Мавзу: Спортчи ыспиринлар тафаккурининг диагностикаси ва динамикаси


II-Боб. ИЖОДИЙ ТАФАККУР МУАММОСИНИ ЎРГАНИШДАГИ ПСИХОЛОГИК ЁНДАШУВЛАР


Download 467.5 Kb.
bet6/13
Sana18.06.2023
Hajmi467.5 Kb.
#1593803
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13
Bog'liq
nodira

II-Боб. ИЖОДИЙ ТАФАККУР МУАММОСИНИ ЎРГАНИШДАГИ ПСИХОЛОГИК ЁНДАШУВЛАР
2.1. Ижодий тафаккур тўғрисида шарқ мутафаккирларининг психологик қарашлари.

Мустақиллик жисмоний тарбия-спорт ҳаракати амалиёти ва назариясига миллий қадриятлар ва миллий спорт турлари ва ўйинларини мамлакатимизнинг ҳудудий, миллий, иқлимий географик шароитларини ҳисобга олган ҳолда жорий қилиниши, шунингдек, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Маҳмуд қошғарий, Абу Али ибн Сино, Баҳовуддин Нақшбандий, Ат-Термизий, Амир Темур, Имом Исмоил Ал-Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқаларнинг жисмоний тарбияга, саломатлик, ақлий ва ахлоқий тарбияга оид назарий билимларига амал қилган ҳолда янгича ёндашиш вазифасини қўйди:


Нақшбандий силсиласининг улуғ орифи ҳазрат Баҳовуддин илоҳий илм қонун-қоидаларини, одамлардаги ботиний, зоҳирий сифат ҳамда рамзий белгиларини чуқур билган ва уларга руҳий жиҳатдан таъсир эта олган. Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд заифлашган, бетоб одамларни руҳий жиҳатдан даволаган, шу билан бирга жисмоний жиҳатдан соғломланишига кўмаклашган.
Ҳозирги кунда ҳазрат Баҳовуддиннинг инсон руҳий камолотга эришиш учун ғазаб, ҳирс, очкўзлик, хасислик иллатларидан фориғ бўлиши ва кўпдан-кўп ҳавои нафс, орзу-ҳаваслардан қутулиши ёки уларга чек қўйиши зарур. Бунинг учун сабр-тоқат, андиша билан ҳаёт кечириб, ўз шахсий меҳнати билан топилган ҳалол луқмага қаноат қилмоғи даркор, деган ўгит ва пандлари айни долзарб фикрлардир. Узоқ ўтмишдан инсон камолоти унинг жисмоний ва ақлий соғломлигига боғлиқ эканлиги ҳақидаги фикрлар маълум. Бу ҳақда қандай манбалардан билиб олиш мумкин. Бу тўғрида кўпдан-кўп диний рисолалар, китоблар гувоҳлик беради. Чунончи, «Ҳадис»нинг биринчи жилдида спорт элементлари бўлган қиличбозлик, пиёда юриш, тозалик ва саломатликни асраш ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Ўша даврларда қиличбозлик, кураш тушиш, найзабозлик халқнинг ҳам, ҳукмдорларнинг ҳам севимли машғулотлари бўлганлиги ва уни севиб томошо қилганликлари баён қилинади. Бу ўринда яна шуни таъкидлаш лозимки, бу тадбирга фақат кўнгилочар томоша эмас, балки ёшларни жисмонан бақувват, эпчил, моҳир қилиб тарбиялаш, лозим бўлганда ўзини душмандан ҳимоя қилиш учун тайёргарлик, деб ҳам қараш мумкин.
Жаҳонга машҳур бўлган олим, тиббиёт илмининг буюк намояндаларидан бири Абу Али ибн Сино ўз даврида бадантарбия билан (жисмоний машқлардан) тан саломатлигини яхшилиш ва мустаҳкамлашда, касалликларнинг олдини олиш ва ундан тез фориғ бўлиш ва бошқа ҳолларда кенг фойдаланиш масаласини кўп марта уқтирган ҳамда асарларида ифодалаган. Шунинг учун Ибн Сино «Киши саломатлигида югурмаса, касаллигида албатта югуради», деб бежиз айтмаган.
Буюк олим ўзининг машҳур «Тиб қонунлари» асаридаги учинчи қисмнинг XVII фаслдан иборат бутун иккинчи бўлимини кишилар саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлашда жисмоний машқлардан фойдаланиш масалаларига бағишланган. Бу бўлимнинг дастлабки сатрларидан жисмоний машқлар билан меъёрида ва ўз вақтида шуғулланиш, ундан кейин овқатланиш ҳамда уйқу тартиби саломатлик учун кони фойда эканлиги таъкидлаб кўрсатилади.
Олим жисмоний машқларнинг киши саломатлигини сақлашнинг энг муҳим воситаси деб ҳисоблаш билан бирга жисмоний машқ, нафас олиш узлуксиз ва чуқур бўлишига олиб келувчи ихтиёрий ҳаракат эканини айтади.
Абу Али ибн Сино тиббиётда жисмоний машқларнинг роли катта эканлигини илмий асослаб, ўша вақтлардаёқ халқ миллий кураши ҳақида қимматли фикрларни ёзиб қолдирган. Масалан, у шундай деб ёзади: «Кураш ҳар хил турлардан иборат бўлган. Шулардан биттаси, икки эркак бир-бирларининг белбоғларини ушлаб ўзига тортади ва ҳар бири ўз рақибидан қутулишга интилади, ҳаракат қилади, лекин бири бошқасини қўйиб юбормайди. Курашнинг яна бир бошқа тури: бир-бирига оёқ солиш, чалиш, оёқ билан рақибининг оёғига тепиб йиқитиш».
Мана шу мисоллардан биз ўзбек миллий курашидаги қайтарма, қоқма, пойчечак ва қалмоқи усуллари қадимдан қўлланиб келганлигини биламиз.
Шундай қилиб, Абу Али ибн Синонинг ёзишича, 1000 йил илгари ҳам миллий курашнинг икки тури бўлган. Шулардан бирида рақибнинг белидан ушлашга рухсат берилган ва полвонлар оёқ ишлатмасдан олишишган. Иккинчи кураш турида эса гавданинг қаеридан ушлаб олса-да, оёқлари билан ҳаракат қилишган, аммо ҳар иккала кураш турида ҳам қўл билан оёқдан олиш ман эътилган.
Бу тур курашнинг республикамизда ривожланган кураш турлари билан қиёсласак, унинг бири миллий курашнинг фарғонача, иккинчиси бухороча усулларига тўғри келишини кўрамиз.
Олим тавсия этган икки тур курашнинг элементлари қандай ва қай даражада аниқ эканлигидан қатъи назар, қарийб минг йилча илгари маълум бўлган жисмоний машқлар ва спортнинг жуда кўп турларини тилга олганини алоҳида қайд қилиб ўтишимиз лозим.
Абу Али ибн Сино инсон ақли ҳақидаги ҳикматларида «Илм—нарсаларнинг инсон ақли ёрдами билан ўрганилишидир». «Билим деб, нарсаларни идрок қилишга айтилади. Бу шундайки, инсон ақли уни хато йўлдан тоймасдан туриб унга эришиши керак бўладиган нарсадир» дейди1.
Ибн Сино «Ҳайй ибн Яқзон» қиссасида киши феъл-атворини, табиатни чуқурроқ тушуниш учун илми мантиқни билишга даъват қилади. Чунки бу илм киши дидини ўстиради, фикр доирасини кенгайтиради. Ибн Сино бу ҳақда шундай дейди: «Фаросат илми фойдаси нақд илмлардандир. Бу илмни билиб олсанг, у сенга кишиларнинг пинҳоний феъл-атворини билдиради. Фаросат илмидан баҳраманд бўлсанг, жуда ўткир бўлиб кетасан»2.
Ибн Сино ўз таълимоти орқали ўрта аср психологиясининг ақлий объектларини моддий нарсалар сифатида гавдалантиради. Гарчи бу асар ақл, илм-фан, маърифат ҳақида ҳикоя қилса-да, лекин олимнинг фанга, уни эгаллашга интилишларини ҳам тасвирловчи қисса ҳамдир.
Ақл илмининг макони, муқаддас жой, бунинг маъноси ҳақиқий фан, яъни ақлда ёлғончилик, тубанлик, ёмонлик кабилар бўлмаслиги керак. қиссадаги оқиб турган чашма – мантиқ илми, унда чўмилиш эса мантиқни эгаллашир. Мантиқ илмини эгалласа, киши Баҳри муҳитда чўкмайди.
Ибн Сино қадимги фалсафадаги «назарий ақл» билан «амалий ақл» ҳақида ҳам тўхталиб ўтади: «…ўнгда ўтириб кузатувчиси буйруқ берувчилардан бўлиб, ёздириш иши шунинг қўлида. Чапда ўтириб кузатувчиси буйруқ берувчилардан бўлиб, ёзиш иши унинг қўлида». Бунда кишининг рост ёлғонга рағбати, ўйлаб-ўйламай иш қилиш кайфияти, ҳисси қабул қилган нарсаларни ақл билан ифодалаш хусусиятлари назарда тутилади. Чунки ҳис ёрдами билан маълум бўлган нарсалар ақлга бориб етади.
Ибн Сино Шарқ фалсафасидаги «фаол ақл»ни ҳамма нарсаларнинг асоси, бошланғичи деб таърифлайди.
Мулла Холмуҳаммад XIX асрнинг машҳур полвонларидан бири бўлган Аҳмад Дониш «Бухородан Петербургга саёхат» асарида (1960 йил, Душанбе, 259 бет) Мулла Холмуҳаммадни улкан келбатли одам сифатида таърифлайди. Донишнинг ёзишича, яна Бухоролик Шукурбек номли одам ҳам ўз даврининг паҳлавонларидан бири ҳисобланган. Донишнинг бу ва бошқа жисмоний тарбияга оид хотираларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўрта Осиё халқларининг физкультура тарихи ўтмиш даврларни ҳам ўз ичига олади.
Асарнинг «ҳунармандчилик ва ўқув машғулотлари фойдаси хусусида болаларга ўгитлар» қисмида ҳунармандчилик, география, адабиёт, она тили билан бир қаторда аллома жисмоний чиниқишга ҳам катта эътибор бериб ўтади.
А.Донишни болаларга ақлий тарбия бериш жисмоний тарбия билан қўшиб олиб борилиши лозимлигини қатъий қилиб қўяди. Жумладан у болаларни ҳарбий ишга тайёрлаш, ўқитиш тўғрисида ҳам гапириб ўтади1.
Хоразмлик Паҳлавон Маҳмуд XIII асрнинг иккинчи ярми ва XIV асрнинг бошларида яшаган. Маҳмуд ёшлигиданоқ жисмоний бақувват бўлиб етишади, полвонлик билан шуғулланади ва унинг сирларини яхши ўрганиб олади. Паҳлавон маҳмуд кўпгина юртларга саёҳат қилган бўлиб, у Эронда, Ҳиндистонда ва бошқа Шарқ мамлакатларида бўлади. Ўрта Осиё бўйлаб юрган ва ҳамма ерда полвонлар билан кураш тушган. Лекин ҳеч қаерда: на ўз Ватанида ва на хорижда унинг кураги ерга теккан эмас. Паҳлавон маҳмуднинг номи кўпгина афсона ва ривоятлар билан боғлиқ. Бу афсоналарда халқ ўзининг полвонига бўлган муҳаббатини, ҳурматини ифода этган. Шунинг учун ҳам халқ баходир фақат кучли киши эмас, балки, ҳаққоний киши ҳамдир.
Ана шундай ривоятлардан бири Маҳмуднинг Ҳиндистонликлар сафида туриб, Ҳиндистон душманларига қарши жанг қилганлиги ҳақидадир. Жанг пайтида у ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб раджа Рай Ропой Чунни ўлимдан сақлаб қолади. Миннатдор бўлган раджа полвонга ҳокимлик мансабини ва бир мунча бойлик таклиф қилади. Лекин Маҳмуд ҳеч нарса олмайди. Аммо у раджадан, агар мумкин бўлса, мукофот эвазига ўн минг хоразмлик бандиларни озод этишни илтимос қилади. Хоразмлик полвоннинг олижаноблигига қойил қолган раджа полвоннинг илтимосини бажо келтиради. Паҳлавон Маҳмуд фақат курашчи-полвонгина эмас, балки шоир, мутафаккир, ҳар жиҳатдан етук киши бўлган. Унда юксак маданиятлилик, инсонпарварлик ва жисмоний камолот мужассамлашган эди.
Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий оқиллик, ахлоқийлик, саломатлик ҳақида фақат шеър битиб қолмасдан, балки халқнинг соғлиғи ҳақида қайғуриб беморларга дори-дармон билан эмас, балки жисмоний машқлар ёрдамида ва дарс бериш билан шуғулланадиган «Дору-шифо» («Даволаш уйи»)ни қурдирди.
Буюк бобомиз Навоийнинг: «Одам учун доим ҳаракатда бўлиш ҳаётликдан асардир: жонсиз мавжудотлар—тириклик нишонасидан бехабардир», деган ҳикматли сўзлари бугунги кунда ҳам қимматлидир. Дарҳақиқат ҳаракат, инсон ҳаётининг негизи эканлиги сир эмас.
Алишер Навоий дунёвий илмлар билан бирга диний илмларни ҳам чуқур билган ва у айниқса, илму-бадан ёки бадан илмини ўрганишни ҳар бир инсон учун у ким бўлишидан қатъи назар, асосий шарт қилиб қўяди.
Ул уч дил илми-ю бу бир бадандир,
Булар муҳтож яхши гар, ёмондур.
Тан нечоғлик соғ бўлса, кўнгил шунчалик равшан, таъб хушчақчақ бўлади. «Кўнгил бадан мулкининг подшоҳидур»,—дейди мутафаккир. Кўнгилнинг саломатлиги—баданнинг ҳам саломатлиги; унинг нотоблиги—бунинг ҳам нотоблиги, яъни:
Мулк учун мамлакатни осойишта таъмнида тутиб турувчи соғлом подшоҳ керак.
Тан учун бадан мулкининг шоҳи бўлган аъзо керак.
Тан олишимиз керакки, миллий спортимиз тарихи ва бадантарбия соҳасига ҳали жиддий қўл уриб чуқур ўрганилган эмас. Бунинг учун эса кўплаб воқеаномалар, сафарномалар, жангномалар, пандномаларни ўқиб-ўрганишимизга тўғри келади. Айниқса бобокалонимиз Алишер Навоий асарларидан бу тўғрида кўплаб маълумотлар олиш имкони бор: қанчадан-қанча атамалар, ташбеҳлар, баъзи ўйин ва туркумларнинг тавсифи, лавҳалар инжулардек сочилиб ётибди уларни териб тўплайдиган кези келди. Чунончи, «Фарҳод ва Ширин» достонида қуйидаги маълумотларга дуч келамиз. Алишер Навоий Фарҳоднинг ҳарбий машқларининг барчаси билан махсус шуғуллангани тўғрисида сўзлар экан, «дилварлик» деган атамани ишлатади:
Улум авроқи чун бир-бир ёпилди,
Дилварлик силоҳи майли қилди.
Яъни Фарҳод маънавий билимлар («улум»)ни ўзлаштириб бўлгач, дилварлик санъатларини ҳам пухта эгаллашга ҳаракат қилган (Алишер Навоий. «Хамса» 175-бет).
Навоий умуман жисмонан кучли одамларни ўз давридаги кенг расм бўлган атамадан фойдаланган ҳолда «паҳлавон» деб, курашни касб қилиб олган полвонларни «зўргар» деб атаган. «Лисонут тайр» достонида ажойиб ҳикоят бўлиб, қуйидаги байт билан бошланади:
Бор эди бир паҳлавони зўргар,
Беҳунарлиғ фаннида соҳибҳунар.
Шоир Паҳлавон Муҳаммадни маънавий камолотда беназир сиймо, қадрдон дўст, мусоҳиби ва маҳрами сифатида кўрсатади.
Алишер Навоий туркий халқларнинг маънавий оламини бойитишда, умумбашарий маданиятни юксалтиришда буюк хизмат кўрстган мутафаккирдир. А.Навоий ижоди фалсафий-бадиий мажмуа хазинасининг айнан ўзгинасидир, бу ижодиёт халқ ижтимоий ижтимоий ҳаётининг турли жабҳаларидан умумлашган бўлиб, у умумийдан хусусийга ва хусусийдан умумийга айланиб туради. Халқнинг ижтимоий ҳаёти ва якка шахснинг бирор хусусияти йўқки, у буюк аллома диққатини ўзига тотрмаган бўлсин, жумладан, инсон таффаккури ҳақида ҳам «Фарҳод ва Ширин» достонида у шундай ёзади:
«Ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод».
Шундай қилиб, А.Навоий инсон тафаккурининг буюк қудратга эга эканлигини таъкидлашдан ташқари унинг «ақлли» ва «ақлсиз» одамлар таснифига берган эксперт баҳоси алоҳида эътиборга молик. Алишер Навоий асарларида бу тушунча 27 ўринда ишлатилган бўлиб, унинг 27 даражаси ва 27 сифати ҳақида фикр юритган. Хусусан, ақлнинг турли сифатлари қуйидагича тавсифланган: ақл аҳли-хушёр онг эгалари; ақл восвоси—ақл васвасаси, мафтунлик, ақл тўлқини: ақл деҳқони—онгли тушунча, мулоҳаза, тажрибали, онгли киши; ақл куйи—ақл—идрок йўли; ақл мезони—онг, ақл ўлчови, тарозуси; ақл муҳандислари—донишмандлар, олимлар, билимдонлар; ақл олдиди—онгли тушуниш бўйича, ақлан; ақл пири—тафаккур устози—фаросатли кишилар; ақл саррофи—ақл заргари, ақл баҳоловчис; ақл уйи—мия, фикру—хаёл; ақл хирмони—ақл мужассамлиги; ақл чири—ақл кучи, ақл қуввати; ақл эшиги—ақл йўли, онгли йўл; ақл ўти—зеҳн ўткирлиги, ҳушёрлик; ақл қуши—бунга изоҳ ҳожат эмас; ақл ҳисоби—онг доираси, чегараси; ақлдин бегона—телба; ақли жавоҳиршунос—етук, комил ва сўзининг яширин сирларини яхши тушунувчи нозик таъб кишиларнинг идроклиси; ақли зойил—ақли кетган киши; ақли зулмоний—хира ақл, ўтмас зехн; ақли кул—энг етук ақл; ақли маслаҳатбин—маслаҳат кўрсатувчи, тўғри йўл ва тўғри фикрга йўлловчи ақл; ақли мушарраф—соф, шарафли ақл; ақли мустақим—иккиланмайдиган, тўғри ақл эгаси, қатъий фикрли одам; ақли мусохиб—фаҳм-фаросатли киши; ақли оз—ақлдан адашмоқ; ақли салоҳ—тўғри соғлом фикр; ақли саркаш—итоатсиз, ўжар, қайсар, бўйин товловчи ақл; ақли ситамкор—жабр-зулм қилувчи, жафо етказувчи; ақлу фаҳми хурдадон—нозик ақл-фаҳм; ақлу худбин—фақат ўзини ўйловчи шахс; ақли худабин—ўткир, сезгир нозик ақл ва ҳоказолар.
Шундай қилиб, мутафаккир ақлни ранг-баранг жиҳатларга ажратиб, уларга асосланган ҳолда икки тоифали ақл соҳиблари бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқаришга қарор қилади: некбин ақл эгалари ва худбин ақл эгалари. Биринчиларидаги ақл инсониятга эзгулик келтириб, ўз соҳибини ҳам бахтли қилса, иккинчилари—аксинча, ўз манфаати йўлидагина ақл ишлатиб, ўзгаларга зиён етказадилар, холос1.
Демак, буюк мутафаккир нуқтаи-назарича, ҳақиқий ақл соҳиблари—улар ўзларининг фикр-ўйлари билан бировларга зиён-заҳмат етказмайдилар, балки улар ҳам ўзларига, ҳам ўзгаларга манфаат келтирадилар. Шахсиятпараст тафаккурли некбин ақл эгаларида эса фикрлашнинг торлиги туфайли улар ўзгаларнинг фикрига тобе, бемақсад ва бемаслак, ғоясиз инсонларга айланиб қоладилар.
Буюк олим Абу Наср Форобий ақл орқали тафаккур ёрдамида билишнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлашга ҳаракат қилган. Тафаккур мавҳумликка, умумийликка, бевоситаликка, яъни сезгилар орқали билиш хусусиятларига эга деб тушунтиради. Форобий таълимотига кўра, тафаккур (ақл) орқали инсон материянинг сезгиларга номаълум ҳисобланган томонларини, умумий қонуниятларини, моҳиятини билади, санъат, фан тўғрисидаги билимларга эга бўлади.
Форобий дунёни ақл ёрдамида билишни назарда тутиб; «Тушуниш эса (нарсаларнинг моҳиятини, умумий қоида ва қонун) тўғрисидаги ҳаракат бўлиб, уларнинг охири бор, чегараланган ҳамда умумлаштирилгандир»1,—деб ёзган эди.
Форобий ақлни инсонгагина хос бўлган қувват(«қуввати нотифа»), у инсондаги барча қувватлар устидан раҳбар, уларни бошқарувчи қувват деб тушунди.
Унинг фикрича, ақл қуввати (қуввати нотифа)нинг энг муҳим вазифаларидан бири—турли мантиқий операцияларни бажаришдир. Бир вазифа ақл қувватига кирувчи мустақил «қуввати фикрия» инсон мантиқий фикрлаш жараёни томонидан амалга оширилади, яъни агарда қуввати нотифа билан англанадиган нарсани билиб олиш зарурияти туғилса, қуввати нотифадаги махсус «қуввати фикрия» ишга киришади. Бу фаолият фикр юритиш, тушунча ва ҳукмлар ёрдами билан амалга оширилиб, кейинчалик хулосалар чиқариш ёрдами билан якунланади. Унинг тафаккурга умумлаштириш ва мавҳумлаштириш, тахлил ва синтез қилиш каби хусусиятлар хослиги ҳақидаги фикрлари муҳим аҳамиятга эга. Форобий маълумотида тафаккурнинг аниқликдан мавҳумликка йўналиши ва мавҳумликдан аниқлик сари қайтиши ҳақида фаразий фикрлар ҳам учрайди.
Форобий тушунишни билимнинг моҳиятини уқиб-англаб олишни қуруқ ёдлашдан устун қўяди ва ўқувчиларга умумий қонун ва қоидаларини ўзлаштиришни тавсия этади, чунки қонун қоидаларни англаш, унинг таъкидлашича, жуда катта аҳамиятга эгадир.
Абу Наср Фаробий ақлли инсон ҳақида гапириб бундай ёзади: «Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган зарур нарсаларни кашф ва ихтиро этишга зўр истеъдодга эга, ёмон ишлардан ўзини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар»1.
Шундай қилиб, Форобийнинг фикр юритиш, тафаккур хусусиятлари ҳақидаги фикрлари ҳозирги даврга қадар ўз аҳамиятини сақлаганлиги учун тадқиқотимизда буюк мутафаккирнинг илгари сурган ғояларига асосланишни лозим топдик.
Абу Райҳон Беруний инсоннинг барча мавжудотдан устунлиги унинг тафаккури орқали эканини изоҳлайди. Шунинг учун ҳам ердаги барча ҳайвонлар унга бўйсунадилар, акс ҳолда инсон энг ожиз ҳайвондан ҳам ожиз бўлар эди.
Абу Райҳон Беруний яратган ҳар бир ишининг киши руҳиятига, қобилиятига мос, уни толиқтирмайдиган бўлишига эътибор беради. Беруний ёзади «Бизнинг мақсадимиз ўқувчини толиқтириб қўймасликдир. Ҳадеб бир нарсани ўқий бериш зерикарли бўлади ва тоқатни-тоқ қилади. Агар ўқувчи бир масаладан бошқа бир масалага ўтиб турса, у худди турли-туман боғ-роғларда сайр қилгандек бўлади. Бир боғдан ўтар-ўтмас, бошқа боғ бошланади. Киши уларнинг ҳаммасини кўргиси ва томоша қилгиси келади. «Ҳар бир янги нарса роҳат бағишлайди» деб беҳуда айтилмаган»2.
Берунийнинг маърифат ва билимдонлик даражаси, кишиларнинг мулоҳаза юритиш ҳолати тўғрисида билдирган фикрига кўра, ҳар бир нарсани аниқ синчиклаб ўрганиш, билиш, бундан сўнггина бир хулосага келиш керак. Беруний бу ишда тажрибага асосланишни алоҳида уқтиради, нодонлик, эринчоқлик, илмсизликни танқид қилади. Ҳар бир масала устида ижодий изланиш, мустақил фикр юритиш лозимлигини уқтиради.
Беруний инсон ташқи оламини билишда асосан ақлга таяниши ва шунинг учун ҳам у барча жонзотдан устун туришини таъкидлайди. Олимнинг фикрича, инсон ақлига мувофиқ билиш орқали оламнинг моҳияти ҳақидаги билимларни ўзлаштиради. Лекин билимларнинг чеки йўқ ва ҳамма билимларни тез эгаллаш мумкин эмас. Шу боисдан, инсон ўзи билиб олган нарсалар билан кифояланиб қолмай, балки доимо янги билимларни ўрганишга интилиши керак. Унинг фикрича, инсон билиш, тушуниш, фикрлаш, муҳокама қилиш, ўйлаб топиш сингари истеъдодларга эгадир.
Инсон тафаккурининг қудрати шундаки, унинг ёрдамида воқеа ва ҳодисаларни бир-бирига чоғиштириш, таҳлил қилиш орқали ростни ёлғондан, адолатни адолатсизликдан, яхшини ёмондан, ҳақиқатни эса ноҳақликдан ажратиш мумкинлиги ҳақида таълим беради. Беруний бу фаннинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишини исботлайди. У билиш лозим бўлган ҳодиса ва воқеани, майдалаб, бўлиб-бўлиб ўрганиш, таҳлил қилиш методини илгари суради.
Руҳият, онг ва тафаккур барча ҳодисаларнинг таъсирига боғлиқдир. Чунки инсон тафаккури доимо воқеликни билишга қаратилгандир. «Аммо инсон, — дейди Беруний — нарса ва ҳодисаларнинг фақат сифат ва хусусиятлари ҳақида билим берувчи ҳиссий билиш даражасида тўхтаб қолмайди, балки нарсаларнинг чуқур ва атрофлича билиш, шу нарсалар ҳақида фикр юритишни талаб қилади»1. Тафаккур, ақл туфайли инсон нарса ва ҳодисаларни бир-бири билан солиштириб, қиёслаб кўради.
Имом Исмоил ал-Бухорий болаларнинг солиҳ-қобил бўлишлари Оллоҳ таолонинг тавфиқи билан бўлади, аммо уларга одоб-ахлоқ ўргатиш ота-оналарнинг вазифаси дейди. Улуғ мутафаккирнинг таъкидашича, ҳар бир одам комил инсон бўлиши учун ўзи яхши кўрадиган ўзгаларга раво кўрадиган, гўзал ахлоқли бўлиши керак. Имом Исмоил ал-Бухорий ўзининг асарлари ва ҳадисларида ёшларни билим эгаллашга, барча нарсаларга ўйлаб, фикрлаб жавоб қайтаришга ундайди. Ҳадисларни ўқиш билан бирга, уларнинг мазмун моҳиятини тушуниб етишга ҳамда кенг мулоҳаза, фикр юритишга ўрганиш кераклигини таъкидлаган. Буюк ватандошимиз башариятга тенгсиз маънавий мерос қолдириб кетди. Бу мероснинг гултожи – энг ишончли ҳадислар тўплами – «Ал-Жоми ас-Сахиқ» Ислом динида қуръони Каримдан кейин эъзозланадиган иккинчи манбадир.
Абдулла Авлоний (1878-1934) ўзбек халқининг санъат ва адабиётини юксалтиришда ўзбек миллий маданиятини тараққий эттиришда, халқ маорифи ишларини йўлга қўйишда катта хизмат қилган адиб, жамоат арбоби ва иастеъдодли педагогдир. У ўзбек мумтоз шоирлари ва илғор жаҳон маърифатпарварларининг юксалишига оид фикрларга таяниб, ёшларни ўқитиш ва тарбиялашда муҳим ҳаётий масалаларни кўтариб чиқади. Уларни тўғри ҳал қилишга уринади. Фикр тарбияси деб ёзади Авлоний « Туркий гулистон ва ахлоқ» асарида энг керакли кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган муаллимларнинг диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратлик бўлишига сабаб бўладур».
Шунинг учун боланинг фикрлаш қобилиятини ўстиришда муаллимнинг роли катта аҳамиятга эга дейди. Унинг таъкидлашича, боланинг фикрларини бирон нарсага қаратиш, унинг ўша нарса ҳақида ўйлашига эришиш учун унинг диққатини яққол нарсаларга йўналтириш, унинг олдига аниқ бир масала қўйиш ва унга жавоб топиш учун унда эҳтиёж пайдо қилиш керак. Бунда бола фикрини муайян томонга йўналтирувчи аниқ вазифалар белгилаб беришда муаллим катта рол ўйнайди. Авлоний ўз байтларида таълим ва тарбия бирлиги ғоясини тарғиб қиладики, бу нарса бизнинг кунларимизда ҳам ғоят долзарбдир:
«Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдан бўлур ўткир.
Фикрнинг ойинаси олурса занг,
Руҳи равшан, замир ўлур бенур».
А.Авлоний жисмоний жиҳатдан бақувват, соғлом кишилар яхши фикрлайдилар, деб таъкидлайди. «Бадан тарбиясини фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордир. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг унг ила териси кабидир».
А.Авлоний фикрича, бутун мавжудод инсонга хизмат қилиши керак. Инсон унинг соҳибидир. Чунки инсоннинг ақли бор, шу ақл орқали илм эгаллайди, илм туфайли дунёни бошқаради. Ақл дейди Авлоний инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидир. «Инсон ақли ва сўзи билан ҳайвонлардан айрилади. Инсон ақл ва идрок соясида ўзига келадиган зарар ва зулмдан сақланур. Ер юзидаги ҳайвонларни асир қилуб, бўйнидан бойлаб, ипларининг учини қўлларига берган инсоннинг ақлидир. Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари, нажотидир. Агар ақлнинг қўли нафсингни жиловласа, инсонни ёмон йўлларга кирмоқдан сақлар. Ҳар нарса кўп бўлса баҳоси арзон бўлур; ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур».1
Умар Хайём асарларида (1048-1123) ўқувчиларнинг билимларни тўла, чуқур ва онгли равишда ўзлаштириш ақлий кўникма ва малакаларни эгаллаш ҳамда уларни мустақил билимни эгаллашга тайёрлаш йўллари тўғрисида илмий-амалий фикрлар берган. Умар Хайёмнинг таъкидлашича, ўқувчилар билимларни фақат ўқитувчини узатган ахборотлари ва китобни ўқиш билан кифояланиб қолмасдан, балки ҳаётий ҳодисаларни бевосита ўрганиш, улар тўғрисида мушоҳада юритиш жараёнида, кўникма ва малакаларни эса амалиётда, айнан бир ҳаракатни ёки бир неча амалларни узлуксиз равишда такрорлаш, турли хусусиятли операциялар ёрдами билан ҳам эгаллаб оладилар. Хулоса қилиб айтганда, аллома таълимда хилма-хил методларни қўллашни тавсия этиб, фаолликни оширишга имкон туғдиради, бу орқали сабоқ олувчилар билимларни мустақил ўзлаштириши жоиз эканлиги айтилади. Умар Хайём билим, кўникма ва малакаларни эгаллашга худди шундай ёндашишни ҳамма вақт эслатиб, ўқувчиларни фикр юритишга рағбатлантирар эди. Шунинг учун ҳам у «Сен осонгина ўйлаяпсан», «Кўп ўйлаб мақсадга эришиш мумкин», «Бир оз ўйлагандан кейин сен тушуниб оласан», деб таъкидлаш билан ўқувчилар руҳиятига таъсир қилиб, уларни мустақил фикр, мулоҳаза юритишга ундар эди. Демак, мустақил ва эркин фикрлашнинг манбаси ҳамда омили сифатида Умар Хайём такрорлашни, ўз илмини эса аввал иродаси ёрдамида мустаҳкамлашни, сўнгра фикрловчига ёрдам бераётган шахснинг рағбат-кўмагини таъкидлайди.
Абдурауф Фитрат (1886-1938) Ватан мустақиллиги ва миллат фаровонлиги учун курашган жадидчилик ҳаракатининг фаол намоёндаларидан бири, йирик давлат арбоби, етук олим, моҳир педагог ва буюк маърифатпарвар сиймодир.
Унинг фикрича фикр билан ақл инсонни камолотга етказади ва ўқиш, ўрганиш қобилияти уни саодатманд қилади. Инсоннинг комил ақли яхшилик муҳокамасидир. «Муҳокама нима? Муҳокама уч қисмдан ташкил топиб, аввалги ҳукм номаълум бўлиб, қолган икки ҳукм аввалгисини тўлдиради ва кази(й)яти маълум деб аталади. Демак, инсон муҳокама орғали камолотга етади. Муҳокама аниқ ва равшан бўлиши учун уч нарса зарур бўлиб ҳисобланади: 1. Исобат, 2. Истиқомат, 3. Суръат. Исобат—маълум казият ҳукмининг тўғрилиги, бехатолигидир. Истиқомат маълум воқеа тартиб ҳодисалар ҳукмининг барқарорлигига, суръат тўхтовсиз, тезлик билан тартиб берилишига айтилади»1.
Шундай қилиб, Фитратнинг фикр ривожи ҳақидаги мулоҳазалари мантиқ фанидаги ҳукмлардан хулоса чиқаришга ўхшаб кетиши билан тавсифланади.
Барча нарсаларни тафаккур ёрдамида билиш, англаш ўз навбатида инсондан мустақил фикр юрита олиш ва ижодий изланишни талаб қилади.
Болаларни ўспиринликка ўтиш даври тарбияни ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бу даврда уларда хулқ-атвор шаклланади. Бола хулқ-атворининг бир хил мувозанатда бўлиши учун уни кескин ғазабланишдан, қаттиқ қўрқувдан ва уйқусизликдан сақлаш зарур. Бу тадбир уни ёқимли хулқ-атворли қилиб тарбиялаш имконини беради.
Юсуф Хос Ҳожибнинг фикрича, инсоннинг улуғлиги, ақл-идроки, сўзлаш қобилияти билими, ўқуви хунарга эгалигидир. Ўқув туғма равишда инсон руҳиятида мавжуддир, билим эса, ўқиб-ўрганиш ва меҳнат туфайли эгалланади1.
Ўзбек адибларидан бири Садриддин Айний: «Ижодий меҳнат осон иш эмас. Шунинг учун жуда эҳтиёткорлик билан иш тутиш, объектив мулоҳаза юритиш керак»—деган эди.
Билимларни ўзгаларга етказиб беришда нутқ муҳим аҳамиятга эга. Инсонларда фақат сўз – нутқ ёрдами билан нарса ва ҳодисалардан, объектлардан муҳим хусусиятларни ажратиш, тасаввур қилиш, тушунчаларда ифодалаш, мунозара ва мулоҳазаларни мустаҳкамлашлаш, қайд қилиш имконияти каби шарт-шароитлар вужудга келади. Инсон тафаккурини тилсиз амалга ошириб бўлмайди, чунки ҳар қандай фикр нутқда ўз ифодасини топади, нутқ эса сўз орқали мужассамлашади. Фикр қанчалик чуқур ва пухта билдирилса, шунчалик равон, мантиқан узвий боғланган сўз, иборалар ҳамда нутқда намоён бўлади ва аксинча, сўз, нутқ қанчалик аниқ, яққол ифодаланса фикр шунчалик тушунарли акс эттирилади.
Амир Темур (1336-1405) Туркистон заминини ҳунармандчилик, илм-фан ва маданияти ривожланган мамлакатга айлантиришда улкан ҳисса қўшган буюк давлат арбобидир. Амир Темур одоб-ахлоқ, иймон-эътиқод ва ақл-заковатда ўзи ҳам юксакликка, мукаммалликка эришган комил сиймолардан биридир. У: «Ҳар кимдан кенгаш олдим. Ҳар кимдан фикр ўргандим, қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгул хазинасида сақлаб, ишлата билдим»,—деб ёзади2. Бу билан Соҳибқирон барча жамият аъзолари шахслараро мулоқотни амалга оширишни мазкур жараёнда эса улар бир-бири билан ўзаро фикр алмашинувини, қимматли фикрни зарурат туғилганда мақсадга мувофиқ татбиқ этишни таъкидлайди. Буюк саркарданинг ўгит сифатида бизга қолдирган меъроси—кенгашиш, музокара қилиш, мулоҳаза юритиш, фикр алмашиниш машқлари фикрлашни такомиллаштиришнинг асоси бўлиб ҳисобланиб, бизнингча, мустақил фикрлаш ва мантиқан оқилона, одилона, омилкорлик билан қарорлар чиқаришнинг механизмидир.
Инсон тафаккури ривожланиб борган сари унда одоб-аҳлоқ, гўзал хулқ ҳам ривожланиб боради. Тафаккурнинг кенгайиб бориши ҳар қандай масалаларга ўз фикри билан ёндашишни, шу билан бирга яхши ва ёмон томонларни ажратишга ўргатади.
Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов айтганларидек: «Агар биз бугунги ҳаётимизга, бунёдкорлик ишларимизга, эришилаётган ютуқларимизга тўғри баҳо бермасак, уларнинг қадрига етмасак, ўз ҳушёрлигимизни йўқотиб, бизни ҳар қадамда кутаётган тахдидларни, тинч турмушимизга, хавфсизлигимизга рахна солаётган, оёқ остидан чиқаётган ҳар хил бало-қазоларни ҳам пайқамай-сезмай қолишимиз мумкин»1.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ақлий тараққиёт масаласи мамлакатимиз психолог олимларини ҳам қизиқтириб келган. Э.ғ.ғозиев, В.М.Каримова, М.Г.Давлетшин, ғ.Б.Шоумаров, Б.Р.қодиров, Р.Тошимов, М.М.Маматов, Э.З.Усмонова, З.Э.Нишонова, М.Воҳидовларнинг бу борадаги фикрларини ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Э.ғ.ғозиев Ўзбекистонда тафаккур психологиясини кенг ёритган олимлардан биридир. Муаллифнинг фикрига кўра, инсон тафаккури ўзининг мустақиллиги жиҳатидан мустақил ва номустақил тафаккурга ажратилади. «Тафаккурнинг мустақиллиги деганда, кишининг шахсий ташаббуси билан ўз олдига конкрет мақсад, янги вазифалар қўя билиши, улар юзасидан амалий ва илмий характердаги фараз қилиши, натижани кўз олдига келтира олиши, қўйилган вазифани ҳеч кимнинг кўмагисиз, кўрсатмасисиз ўзининг ақлий изланиши туфайли, турли йўл, усул ва воситалар топиб, мустақил равишда ҳал қилишдан иборат ақлий қобилиятни тушуниш керак»2.
Тафаккурнинг мустақиллиги ақлнинг серташаббуслиги, пишиқлиги ва танқидийлигида намоён бўлади. Ақлнинг серташаббуслиги деганда инсоннинг ўз олдига янги муаммо, аниқ мақсад ва конкрет вазифалар қўйишини, ана шуларнинг барчасини амалга ошириш, ниҳоясига етказишда, ечимини қидиришда усул ва воситаларнинг шахсан ўзи излаши, ақлий зўр бериб интилиши, уларга тааллуқли қўшимча белги ва аломатларнинг келтирилишидан иборат босқичларнинг бўлишини назарда тутамиз. Ақлнинг пишиқлиги вазифаларни тез ечишда, ечиш пайтида янги усул ва воситаларни тез излаб топишда, уларни саралашда, ана шу усуллар ва воситаларни ўз ўрнида аниқ қўллашда трафаретга айланган усул, эски йўл ва усуллардан фориғ бўлишда ва бошқа жараёнларда ифодаланади.
Э.ғозиев ақлий тараққиётнинг ўсишини мактабда олинадиган билимлар таъминлайди, деб ҳисоблайди. Ўқувчиларни ақлий жиҳатдан ўстириш учун уларни фақат билимлар тизими билангина эмас, балки муайян ақлий фаолият усуллари (таҳлил, синтез, таққослаш, туркумлаш, мавҳумлаштириш, умумлаштириш, эсда олиб қолиш ва бошқалар) ўқув, кўникма ва малакаларни кўзда тутиш кераклигини таъкидлайди1. Ўқувчилар ақл—заковатини камол топтиришда мантиқий тафаккурнинг аҳамияти катта, чунки тафаккурнинг ривожланиши ақлни қўшимча маълумотлар билан бойитади2.
Ақлий фаолият инсоннинг муайян билимларни ўзлаштириш ёки янгиликларни очиш билан боғлиқ психик фаолиятдир. Тафаккур атроф-муҳитдаги воқеликни нутқ ёрдами билан бевосита, умумлаштирган ҳолда акс эттирувчи психик жараён, социал-сабабий боғланишларни англашга, янгилик очишга ва прогноз қилишга йўналтирилган ақлий фаолиятдир.
Мазкур муаммони В.М.Каримова қўйидагича талқин этади. қобилиятлар масаласи энг аввало инсон ақл-заковатининг сифати, ундаги малака, кўникма ва билимларнинг бирлиги масаласи билан боғлиқ. Айниқса, бирор касбнинг эгаси бўлиш истагидаги ҳар бир ёшнинг ақли ва интеллектуал салоҳияти унинг малакали мутахассис бўлиб етишишини кафолатлагани учун ҳам психологияда кўпроқ қобилият тушунчаси билан боғлаб ўрганилади.
Илм фандаги анъаналар шундайки, ақл ва идрок масаласи, одамнинг интеллектига боғлиқ сифатлар жуда кўплаб тадқиқотлар объекти бўлган. Олимлар қобилиятларнинг ривожланиш механизмлари, уларнинг психолгик таркиби ва тизимини аниқлашга, ишончли методикалар яратиб, ҳар бир кишининг ақл сифатига алоқадор бўлган кўрсаткични ўлчашга уринганлар. Кўпчилик олимлар одам интеллектида унинг вербал, миқдорий, фазовий кўрсаткичларини аниқлаб, уларга яна мантиқ, хотира ва хаёл жараёнлари билан боғлайдилар. қобилиятлар ижтимоий характерга эга бўлиб, унга ва интеллектга бевосита ташқи муҳит, ундаги инсоний муносабатлар, яшаш даври таъсир кўрсатади.
Оила муҳитининг ақл ўсишига таъсирини ҳеч ким инкор этмайди1.
М.Г.Давлетшин ақлий тушунчаларни қобилият тушунчаси билан боғлаб ўрганган. қобилият шаклланиши ва ривожланиши, биринчидан, маълум бир фаолиятга мойиллик ёки интилиш борлигига ва фаолият натижаларининг сифатига қараб, тегишли табиий зеҳн нишоналарини аниқлаш йўли билан, иккинчидан, мутахассис раҳбарлигида системали фаолиятга жалб этиш орқали шахснинг табиий хусусиятларини чиниқтириш ва ривожлантириш йўли билан, учинчидан, умумлашган ақлий операцияларни шакллантириш йўли билан бориши керакки, бу операциялар умумий ва махсус ахборотни енгил ва самарали ўзлаштиришни режалаштирган фаолият бўйича малака ва кўникмалар ҳосил қилишни таъминласин. Болаларда қобилиятларни ўсиши таълим-тарбия жараёнида юзага келади2.
Ўсиб келаётган ёш авлодда ижодий фаолликни ва унинг негизида ётувчи ижодий қобилиятни шакллантириш республика мактаблари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Чунки «ҳозирги мактабнинг асосий вазифаси таълим методларини, ўқувчиларнинг фикрлашларини тараққий эттириш методларини такомиллаштиришдир»1.
ғ.Б.Шоумаров мамлакат фуқароларининг ақлий савиясига алоҳида урғу бериб, ҳар бир давлат, жамият тараққиёти, унинг истиқболи ўз фуқароларининг савияси билан белгиланишини эътироф этади. Жамият ва фан-техниканинг ривожланишида ақл муҳим омил ва мезонлардан биридир. Шунингдек, Шоумаров ҳар қандай инсонпарварлик жамиятида ақли заифларга эътибор муҳимлигини уқтириб, ақли заифлик омилларини марказий асаб тизимининг органик бузилиши, шунинг оқибатида бола билиш фаолиятининг турғун пасайишидир дейди2.
Б.Р.қодиров ўз ишларида зеҳн, истеъдод ақлий тараққиёт юзасидан тадқиқот ишлари олиб борган. Ҳатто бу борада банк тузишга ҳам муваффақ бўлган. «Интеллектуал потенциални бойитиш ақлий заковатни шакллантиришнинг оммавий ва шу билан бирга анъанавий, ҳеч кимнинг эътирозига сабаб бўлмайдиган турларига диққатни кўпроқ қаратиш, имкон даражада улар моддий-молиявий томонларини кучайтириш, маълум ютуққа эришаётган ёшларни кенгроқ рағбатлантириш, уларга тегишли молиявий ва маданий муҳит яратиш жуда катта аҳамиятга эга. Ақлий фаолиятни тарбиялайдиган, унинг маҳсулдорлигини оширадиган, ижодий хислатларни ривожлантирадиган анъанавий методлар доирасига қуйидагиларни киритиш мукин:

  1. Мактабларда фанлардан илмий тўгараклар.

  2. Ўрта махсус ва олий ўқув юртларида талабаларнинг илмий жамиятлари.

  3. Ўқувчилар ва талабаларнинг ҳар хил доирада ўтадиган олимпиадалари.

  4. Талабалар илмий—тадқиқот ишлари.

  5. Ижодий ишлар, кўриклар, конкурслар, мусобақалар ва ҳоказо»3.

Р.Тошимов ва М.Маматовлар ақл-идрок (интеллект)ни тадқиқ қилишнинг назарий асосларини яратиш лозимлигини уқтиришади. Ақлий ривожланишни текшириш, ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш диагностик методларсиз амалга ошмайди. Ақлий имкониятларнинг диагностикаси жараёнидаги инсон қобилиятларига амалий ёндашув шахснинг бир ақлий тараққиёти босқичидан бошқасига ўтишига ёрдам берувчи муайян кўламдаги билимлар бўлишини тақозо қилади.
Э.З.Усмонова инсон билими қанчалик кенг ва чуқур бўлса, унинг ақлий фаолиятининг тажрибаси шунчалик мукаммалликка эга. У шунчалик кўп ҳал этилмаган муаммоларни кўра олади, онгидан шунчалик тез ечимни талаб этувчи фикрий вазифалар юзага келади, деб ақлий ривожланишни билимларни чуқурлаштиришга боғлайди. Ақлнинг муҳим сифатларидан бўлган тафаккурга алоҳида урғу бериб, унинг ёрдамида сезги, идрокка берилмаган ва умуман кузатиш имконияти бўлмаган ҳодисаларни ақлан ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлайди1.
Ақлий фаолият усуллари ва йўлларини эгаллаш муаммоси илм ва техникага янгича замонавий талабларнинг ортиши, таълим методларининг такомиллашиши, ўқув дастурлари назарий даражасининг кучайиши ва таълимнинг жадаллашуви муносабати билан муҳимдир, дейди З.Нишонова ўз илмий изланишларида. Шунингдек, у ўқувчиларда ақлий фаолият усуллари ва йўлларини гуруҳий тренинг методи ёрдамида ривожлантириш стратегиясини ўзбек мактаблари амалиётида қўллашни тавсия этади2.
М.Воҳидов қобилият одамнинг маълум бир иш ёки ҳаракатларни бошқа одамларга нисбатан осонлик ва чаққонлик билан бажара олиш лаёқатидир. Одамнинг қобилияти, унинг турли фаолиятида намоён бўлади. Ҳар қандай нормал тараққий этган одам маълум бир соҳага нисбатан қобилиятли бўлади.
Ташқи муҳитдаги нарса ва ҳодисалар ўртасида кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиб бўлмайдиган ички муносабатлар ҳамда қонуниятлар бор. Ана шу ички боғланиш ҳамда қонуниятларни биз тафаккур орқали билиб оламиз3.

Download 467.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling