19
Мен пешонамни тиззам қўйдим. Энтикиб нафас олдим.
Қаҳримдан қайтдим. Ҳовуримдан тушдим.
20
Ичкаридан катта дўхтир ташқарилаб келди.
Мен бир вақтлар яхшилик кўрдим — шу одамдан кўрдим. Яхши гап эшитдим—шу одамдан
эшитдим.
Шу боис — лик этиб жойимдан турдим. Қўлларимни қовуштириб турдим.
Катта дўхтир елкамга кафт қўйди. Мени жойимга ўтирғизди.
Ўзи-да — қабатим ўтирди. Қўлини қўлим қўйди.
Дўхтир — дўхтирдай дилтанг-дилтанг бўлиб ўтирди.
Ўтирди-ўтирди — қайғудош ҳамроз бўлди:
— Деҳқонқул, —деди. —Тағин, мендан ўпка-гинадор бўлма. Мен бир фақир дўхтирман.
Энди... касалингни олиб кетадиган бўлдинг.
— Аёлимизними? Қаёққа олиб кетаман?
— Билмасам, қаёққа олиб кетасан.
— Ё,
тузалиб қолдими?
— Қаёқда тузалади, энди келди-ю...
— Унда, қаёққа олиб бораман?
— Ўзинг биласан. Биз биринчи ёрдамни кўрсатиб бўлдик. Энди, касални даволаш керак. Биз
даволай олмаймиз. Бизнинг касалхонамиз куйганларни даволамайди.
— Куйганларни қаерда даволайди?
— Куйганлар учун алоҳида касалхоналар бор.
Тошкентда бор. Москвада бор, яқин йўл десанг, Душанбадаям бор. Касалингни олиб кет, биз
бошқа сақлаб туролмаймиз. Фақат, тезроқ олиб кет, бўлмаса, кеч бўлади...
— Эб-е, у нима деганингиз? Қаёққа олиб кетаман? Қандай олиб кетаман?
— Билмадим, Деҳқонқул, билмадим.
— Буёғи ура-ура пахта вақти бўлса. Пахта нима бўлади? Ўзи, бу кимдан чиққан аҳмоқлик?
— Уёғини катталардан сўрайсан. Мен бир дўхтирман.
— Қани ўша... катталар?
Забт билан ичкари жўнадим.
Катта дўхтир қўрқиб қолди. Кўзлари катта-катта бўлди. Белимдан қўшқўллаб қучоқлаб
олди.
— Ҳай, Деҳқонқул, ҳай! — деди. — Эсингни йиғ! Барака топ, ўтир!
Катта дўхтир мени жойимга қайтариб ўтирғизди. Ҳарсиллаб-ҳарсиллаб нафас олди.
— Ёмон экансан, Деҳқонқул, ёмон экансан, — деди.
— Ўзингиз айтдингиз-ку, катталардан сўрайсан, деб!
— Айтдим-қўйдим-да! Катталарни олдида нима қиласан?..
— Каллапойча қиламан!
Катта дўхтир сесканиб тушди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |