К А Л (Ф А В У С)
Кал ёки фавус касаллигини пайдо қилувчи Шейнлейн ахорион замбуруғи фақат одам паразитидир. Ахорионнинг баъзи бир турлари ҳайвон ва қуш паразитлари ҳисобланиб, улар одамларга кам юқадилар ва аҳён-аҳёнда учрайдилар. Кал касаллиги микроспория ва трихофитияга қараганда бир неча марта кам юқумлидир. Кал касаллиги турмушда гигиеник қоидаларга риоя қилмаслик ва бемор билан яқин контактда бўлиш натижасида юқади. Кал пайдо қилувчи замбуруғ бош терисини, силлиқ терини ва тирноқларни касаллантиради. Бош териси сочли қисмини кал билан касалланиши кўп учрайди.
Бош териси сочли қисмининг кали.
Бошнинг сочли қисмида қизғиш рангли доғ пайдо бўлиб, у аста-секин ўсиб скутулага айланади. Скутула ўз характерига кўра калокни эслатади. У тўғри думалоқ шаклга эга, марказий қисми тарелкасимон ботқ бўлиб, ундан соч чиқиб туради. Скутула ахорион замбуруғнинг иплари ва спораларидан, лейкоцит ва мугуз қават хужайраларининг аралашмаларидан ташкил топган.
Скутулалар сариқ рангли – охра ёки олтингугурт рангига эгадирлар. Ахорион замбуруғи эпидермиснинг қаватида ўсиб тараққий қилади. Скутула даставвал тўғноғич боши катталигидек бўлиб, аста-секин ўса бориб, кўндалангига бир неча ммга етади. Баъзан бундан ҳам йирик, диаметри 1,5 см гача бўлган скутулаларни учратиш мумкин. Скутула терига зич ёпишганлиги учун уни олиб ташлаш анча қийин. Уни олиб ташлагач, ўрнида бироз ботиқ ялтироқ тери кўринади. Скутулалар бир-бирлари билан қўшилиб сариқ рангли калок ҳосил қилишлари мумкин.
Скутулалар кўчиб тушгач ўринларида чандиқ атрофиялар қолади. Касалланган соҳаларда сочлар ўзгариб, хиралашади. Кулранг тусга киради. Соч пиёзчасининг нобуд бўлиши натижасида скутула ўрнидаги соч тўкилиб, сўнгра янгидан соч чиқмайди.
Кал кўпинча 5-14 ёшгача бўлган болаларда учрайди, бироқ ясли ёшидаги болаларнинг ҳам касалланиб қолиши кўп кузатилади. Кал касаллиги жуда узоқ вақт хроник кечади. Бемор даволанмаса касаллик унинг қариб жуда ҳам кексайгунига қадар давом этиши мумкин. Процесс бош терисининг бир қисмида соч тўкилиши ва чандиқ атрофияси билан тамом бўлиб лекин бошқа янги қисмларга кўчиб ўтади. Шундай қилиб кал бош гардишининг соч чиқадиган энгсиз чегарасидан ташқари ҳамма жойини эгаллаши мумкин. Бош кал ва унда скутулалар бўлган бемор бошидан ўзига хос сичқон ҳиди келади. Бош терисида кал касаллиги асосий скутуляр формасидан фарқ қилувчи бошқа хиллари анча кўп учрайди. Калнинг инпетиголий бош скутулалар ўрнида импетигог ўхшаган калоклар билан қопланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |