Холецистопатияларда оғриқ ўнг қовурға равоғи остида бўлиб, чап курак ва елкага тарқалади. Палпацияда ўнг қовурға равоғи остида енгил оғриқ ва қорин олд девори мушаклар таранглиги кузатилади. Чувалчангсимон ўсимтанинг жигар остида жойлашувида дифференциал диагностика ўтказиш қийин кечади. Бундай ҳолатларда кузатув аппендицит фойдасига ҳал қилинади.
Панкреатитда қоринда кучли оғриқ ва кетма-кет қайт қилиш кузатилади. Оғриқнинг чап курак ости соҳасида жойлашиши ва умуртқага тарқалиши ҳамда қонда ва сийдикда диастаза миқдорининг ошиши кузатилади. Палпацияда қорин олд девори мушаклар таранглиги аниқланмайди.
Инфекцион гепатитда касаллик бошланиши қорин оғриғи, вақти-вақти билан қайт қилиш ва склеранинг сарғайиши билан кечади. Анамнезидан сийдик ва ахлат рангларининг ўзгарганлиги аниқланади. Қон тахлилида АЛТ ва сийдик таҳлилида ўт пигментларини аниқланиши ташхисга аниқлик киритади.
Дизентерияда ич кетиши, аҳён-аҳёнда қоринда санчиқсимон оғриқ (тенизм), қорин пайпасланганда юзаки, кўпроқ йўғон ичак проекциясида оғриқ кузатилади, Щеткин– Блюмберг симптоми манфий бўлади. Айрим пайтларда ўткир аппендицит ва дезинтерия биргаликда келиши мумкин, бундай ҳолатларда беморлар хирургик бўлимнинг изоляция хоналарида ётқизилади.
Ревматизм. Касалликнинг абдоминал турида қорин соҳасида оғриқ аниқланади. Юракдаги ўзгаришлар, унинг чегарасини катталашиши, биохимик ва клиник кўрсаткичлар, бўғимлардаги тарқоқ оғриқлар ва Щеткин– Блюмберг симптомининг манфийлиги буларнинг барчаси ревматик инфекцияга хосдир.
Шенлейн-Генох касаллигининг абдоминал формаси. Бу касалликда қорин оғриғи, кўнгил айниши, қонли қайт қилиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, бўғимлар соҳаларида петехиал тошмалар ва қора ахлат келиши кузатилади.
Ўткир носпецифик мезаденитга қорин оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, тана ҳароратининг кўтарилиши (38–39 °С), иштахасизлик Штернберг синамаси яъни, лимфа тугунларининг катталашганлиги кузатилади. Бу касалликка Тренделенбург ҳолатида қориндаги оғриқнинг бошқа соҳаларга ўтиши ҳосдир. Ташхисга гумон бўлган ҳолатларда оператив муолажа ўтказиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |