мавзу: Тамом бўлмаган жиноятлар. Жиноятда иштирокчилик. Маъруза: Маъруза соат Амалий: Амалий соат
Download 161.5 Kb.
|
5 мавзу Тамом бўлмаган жиноятлар Жиноятда иштирокчилик
- Bu sahifa navigatsiya:
- Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида
7. Иштирокчиликнинг шакллари
Жиноят кодексининг 29-моддасида иштирокчиликнинг қуйидаги шакллари келтирилган. Оддий иштирокчилик, мураккаб иштирокчилик, уюшган гуруҳ, жиноий уюшма. Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай жиноят содир этишда қатнашиши оддий иштирокчилик деб топилади. Оддий иштирокчиликда икки ёки ундан ортиқ шахс олдиндан тил бириктирмасдан жиноятни обектив томонини содир этишда биргаликда иштирок этади. Яъни жиноят бажарувчилари камида иккита шахс бўлиши ҳамда олдиндан тил бириктирилмаганлиги талаб этилади. Масалан, А. томонидан Б. ҳақорат қилинади. Ушбу ҳолатни С. кўриб қолади. Б. ҳақорат қилган А.ни ураётганда С. ҳам Б.га ёрдам бериб А.ни ура бошлайди. Оддий иштирокчиликда жиноят содир этилиши жараёнида бошқа шахс билан келишувга эришиши ҳам мумкин. Масалан, А. Б.нинг хонадонига ўғриликка киради. Барча мулкларни олиб кетишга ўз кучи етмаслигини англаб ёрдамга С.ни чақиради. С. ёрдамга келиб мулкларни олиб чиқишга ёрдам беради. Мазкур ҳолат ҳам оддий иштирокчилик сифатида баҳоланади. Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилишида иштирок қилиши мураккаб иштирокчилик деб топилади. Мураккаб иштирокчиликда жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноятнинг обектив томонини содир этилишидан олдин тил бириктирилади. Мураккаб иштирокчиликда иштирокчилар ўртасида вазифалар олдиндан тақсимланиши, ҳар бир иштирокчининг айнан қандай ҳаракатларни содир этиши олдиндан келишилади. Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади. Уюшган гуруҳнинг ижтимоий хавфлилиги бунда икки ёки ундан ортиқ шахс жиноят фаолият олиб бориш учун бир гуруҳга бирлашади. Уюшган гуруҳ ўз жиноий фаолиятини доимий ташкил этишга йўналтирганлиги билан ҳам иштирокчиликнинг бошқа шаклларидан ажралиб туради. Оддий ва мураккаб иштирокчиликда маълум бир жиноятни содир этиш учун икки ёки ундан ортиқ шахс биргаликда ҳаракат қилса, уюшган гуруҳ эса бир жиноят учун эмас, балки жиноий фаолият олиб бориш учун бирлашади. “Транспорт воситаларини олиб қочиш ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Олий суд Пленумининг 1996-йил 20-декабрдаги 37-сонли қарорида “жиноий фаолиятнинг олдиндан режалаштирилганлиги, жиноий қасдни амалга ошириш учун зарур бўлган воситаларнинг тайёрланиши, иштирокчиларни танлаш, ёллаш ва улар ўртасидаги вазифаларнинг тақсимланиши, жиноятни яшириш чораларини таъминлаш, гуруҳда ўрнатилган интизомга ва ташкилотчининг кўрсатмаларига бўйсунишлик жиноий гуруҳнинг уюшганлигидан далолат беради” деб мустаҳкамланган. Уюшган гуруҳнинг яна бир ўзига хос хусусияти ушбу гуруҳда, албатта, ташкилотчи бўлади. Яъни гуруҳ фаолиятини тартибга солиб, вазифаларни белгилаб, жиноий фаолиятни амалга оширишни бошқариб туради. Икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади. Жиноий уюшма иштирокчилик шакллари орасида энг хавфлилиги билан ажралиб туради. Бунда икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳ жиноий фаолият олиб бориш учун бирлашади. Жиноий уюшмада уюшган гуруҳнинг барча аломатлари мавжуд бўлади. Бундан ташқари, жиноий уюшманинг раҳбари уюшган гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бундан ташқари жиноий уюшма ташкил этишнинг ўзи Жиноят кодекси махсус қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради. Яъни жиноий уюшма ташкил этилган вақтдан бошлаб жиноят тамом бўлган ҳисобланади. жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият Жиноят кодексининг 242-моддасининг 1-қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради. Жиноий уюшманинг ижтимоий хавфлиги юқорилигидан келиб чиқиб, қонунчиликда жиноий уюшма ташкил этилган вақтдан бошлаб жиноят сифатида баҳоланган ҳамда жиноий уюшманинг жиноят содир этган ёки этмаганлигидан қатъий назар жиноий жавобгарлик белгиланган. Таъкидлаш лозимки, Жиноят кодекси Умумий қисмида белгиланган иштирокчилар турлари ва шакллари билан бир қаторда Жиноят кодексининг Махсус қисми моддаларида “бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса”, “бир гуруҳ шахслар томонидан”, шунингдек “олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан” каби оғирлаштирувчи белгилар мавжуд. Агар Жиноят кодексининг Махсус қисмида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида “бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса” деб номланувчи оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд бўлса, аммо жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирмай содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг махсус қисмидаги оғирлаштирувчи белги билан квалификация қилиб бўлмайди. Жиноят кодексининг Махсус қисми моддаларидаги “бир гуруҳ шахслар томонидан” оғирлаштирувчи белгиси олдиндан тил бириктиришни ҳам олдиндан тил бириктирмасликни ҳам қамраб олади. Масалан, Олий суд Пленумининг “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида “Баданга қасддан оғир, ўртача оғир шикаст етказган бир гуруҳ шахсларнинг ҳаракатлари, олдиндан тил бириктирилган ёки бириктирилмаганлигидан қатъий назар, тегишлича, ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг “к” банди, 105-моддаси иккинчи қисмининг “и” банди билан квалификатсия қилиниши лозим. Бунда баданга қасддан оғир, ўртача оғир шикаст бир гуруҳ шахслар томонидан етказилган деб топиш учун икки ва ундан ортиқ шахс бундай шикаст етказиш мақсадида биргаликда ҳаракат қилиб, уни содир этишда ҳам ижрочи сифатида қатнашган бўлиши керак. Бироқ баданга шикаст улардан ҳар бири томонидан етказилган бўлиши шарт эмас (масалан, гуруҳ иштирокчиларидан бири жабрланувчининг қаршилигини бостирса, айни пайтда бошқаси унга жароҳат етказади). Баданга оғир, ўртача оғир шикаст етказишга қаратилган ҳаракатлар бир шахс томонидан содир этилиш жараёнида унга бошқа шахслар шу мақсадда келиб қўшилганда ҳам бундай жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган деб топилиши керак”лиги қайд этилган. Яъни жиноятни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган деб топиш учун жиноятнинг обектив томонини бажарувчилари икки ёки ундан ортиқ шахс бўлиши керак. Download 161.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling