Microsoft Word kr oxirzamon ziyouz com doc
Download 1.32 Mb. Pdf ko'rish
|
chingiz aytmatov. oxirzamon nishonala
www.ziyouz.com кутубхонаси
102 ўлимга тайёрман, бошимга шлём кийсам бўлди. Мен Пушкиннинг “Ўша, булутдан юксак ҳужрага Худога қўшни бўлиб яширинсам” деган чақириғига кўра интилиб самовий ҳужрамни тарк этишдан олдин, яъни сўнгги қадам ташлашимдан илгари мени кўриб ва эшитиб турган барча одамларни ишонтириб айтмоқчиманки, сайёрага зондаж-нурлар тарқатиб турган барча асбоб-ускуналарни ўз қўлим билан йўқ қилдим. Барча ҳисоб-китоблар, тадқиқотлар, тадқиқотлар билан боғлиқ барча ёзувлар, Кассандра тамғаси феномени билан алоқадор жамики нарсалар йўқ қилинди. Буларнинг ҳаммаси йўқолди. Буларнинг ҳаммаси ўзим билан бирга кетади. Бундан буён хотиржам бўлинглар. Эҳтимол, инсон тафаккури қачонлардир бу ҳодисага яна қайтажак, лекин бу биздан кейин бўлади, бу келажакнинг иши. Ҳозирча эса ҳаммаси фалакнинг гардиши билан давом этаётир. Ҳеч қандай изсиз. Мендан кейин кимдир орбитал станцияни кўздан кечирадиган бўлса, бир нарсага кўзи тушиши мумкин. У ҳам бўлса менинг ўз ҳаётим ҳақидаги ёзувларим, самовий роҳибнинг тақдир, вақт тўғрисидаги, кассандра-эмбрионларнинг қандай қилиб ва нима учун менга ошкор бўлиб қолганлиги тўғрисидаги мемуарлардир. Ўзимдан қолдирганим фақат шу. Агар, ўғлим Энтони Юнгер борди- ю булар сенга маъқул туюлса, ана шу ёзувларни мен сенга васият қилиб қолдираман. Қимматли Юнгер, кечирасан, сенга ўғлим деб мурожаат қилаётирман, бу менинг юрак амрим. Тақдиримдан розиманки, одамлар олдида сени ўғлим деяётирман. Менинг ҳаётим шундай кечдики, фарзандсиз қолдим ва охир-оқибатда, сўнгги лаҳзаларда Энтони Юнгер деган ўғлим бор деб ўйлайман. Зал жим бўлиб қолди. Яна Филофейнинг овози янгради: — Мени афв этасизлар, одамлар! Видолашиш пайтида ҳаммасини айтолмайсан. Лекин бир нарса ҳақида индамасдан тура олмайман. Мени кўпинча сохта роҳиб, сохта Филофей деб аташган. Ҳа, бу тўғри. Ҳеч ким мени роҳиб бўлиш учун сочимни қирққан эмас, менга ҳеч ким Филофей деб исм бермаган. Лекин гап черков маросимида эмас, гап тақводорликдадир. Бу соҳада мени тўғри тушунишларини сўрайман. Вақт етди. Сизлар билан видолашаман. Ер куррасини экранлардан бирида бутунисига кўриб турибман — сайёрамиз коинот бўшлиғида сузиб юрибди, иккинчи экранда эса айрим-айрим манзаралар йирик қилиб кўрсатилаётир — унда ҳатто дарахтлар, ўтлар, тошлар кўзга ташланади. Бирдан қандайдир ғалати, ҳозирча тушуниб бўлмайдиган манзара пайдо бўлди. Агар орбитал монитордаги манзараларни ердагиларга олиб кўрсатиш техникавий жиҳатдан мумкин бўлса эди. Сиз ўша манзарани ўз кўзингиз билан кўрган бўлар эдингиз. Қаранг, қаранг, мана экран менинг ёнимда, ўнг томонимда турибди, қаранг экранда денгиз, бу уммон — Атлантика океани! Қаранг, соҳил яқинидаги саёз қирғоққа қандайдир даҳшатли тўлқинлар ёпирилмоқда ва нима бўлаётганини кўриб турибсизларми?! Китларни кўраяпсизми?! Ман шу китлар, бир гала бўлиб сузиб юришибди. Улар тоғларга ўхшаб океандан сузиб чиқишмоқда, қаранг, вой-бўй даҳшат. Ёпирай, Тангрининг қудрати билан китлар ўқдай сузиб келиб ўзини қирғоққа отмоқда! Улар нималар қиляпти? Булар ўзини ўзи ўлдирадиган китлар-ку! Уларга нима бўлган? Нима учун сувдан чиқади? Нима сабабдан ҳалок бўлишни хоҳлаб қолишади. Бунинг боиси нимада? Китларни шундай қилишга нима мажбур этаётир? Қандайдир ёвуз куч, қандайдир даҳшат ўлимга мажбур қилаётирми? Ёки бу кейинги қилмиш-қидирмишларимиз билан боғлиқмикин? Ўзларини ўлимга маҳкум қилган китларнинг нима учун шундай қилаётганини тушунаётгандайман. Афсуски, бу ҳодисанинг туб сабабини чуқурроқ ўргана олмайман, ҳаётнинг ана шу ғаройиб жумбоғининг сирини билиб олиш учун энди вақт йўқ. Роберт Борк ҳам худди шу аҳволга тушиб қолган эди. Унинг мақоласини ўқир эканман, тафаккурининг нақадар теран эканлигини туйдим. Шу билан бирга матн ортида айтиб улгурилмаган яна қандайдир фикр бор эди. Мен бир-биримизга дилимизни очамиз ва Руҳни янгичасига тушуна бошлаймиз деб умид қилган эдим. Бироқ бу насиб қилмади. Китлар ҳам худди шу аҳволга тушиб қолган. Уларнинг тили бўлганда эди, кўп нарсаларни билиб олган бўлур эдик... Лекин мен учун энди кеч бўлди... уларнинг нолаларини эшитаётганга ўхшайман. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling