Microsoft Word chingiz aytmatov somon yoli ziyouz com doc
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
dokumen.tips chingiz-aytmatov-somon-yoli-ziyouz-comn-aytmatov-somon-yo-2013-11-23
www.ziyouz.com кутубхонаси
24 ўлдиришга сафарбар бўлишар экан. Мен бунга кўникмайман ва умрбод кўниколмайман. Табиат қўйнидаги энг олий мавжудотларнинг энг буюги – одамзод, дунёни ўзига бўйсундирган ким, одамзодми, шундай экан, бир-бирига бунчалик зиён келтирмай, тинч-тотув яшолмайдими? Сирдош далам, жавоб бер, айт жавобингни... – Қийин савол бердинг-ку, Тўлғаной. Мен билганимдан буён, одам одам бўлиб яратилгандан буён урушгани урушган. Баъзан урушда мутлақо қирилиб ном-нишонсиз кетган эллар ҳам бўлган, кули кўкка совурилиб, тирик жон қолмай хонавайрон бўлган шаҳарлар ҳам бўлган. Неча асрлар одамзод изига зор бўлиб, бўм-бўш ётган вақтларим ҳам бўлган. Ҳар гал уруш чиққанда, гап уққанларга, урушманглар, қон тўккунча ақл ишлатинглар, деб айтаман. Ҳозир ҳам айтадиган сўзим шу: «Эй, одамлар, дунёнинг тўрт бурчида яшаётган одамлар, сизга нима керак – Ерми? Мана мен – Ерман, мен барча одам боласига етарлиман, менга талашишларингнинг кераги йўқ, менга иноқлик керак! Меҳнат керак! Шудгорга битта дон ташласаларинг, юз дона қилиб бераман, хипчин санчсаларинг, чинор қилиб бераман, боғ қилсаларинг, мева тугиб бераман, мол ёйсаларинг пичан бўлиб бераман, уй қурсаларинг, девор бўлиб бераман, уруғ-аймоқларинг кўпайса, ҳаммаларингга жой бўлиб бераман! Мен тугамайман, мен хасис эмасман, мен конман, мен ҳаммаларингизга баравар етаман!» – дейман. Сен энди, Тўлғаной, одам боласи тинч яшай оладими, йўқми, дейсан. Ўзинг ўйлаб кўрчи, у мендан эмас, сизлардан, одам боласининг ўзидан, сизларнинг иноқликларингиздан, хоҳишларингиздан, ақли идрокларингиздан... Мени урушнинг заҳматини тортмайди дейсанми, Майдонда қурбон бўлган меҳнаткашларимнинг: сенинг Сувонқулингга, Қосимингга, Жайноғингга ўхшаган деҳқонларимнинг меҳнатини соғинаман, уларни йўқлайман. Ер вақтида ҳайдалмай, экин вақтида суғорилмай, хирмон вақтида кўтарилмай турганда, мен уларни: «Келинглар, полвонбилак деҳқонларим, келинглар, болаларим, тезроқ туриб келинглар, қувраб кетяпман!»–деб чақираман. Афсуски, кетмонини кўтариб, Сувонқул келса қани, афсуски, комбайнни ҳайдаб, Қосим буғдой ўримига кирса қани, афсуски, хирмонга қизил алвон тортиб, Жайноқ аравасини қувиб келса қани!.. – Сен ҳам мендек бағри қон экансан, ғамхўр далам, сен ҳам мендек соғинар экансан, сен ҳам мендек йўқлар экансан. Раҳмат сенга, жигарбандим Ер! Биласан-ку, яхши-ёмон кунда бирга бўлдик. Сувонқул билан Қосимнинг азасини тутиб, Алиман иккаламиз қора кийиниб, аза очиб, йиғимизни ҳам тугата олмадик. Эшитанимиздан сўнг етти кун ўтиб, еттисини ўтказганимиздан кейин, эл рухсат берди: бир йилгача аза тутсанг ҳам озлик қилади, илож қанча; охири бахайр бўлсин, Майсалбегинг билан Жайноғинг (унда Жайноқ тирик, хат узилмай, келиб турган пайти эди) омон-эсон қайтиб келишсин, ёз ёришли деганларидек, тирикчилик қилинглар, қўш ҳайдаш вақтида бирдек ишга киришинглар, ўлганлар учун душмандан ўч олганимиз шу бўлсин, дейишди. Келиним иккаламиз уйда ўтирганимиз билан нима ҳам қила олардик. Ўлганларнинг кетидан ўлиб кетмас экансан, кўпчиликнинг гапига кўндик, ишга чиқдик. Ишга чиқиш куни эрталаб раисимиз Усенбой аллақандай иккита қоғоз олиб келди, қора қоғозлар экан, сақлаб қўйинглар, деди. Билсак, Қосимнинг қора қоғози ярим ой бурун идорага келган экан, Москва остонасидаги ҳужумда, Ореховка деган қишлоқда қазо қилибди. Уни билдирамиз деб турганларида, Сувонқулдан ҳам қора хат келиб қолибди. У эса Елец шаҳрида катта ҳужумда қурбон бўлибди. Овулдошларимиз икки одамимизни бир вақтда билдирганларининг ҳам боиси шунда. Ундан кейингисининг нимасини айтай. Бригадир эканман, белимни маҳкам боғлаб, яна отланиб чиқдим. – Тўлғаной, сен келганда иккаламиз кўпни кўрган оналар каби ўтдек тутақиб, жимгина кўришдик, а? – Ҳа, шундай қилмасак бўлармиди. Мен йиғи-сиғи қилаверсам, келиним ундан баттар ҳаётдан безиб кетмасмиди? Билиб турдинг-ку, куёвига шунчалик куйган жувонни умримда кўрган эмасман. Мен – ҳам эримдан, ҳам ўғлимдан жудо бўлиб, ундан оз куймаган эдим. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling