323-машқ. Ўқинг. Буйруқ гапларни кўчириб, маъно муносабати ва тиниш белгиларини изоҳланг.
1. Дарвешали, ... ҳар ишга бел боғлар экансиз, элнинг манфаат ва заруриятини ўзингиз учун бир мезон деб билинг. (О.) 2. Навоий, қилични кўтармасдан, ...кескин турда сўзлади: “Қиличларни қинга жойлангиз, шу лаҳзада таслим бўлингиз!” (О.) 3 Муродовани сиз кутиб олинг, шундай кутиб олингки, бу ёғи маҳкам бўлсин. (И. Р.) 4. Приборларни ўз жонингдан ҳам авайлаб сақла. (А. Чаковский.) 5. Картани сизга қолдираман. Белгиларни ўз картангизга ўтказиб олинг. Кейин сиздан оламан. Ҳозир эса, келинг, соатларимизни бир-бирига тўғрилаб олайлик. (А. Чаковский.) 6. Ўзингни тут, Саодат, кишиларни шубҳага солма, сен уларнинг ҳаммасига бир кўз билан қарайдиган кишисан. (И. Р.) 7. Бир қоп сомон сувга ташлансин, Қаерда чарх урса айланиб, Қувур шунда тўса бошлансин. (С. Назар.)
324-машқ. Ўқинг. Ундов гапларни топиб, уларни турларга ажратинг: дарак-ундов, сўроқ-ундов, буйруқ-ундов гаплар.
1. Доимо олға қараб интилиш, ҳамма вақт янгилик қидириш, ютуқлардан мағрурланмаслик, муваффақиятсизликлар кўндаланг бўлганида ҳам тушкунликка берилмаслик, шуҳрат кетидан қувмаслик менинг олий маслагим бўлсин! (Ж. Абд.) 2. Инсон қалбига йўл топиш — жуда мушкул, айни маҳалда катта санъат! Орзу-ҳавасларга тўла, нозик ҳиссиётлар билан яшовчи, қайноқ эҳтиросли қалбни асрай билиш, эҳтиёт қилиш — фазилат! Инсон атрофидаги ҳамма нарсани ана шу қалб кўзи билан кўради! Ана шу қалб шишадай чил-чил синса, ноҳақ топталса, изтироб ўтида қовурилса, уни ўнглаш қийин бўлади! (С. Абд.) 3. Ўз қўлим билан аччиққина палов қиламан. Қани, емасдан кетиб кўр-чи! (О.) 4. Ҳой, ўроқ-кетмоннинг асл эгалари! Ер-сувнинг соҳибкорлари! Кўзларингизни очинглар! Ер-сув, ҳукумат, жамики бойлик сизларники! Бой ва эшонларга нонингизни туя қилдириб келганингиз етар! Ўғил-қизларингизни ўқитинг! (Н. С.) 5. Табиат ошиқлари ва туристлар! Қўниб ўтган жойингизни асло ифлос қила кўрманг. Ўзингиздан кейин келадиган кишилар ҳақида ҳам қайғуринг! Кишининг маданияти унинг табиатга бўлган муносабати билан белгиланишини унутманг! (А. Колбинцев.)
Do'stlaringiz bilan baham: |