суюқлик ичиш (чанқаш), шимилиш жараёнлари ҳам гипоталамус томонидан таъминланади. Гипоталамус касалланганда ҳаддан ташқари кўп сув ичиш, овқатни мўл истеъмол қилиш кузатилади, сув-туз алмашиниш жараёни бузилиб, кўп миқдорда сийдик ажрала бошлайди ва бунга қандсиз диабет касаллиги дейилади. Гипоталамус гипофиз фаолиятини ҳам бошқаради (ички секреция безларига қаралсин). Download 1.51 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling