www.ziyouz.com кутубхонаси
14
этмади. Оловранг булутларга кўз қадаганича тошдек қотиб тураверди.
Улар гадойнинг гапидан ҳайрон лаб тишлаб, уловларининг тизгинидан ушлаб, ялангликни
пиёда кесиб ўтишди, тўғридаги торкўчанинг бошига етишди. Ошиқбола узангига энди оёқ
қўймоқчи бўлганида, Мешполвон унга бурун тешигини дўлайиб кариллади:
– Менга қарагин, ошна. Тўғрисини айтганда, ҳаддингдан ошяпсан. Кимсан – даҳшатли
Мешполвон бўлсам, номимга яраша обрўйим бор. Индамасам, шаҳарда олдимга тушиб юрдинг.
Боя гадойгаям мен турганда аввал сен салом бердинг. Шуям ишми?
Шу куйи, Мешполвоннинг оғзидан боди кириб, шоди чиқаверди:
Юрма менга эгов бўлиб,
Олифта-ю лалов бўлиб,
Ёз пайтиям тумов бўлиб,
Бурнинг қилиб парақ-пуруқ.
Босиб киборлигинг юки,
Йўл бошлама лўкки-лўкки,
Асли мендан фарқинг шуки,
Тасманг фақат ярақ-юруқ.
Бўлмаса нон, толқонларинг,
Тингламасдим ёлғонларинг,
Қилич, совут, қалқонларинг
Жонга тегди – шарақ-шуруқ.
Қўймай туриб ҳали соқол,
Пандлар айтиб, тўқиб мақол,
Ўчоқдаги чойдиш мисол
Қилаверма варақ-вуруқ.
Ғиротдан ғоз боқинасан,
Яёв юрсанг, қоқинасан,
Гўдаксан-у, соғинасан –
Кўз сузса қиз чарақ-чуруқ.
Қон бўлдим сен эгов билан,
Олифта-ю лалов билан,
Сопқолмайин ўқлов билан
Бошгинангга тарақ-туруқ.
Ошиқболанинг бу гапдан ғаши келган бўлсаям, ўзини босди, ўртоғининг соддадиллигига
кулиб қўяқолди.
Бир маҳал торкўчада жувонлари илжайган, эркаклари сўлжайган мазанглар пайдо бўлди.
Улар чирмандани бата-банг уриб, ўйинчи кампирни олдинга суриб, шўх-шўх қўшиқ куйлаб,
биронта лақмани аврашни ўйлаб келишарди.
Ўйинчи кампирнинг қўшиғи мана бундай эди:
Қайнаналар, келинглар,
Кумуш танга беринглар.
Анвар Обиджон. Мешполвоннинг жанглари (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |