296- машқ. Ўқинг, юклама ва модал сўзларни топиб, уларни тўлиқ таҳлил қилинг.
1. Хуллас, акасига тенг келадиган йигит йўқдай эди дунё-да. (Ж. Абд.) 2. Моҳидил учун бу учрашув катта мукофот, албатта. (Ж. Абд.) 3. Афтидан, мустақил ҳаёт кечирмоққа илк бор қадам қўйиш ҳам кишида ҳаяжон уйғотар экан. (Ж. Абд.) 4. Фақат Мастура холагина қаттиқ меҳр қўйганидан, у билан худди беморга муомала қилгандай жуда мулойим ва эҳтиёткорона сўзлашарди. (Ж. Абд.) 5. Ахир жўнар пайтида хат ёзишни... ваъда бермаганмиди? (Ж. Абд.) 6. Менимча, улар машинада кетдилар. (Ю. Семёнов.) 7. Хайрият, шунақа ўртоқларингиз ҳам бор экан! (Ш.) 8. О д и л о в. Ғайрати-ку яхши, лекин ўжарлиги ёмон! (А. Қ.)
297- машқ. Ўқинг. Кўмакчи, боғловчи, юклама ва модал сўзларни топиб, морфологик таҳлил қилинг.
1. Қишлоқнинг у бошидан бу бошига етгунга қадар бирор кимсанинг қораси кўрингани йўқ. (Ж. Абд.) 2. Фақат ширин хотираларнигина эслашга уринишди. (Ж. Абд.) 3. Одамнинг характерини ўзгартиришдан қийин нарса йўқ. (Ж. Абд.) 4. Эртадан бошлаб беш йил ичида орттирган назарий билимини амалда намойиш қилиши керак. Шунинг учун охирги бор дарсликларни кўздан кечирмоқда, чоғи. (Ж. Абд.) 5. Афтидан, уларнинг кўпчилиги кечаги бўрон етказган шикастларни тузатиш, қум тўлиб қолган хандақларни тозалаш билан банд. (Ж. Абд.) 6. Ахир, киши яшаш, кураш, яратиш, бахт учун туғилмайдими?! (Б. Даминов.) 7. Вой, ғалати гапни гапирасиз-а, домласи, она ўз боласига ёмонликни раво кўрадими? (А. Қ.)
298-машқ. Ўқинг. Мустақил ва ёрдамчи сўзларни топиб, уларга тўлиқ характеристика беринг.
Отда кўп юриб ўрганган Ортиқ энди мотоцикл эгаридан тушмайди. Эгардан тушса, умри барбод бўладигандек қўрқади. Акасининг шу заиф томонини Аваз яхши билади, ўзаро гап билан буни йўқотиб бўлмаслигини сезади. Шунинг учун боя атайлаб уни кўпчиликнинг олдида уялтириб, кўзини сал очмоқчи бўлди. Лекин бунинг натижасида икковининг ораси баттар совуганини сезиб, ҳозир таъби тирриқ бўлиб боряпти. (П.Қодиров)
Do'stlaringiz bilan baham: |