Microsoft Word kr falak ziyouz com doc
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
Tohir Malik. Falak (qissa)
ТОШТОБУТ
Катта хонанинг икки қават шаффоф пластмасса ойнак билан ўралган ерига тобутларни қўйишди. Жаҳонгир уч қулоч катталикдаги бошқарув столига яқинлашди-да, ўнг томондаги ранг-баранг мурватларнинг бирини буради. Шаффоф ойнак туташган хона деворининг бир томони йиғилиб, тобут турган ерга хунук махлуқни эслатувчи манипулятор-робот кириб келди. Манипуляторнинг қовурғага ўхшаш бошқарув ускуналари жойлашган узун тўртбурчак «гавда»сига тўртта темир оёғу иккита «қўл» уланганди. Унинг оёғи сакрашга чоғланиб турган чигирткани эслатар, иккита «қўл»и эса, қисқичбақа панжасига ўхшарди. Қўллар орасига ўрнатилган чироқ кези келса лазер тўппончаси бўлиб хизмат қилиши мумкин эди. Биринчи манипуляторнинг орқасидан яна учтаси киргач, девор беркилди. Дам ўтмай хонанинг бу қисмидан ҳаво бутунлай сўриб олиниб, ҳарорат пасайтирилди. Манипуляторларнинг ҳаракатини Жаҳонгирнинг ўзи бошқарди. Аввал унинг қўлларидаги нурли «пичоқ» билан тобутнинг чокини «сўкдилар». Тоштобут бир-бирига жуда мустаҳкам, ҳаво кирмайдиган қилиб ёпиштирилган бўлса-да, «пичоқ» уни сариёғ кесгандек тилиб ўтди. Кейин манипуляторлар иккита-иккита бўлиб, тобутнинг қопқоғини кўтаришди. Фалак (қисса). Тоҳир Малик www.ziyouz.com кутубхонаси 4 Хонадагилар шаффоф ойнак олдида тўпланиб, бир зум ҳайратда қолдилар. Тобутларнинг бирида шоҳона либос кийган йигит ётарди. Иккинчисида ётган гўзал аёл ҳам шоҳона кийимда эди. Улар бир неча юз йил олдин дунёдан кўз юмган одамга эмас, ҳозиргина уйқуга кетган келин-куёвга ўхшашарди. Мурдаларнинг боши сал кўтарилган эди. — Бошларидаги ёстиқми? — деди Султон Жаҳонгирга қараб. Жаҳонгир «ҳозир кўрамиз», деб бошқарув столига қайтди. Мурватни буради. Манипуляторлар мурдаларнинг бошини эҳтиётлик билан кўтариб, қаватлаб тахланган матоларни олиб ёйишди. Тўпланганларнинг ҳайрати яна ошди. Ёстиқ ўрнига қўйилган кўм-кўк матода тилла рангидаги ажойиб тасвирлар бор эди. Матоларнинг иккови ҳам бир хилда бўлиб, ўртасида кунгабоқарни эслатувчи катта доира, қолган ерларида юлдузга ўхшовчи белгилар бор эди. — Келинларнинг палагими? — деди хонадагиларнинг бири. Султон елка қисди. Жаҳонгир матоларга тикилиб қолди. Кейин: — Ҳа, бу фалакнусха палак, — деди. — Осмоннинг кўриниши. Ўртадаги доира — қуёш, доирага ёпишган ҳалқачалар — унинг нури, доира атрофига тикилган кўпқирра — юлдузнинг тасвири. Қуёш мажмуасига кирувчи сайёралар бўлса керак. Қолган тасвирлар бошқа юлдузларни акс эттирган бўлса эҳтимол. — Ажаб! У ҳолда бу тасвирга туширилган гелеотсентрик назария бўлиб чиқади-ку! — деди Султон. — Назаримда бунинг ажабланарли ери йўқ. Улуғбек ўз рисоласида аниқ бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда шу назарияга шама қилиб ўтган. — Гап Улуғбекнинг фикри тўғрисида эмас, фалак ҳақида кетяпти. Фалакни Улуғбек тикмагандир, ахир? — Қизишма, дўстим, қизишма. Ҳозир баҳснинг ўрни эмас. Тажрибани бошласак, яқин кунлар ичида ҳаммаси маълум бўлади. — Жаҳонгир Султонни билагидан ушлаб, эшик томон бошлади. Кейин тўхтаб, ассистентига юзланди: — Ҳароратни яна пасайтиринг. Лекин музлатиб қўйманг. Ҳамма нарса тажрибани бошлашга тахт турсин. — Қачон бошлаймиз? — Балки эртага, балки бир ойдан кейин. Бу аниқ эмас. Улар узун даҳлиз бўйлаб бориб Жаҳонгирнинг чоғроқ хонасига кирдилар. — Бирор нарса ичгинг борми? — деди Жаҳонгир. — Йўқ, овора бўлма, — Султон шундай деб креслога ўтирди-да, ўнг томондаги радионинг мурватини буради. — Ишламайди, — деди Жаҳонгир унга қараб, — тажрибахона радиотўлқиндан муҳофаза қилинган. — Тажриба бошлаш муддатини нега ноаниқ деб айтдинг? — Бир қарорга келолмаяпман. Элаллома тарихга қайтган сари ишга яроқсиз бўлиб боряпти. Фикримча, бу мурдаларнинг чириб қолганидан бўлса керак. Агар янглишмасам, бу сафар тўла маълумот олишим мумкин. Жасад яхши сақланибди. — Бўлмаса бошлайвер. — Йўқ, бу сафар шошилмайман. Мен тажрибани янги усулда бошлаш ниятидаман. Шунда асбобларнинг ишлаши ҳам, мурдаларнинг руҳий дунёси ҳам тўла ўрганилади. Мен элалломалар қаторига ўзимни ҳам қўйсаммикин, деб турибман. — Ўзимни дейсанми? Тушунмадим? — Бу кўп мушкул иш эмас. Кичик оператсия ва мияга икки жуфт жажжи электрод ўрнатиш кифоя. Электроднинг бири тикловчи элалломадан маълумотларни қабул этса, иккинчиси мени фақат тажриба пайтида ортиқча хаёллардан халос қилади. — Кейин-чи? — Кейин... Мурдаларнинг кўрган-кечирганларини қайта тиклайман. — Элаллома бунга қодир эмасми? |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling