290-машқ. Ўқинг, билан қайси ўринда кўмакчи, қайси ўринда боғловчи вазифасида қўлланганини айтинг, фарқини тушунтиринг.
1. Салим ота билан йигитлар меҳмонни иззат-икром билан кузатиб ташқарига чиқишди. (С. Аҳм.) 2. Мажидиддин билан Навоий юзларида табассум билан оҳиста гаплашаётганлари туфайли, ўтирганлардан ҳеч ким улар ўртасида яккама-якка кураш бораётганини пайқамади. (Л. Бать.) 3. Алёша, Гулхайри, Музаффарлар чарчаш нималигини билмай, яъни иштиёқ билан жон койитишлари энг қолоқ бўлганларни ҳам уйқудан уйғотди. (Ж. Абд.) 4. Алишер шаҳзода билан гаплашишга ошиқмади, у Бадиуззамонни ва Балхдаги шароитни яқиндан, синчиклаб ўрганмоқчи эди. (Л. Бать) 5. Экскаватор билан скреперларни ишга солишга ҳожат йўқдир. (Ж. Абд.)
291-машқ. Ўқинг. Кўмакчи ва боғловчиларни аниқланг, уларни морфологик таҳлил қилинг.
1. Фил сингари хартумлари билан ер титкилаётган улкан экскаваторлар ботмон-ботмон тупроқни қирғоққа отмоқда эди. (Ж. Абд.) 2. Инсон гўзаллик учун интилади, ёрқин уфқлар сари ошиқади. (Ж. Абд.) 3. Агрегатлар океан узра сузиб юрган кемаларни эслатади. (Ж. Абд.) 4. Ўйчан ва вазмин Алишер ёлғизликни севар, аввалгидек боғда, қоғоз ва қалам тутган ҳолда соатлаб ўтирарди. (Л. Бать.) 5. Осмон шу қадар беғубор, шу қадар кўм-кўк кўринардики, гўё ҳеч қаерда бунақа тиниқлик бўлиши мумкин эмасдай. (Ж. Абд.) 6. Моҳидил электр плиткани ёқиб, чой қўйгунга қадар ҳам Зубайда ташқаридан нигоҳини олмай тураверди. (Ж. Абд.)
Юклама ва модал сўзлар
292-машқ. Ўқинг. Юклама ва модал сўзларни топиб, улар орасидаги ўхшаш ва фарқли томонларни изоҳланг.
1. Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман. (С. Аҳм.) 2. Афтидан, эшелон бу ерда тўхтамайди. (И. Р.) 3. Худди шу пайт саломхона эшиги оҳиста очилиб, устод кўринди. (О. Ё.) 4. Ҳали хабаринг йўқми? Асрора опам касалхонадалар-ку. (С. Аҳм.) 5. Бахтимга, қизиллар ўз вақтида етиб келиб қолишди-ю, мен тирик қолдим, фақат шу бир ёқ кўзимдан айрилдим. (Иван Ле.) 6. Бизнинг фарёдимиз ҳатто ота-оналаримизнинг ҳам қулоғига кирмас эди! (А. Қ.) 7. Мана, ниҳоят, Дилдорнинг қораси кўринди. (С. Аҳм.)
Do'stlaringiz bilan baham: |