Microsoft Word kr turkiston qayg'usi ziyouz com doc
Download 1.69 Mb. Pdf ko'rish
|
True (1)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Kutubxonachi.uz - @KutubxonachiUz
ЗУЛМХОНА Бу йўлдан (Шарқий Туркистонга ўтолмасдан) қайтиб келгач, ҳозирча, душман қўлига тушмаган бўлсак ҳам, кўз тутқан умидларимиз бўшқа (бўшлиққа, йўққа, бекорга) кетганликдан ўз ватанимиз душман қафасидай кўринмиш эди. Шундай бўлса ҳам, бошқа чора тополмагач, ҳеч кимга туйдирмай, қирқ кунча шу ерда турдим. Сўнгра Сўқулуқдаги тунгон шогирдларимиз хабар топишиб, ёширинча мени олиб кетдилар. Тунгон халқининг бизга кўрсатган яхшиликлари кўп эди. Бунга қарши улар учун Аллохдан яхшилик сўрашдан бошқа ҳеч нарса қилолмадим. Булар ичида ўз оиламда турганимдан ортиқроқ бўлиб, икки-уч ой ўтказганимдан кейин қаёқдан англамишдир совет давлатининг уч ҳарфлик ГПУ жаллодлари марҳум Олимхон тўра акамизни чақириб: «Укангиз Алихонтўра чегарадан ўтолмай қайтиб келиб, Сўқулуқ тунгонлари ичида ёшириниб ётган эмиш. Биздан киши қочиб қутулолмайди. Сиз бориб бирга олиб келинг, унга яхшилик қиламиз», деб юбормишдир. Келмасга чоралари йўқ, келиб кўришган сўнггида яна қочиб қутулишим мумкин бўлса ҳам, акамни аяганимдан нима бўлса ҳам, ўзим кўрай деб биргаликда Пишпекга келдим. Эртаси куни кўзимизга жаллодхонадек кўринган идораларига мажбурий равишда кириб кўришганим сўнггида, ўзларидан ҳеч кутулмас даражада юмшоқ муомала кўрсатган бўлишиб, мени тузоққа тушурмоқчи бўлдилар. Шу идора маккорларидан бири бизнинг сафаримизда бўлган воқеаларни бошдан Туркистон қайғуси. Алихонтўра Соғуний Kutubxonachi.uz - @KutubxonachiUz оёқ қолдирмай сўзлаб беришни мендан сўради. Мен ҳам «Ан нажоту фиссидқи», яъни «нажот чинликда» деган ҳадисга мувофиқ, бир ойлик сафар ичида уйдан чиққан кунимиздан бошлаб ўтган ишларни гапириб бердим. Шундоқ бўлса ҳам оғиздаги сўзимга қаноат қилмай, шуларни бир икки кун ичида ёзиб келтиришимни топшириб, менга рухсат қилди. Унинг деган кунидан қолдирмай, айтган сўзларимнинг барини ёзиб келтирганим сўнггида, уйга бориб оилам олдида 15 кун дам олиб, қайтиб келишга буюрди. Бироқ мени ўз хизматларига кўндирмоқчи бўлиб, қирғизлар қишлоғи Чийқўрғон деган ердаги кишилар устидан ёширин маълумот тўплаб келтиришимни менга топширдилар. Энди бу малъунларнинг топшириқларини бажарганимда, ўзим ишонган муқаддас Қуръон ҳукмига қарши ишлашга тўғри келар эди. Шунга кўра бу йўлда ҳар қандай оғирчиликлар бўлар экан, ислом ҳурматини сақлаш учун, бу золим ваҳшийлар топшириқларининг бирортасини ҳам ўринлатмасдан (бажармасдан) қайтиб келдим. Эртаси куни у билан кўришганимда хизмати бажарилмаганини англаши билан, у кофирнинг туси ўзгариб, ғазаби қўзғалган бўлса ҳам, худо сақлаб, бошқаларга қиладурғон уруш-қийнаш одатларини менга қилишга журъат этмади. Шу билан аҳвол ўзгарганича иккинчи бўлимга чиқиб, бизнинг устимиздан зулм қарорини юрғизиш кенгашини ўтказиб, бир ой вақт ўтгандан сўнгра, уч қават бинонинг энг остқи қаватида, ер устидан тўрт метрча чуқурликда бўлган, ёлғиз ётоқ камерага мени тушириб қамаб қўйдилар. Чирқиллаган қиш кунининг чилла совуғида, ости усти муздай ялтираб ётган ер ости зиндонига киргач, ўзимни ҳаёт оламидан бошқа бир дунёда тургандай бўлиб сездим. Бу каби даҳшатлик ўринга қиш чилласи рамазон ойида, рўза оғиз кирган эдим. Шу кундан бошлаб турма қозонидан ош ичмасга шарт боғлаб, оғиз очарда, саҳарда қуруқ нон, қайноқ сувга қаноат қилдим. Ўт кўрмай, иссиқ ичмай, рўза тутиб, ёлғиз ётар уйда шу каби қийинчиликлар билан 13 кун ўтказганим сўнггида, ленинградлик бир рус йигитини кечаси менинг устимга киргизиб қамадилар. Қиш кунининг совиғи, ётоқ тўшак етишмаслиги, бунинг устига кўндаланг ётсак оёқ узалмайди, узунига ётганда икки киши сиғмайди, қиш чилласи бўлиб, оёқ совуққа чидамайди. Бу даҳшатли аҳволни кўргач, ўзи ҳам қийинчилик кўрмаган бой боласи бўлиши керак, ачинган кўзи билан менга қараган ҳолда: «Бу азобхонада турганингга неча кун бўлди?», деб мендан сўради. «13 кун бўлди», деганимда бошини чайқаб, менга ичи оғриганини билдирди. Шу билан қиш куни узун кечалари совуғига чидамай, ярим тунгача камера ичида икковимиз навбатлашиб юриб турдик. Бунга ўхшаган хўрлик азобини кўрганига чидаёлмаган бўлса керак, чой ўраган бир парча қоғозга хат ёзиб, қоровул аскарга топширди. Менга қараб: «Бундай оғир аҳволда турганимиздан ўлганимиз яхши. Мен очдан ўлишга розилик билдириб, ариза бердим», деди. Бир икки соат ўтар ўтмас камерага комендант бурутини (мўйловини) шоптай (тикка) қилиб, «Ким очлик билдирган киши?», деб ҳайбат билан устимизга кириб келди. «Мен эдим» деб ўрнидан тургач, шу ўхшаш кишиларга аталган ёлғиз ётоқ уйга уни чиқармоқчи бўлди. Менинг ётқанимга ҳам 13 кун бўлмиш эди. Бундай оғир ўринда 10 кундан ортиқ ушламаслигини эшитган эдим. Шунга кўра, совуқ қаттиқлигидан тан соғлиғим бузила бошлади. Шуни кўрсатиб: «Мени кўпчиликка қўшсанглар», деб комендантдан илтимос қилдим. «Юқоридаги сени қамаган кишилар билан сўзлашиб, сўнгра жавобини бераман», деди. Шу билан бир кечалик йўлдошимни олиб чиқиб кетдилар. Оз бўлса ҳам ғамхўрлик кўрсатган қайғудошимдан ажраб, яна совуқ хонада ёлғиз қолдим. «Ҳа, энди, бир баҳона сўз айтиб чиқиб кетган киши мени қайдан эсласин», деб ўйлаган бўлсам ҳам, хиёл ўтмай келиб, кўпчилик ичи саккизинчи камерага чиқазиб қўйди. Қарасам, 6у ер кўзимга бошқа бир олам кўриниб, муз хонадан мўнчага (ҳаммомга) киргандай бўлиб қолдим. Бу камерада менга йўлдош бўлғудек бир қирғиз, икки рус бўлиб, Тўқмоқлик бўлганликлари учун мени яхши танир эканлар. Улар билан сўзлашиб ўлтирдик. Шу куни ифтор вақти оғиз очаримда, топганимни олдимга қўйиб, қайноқ чой, юмшоқ нон келтиргач, «Ҳай, дунёда бундай жойни ҳам кўрар кунимиз ҳам бор эканку», деб шу ғурбатда роҳатланган бўлиб ўлтирдик. Бир неча кун ўтгандан сўнг мени ён қўшни камерага кўчирдилар. Қарасам, бу ерда ўзимнинг сафар йўлдошларимдан тўрт қирғиз ўлтиришган экан. Бир бирларимизга кўзимиз тушгач, туғишган қардошларча қувониб кўришдик. Чунки булар қор, музлик тоғлар, тошлар орасида қочиб юрган кунларимиздаги қайғу қардошларимиз эди. Б а й т: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling